«Саодат»да ватанли бўлиш саодати

    Инсонда истаклар кўп, орзу-умидлар бисёр. Бир орзу амалга ошгач, бошқасининг рўёби учун ҳаракат бошланади, бир умид ушалса, ортидан янгиси бўй кўрсатади. Шундай орзу борки, унинг амалга ошиши қалбга ҳаловат ва хотиржамлик туйғусини жо этади. Бой берилган йиллар-у ўйларнинг чандиғи лаҳзалар ичида битади, кўрилган қийинчиликлар ўрнини фароғатли дамлар эгаллайди. Бу ватанда «кичик ватанли» – уйли бўлиш бахти.

    Бугун мамлакатимизда янгиланишлар даври ҳукмрон. Неча йиллардан буён уйсиз сарсон жонлар, бу эшикдан унисига, унисидан бошқасига кўчиб, қўним топмаган, ижара уй эгасининг қовоқ-тумшуғи билан муроса қилиб яшашга мажбур оилалар ўз турар жойига эга бўлмоқда.

    Уйлининг ўйи бўлмас

    Чирчиқ шаҳрининг Саодат кўчасида қад ростлаган замонавий ва кўркам уйларга куни кеча бир гуруҳ юртдошларимиз – Ватанимиз ва халқимиз осойишталиги учун тунни кунга, кунни тунга улаб, ҳалол хизмат қилаётган ҳарбийлар оиласи кўчиб ўтди. Меҳнатлари эвазига ҳукуматимиз томонидан муносиб рағбатлантирилган, байрам арафасида совғага уй олган ҳарбийлар уйида байрам бугундан бошланди.

    Ҳарбий оркестр ва миллий ансамбль жамоаларининг мусиқа садолари остида оилалар янги уйлар ҳовлисида жам бўлди. Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокир Сайфиддинов ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари янги уй эгаларига калитларни топширди. Ҳарбийларнинг фарзандлари учун китоблар жамланмаси ҳам туҳфа этилди. Айни қиш чилласи, қор элаб турганига қарамай ҳовлидаги болалар майдончаси бир зумда кичкинтойларнинг қувончи, бахтиёр қийқириқлари билан тўлди. Айни лаҳзаларда янги хонадон эгаларининг қувончига шерик бўлишни истайди одам.

    – Саккиз йилдан буён Чирчиқ шаҳрида яшаб, шу ерда хизматни ўтаб келяпман, – дейди Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти взводи командири Ўроль Нурматов. – Асли Самарқандда туғилиб, вояга етганман. Бир қиз, икки ўғил фарзандимиз бор. Ижарада яшашнинг ўзига яраша қийинчиликлари, азоб-уқубатлари бўлар экан. Бу борада оила боши сифатида эркак киши зиммасида катта юк туради. Оиламдагилардан кимнингдир кайфияти бузилса ёки тоби қочса ҳам кўнглимнинг туб-тубида ўзимни айблайман. Ўз уйингиз бўлса, истаган пайти рўзғорингиз учун керакли маиший техника воситаларини сотиб оласиз. Уйни ўз дидингизга қараб таъмирлайсиз. Ижара уйда истиқомат қилсангиз, бундай мақсадларни орзулайсиз, холос. Баъзан шундай вазиятлар бўладики, ижара уйнинг музлаткичи эски, янгисини олай десангиз, эскиси жой эгаллаши кўнглингизни хижил қилади. Боз устига, уй эгаси сизнинг бу уйга нимадир олиб киришингизни истамайди. Яна бир томони «кўч-кўч»ларда янги техника воситаси урилади-сурилади, сири кўчади, хуллас, шикаст ейди. Шундай пайтларда ўз уйим бўлса, рўзғорни тўкис қилиб қўйсам эди, деб орзу қилганман. Фарзандлар улғая бошлагач уларга ҳам шароит яратиб берай дейсиз. Ота-она, қариндош-уруғ, ошна-оғайнингизни бемалол меҳмонга чақирай десангиз, улар ҳам сизнинг кўнглингизни авайлайди, бегона уйда ҳаловатини бузмайлик, дейди.

    Уй калитини олгач ота-онам кўз олдимга келди. Бизни дуо қилиб, тарбиялаб элга қўшгани учун ота-онамга ҳукуматимиз томонидан ажойиб туҳфа бўлди, деб хурсанд бўлдим. Президентимиз, Олий Бош Қўмондонимиз Шавкат Мирзиёевнинг бизга билдирган ишончи ва қўллаб-қувватлаши руҳимизни кўтарди. Бу эндиликда уй ташвишини қилмай хизматга астойдил камарбаста бўлишимизга имкон беради.

    «Ўн еттита ижара уйда яшадик...”

    Танаси бошқа дард билмас, дейди доно халқимиз. Халқ билиб айтади, жисм-у жонидан ўтказиб, сўнг дилидагини тилига чиқаради. Аёл сифатида ижара уйнинг «сувини симириб, тошини кемирган» дугоналаримнинг унча-мунча ҳасратига кўникканман. Бироқ «шу кунгача кўп ижара уйда яшадик», «ижара уйдан мана шу сабаб чиқариб юборишди» каби гапларга кўпда ишонмасдим. Чунки уларнинг айнан шу дардини яшамаганман, изтиробини чекмаганман. «Саодат»дан уй теккан ўзим тенги Сурайёни янги уй билан қутлаб, унинг таассуротлари билан ўртоқлашмоқчи бўлдим.

    Сурайё Тўйчибоева:

    – Турмуш ўртоғим Ҳаво ҳужумида мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмда ишлайди. Жиззах вилоятида хизмат вазифасини ўтаётган йиллари танишиб, турмуш қурдик. Мана, ўн бир йилдирки, бир-биримизнинг қувончимизни ҳам, ташвишимизни ҳам бегона қилмай икки қизни тарбиялаб келяпмиз. Бугун умримнинг энг гўзал ва ҳамма ҳавас қилишини истайдиган куним, десам муболағага йўйманг. Боиси биз ўтган йилларимиз давомида уйдан-уйга кўчавериб, сарсону саргардонликнинг ҳадисини олдик. Айтсам кўпчилик ишонмайди, бироқ 17 та ижара уйда «мезбон» бўлдик. Бир уйдан қизларимизнинг девор гулқоғозига расм чизиб қўйгани туфайли кўчишга мажбур бўлган бўлсак, бошқасидан уйимизга кўп меҳмон таклиф қилганимиз учун «ҳайдалдик». Янги жойга ўтсак, ҳали ўрнашиб улгурмасимиздан уй эгаси уйни сотувга қўйганини айтиб, бизни шоширади. Бу билан ижара берувчиларни айблаш фикридан йироқман, чунки ҳамма ҳам тер тўкиб қилинган меҳнати эвазига келган уйининг оҳори тўкилмаслигини истайди. Улардан меҳр кўрган кунларимиз ҳам кўп бўлди. Бироқ пешонамизга ўтган давр кўчиб юриш йиллари сифатида ёзилган экан. Мен бу савобли ишга бош қўйган барча-барчага ташаккур айтиб чарчамайман. Чунки шу уй туфайли биз энди сарсонликдан қутулдик. Қизларимизни қишнинг қаҳратони, ёзнинг саратонидан асраш учун бизнинг ҳам бошпанамиз бор. Бизнинг изтиробларимизни сезган Президентимиз турмуш ўртоғимни уй билан сийлади.

    Бу каби қувонч Саодат кўчасидаги 6 уйдан ўрин олган 180 хонадонда ўзига хос, турли кўринишда бўй кўрсатмоқда. Бугун мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда янги турар жойлар қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур йўналишдаги ўзгаришлар инсонларнинг ҳаётдан розилиги ҳамда эртанги кунига ишончини мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатяпти. Буни янги уйга кўчиб ўтган юртдошларимизнинг нигоҳидан илғаш қийин эмас.

    Башорат ЮНУСОВА

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates