Бу ҳақда Ўзбекистон фуқароси Д.И. Бош консулхонага ариза билан мурожаат қилди, деб ёзади "Дунё" АА.
Мурожаатчи уларни Ўзбекистонга қайтариб юбориш масаласида амалий ёрдам сўраган.
Таъкидланишича, тақдим этилган авиачиптага биноан, зиёратчилар жорий йил 15 cентябрь куни Умра ибодатларини якунлаб, Ватанга қайтишлари керак бўлган.
Бироқ сайёҳлик фирмаси томонидан зиёратчиларнинг Ватанга қайтиб кетмаслик сабаби тушунтирилмаган, фақат яқин кунларда Ўзбекистонга қайтиб кетишлари мумкинлиги айтилган. Зиёратчиларнинг аксарияти ёши кексалар ва аёллар бўлгани туфайли улар ваҳимага тушиб қолган.
Бош консулхона вакиллари сайёҳлик компанияси масъул ходими билан боғланиб, зиёратчиларни хавфсиз ва тез фурсатларда Ўзбекистонга қайтариш масаласини муҳокама қилди.
Фирма вакилларига кўра, авиачипталарга масъул ҳамкорлар билан юзага келган баъзи муаммолар боис, зиёратчиларга олдиндан режалаштирилган йўналишга авиачипталарни ўз вақтида сотиб олишнинг имкони бўлмаган.
Вазият Бош консулхона томонидан назоратга олинди ва фирмага зиёратчиларни меҳмонхона билан таъминлаш ҳамда авиачипталар харид қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Барча ҳамюртларимиз вақтинча Макка шаҳридаги "Samaa Al-Misk Hotel" меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Олиб борилган музокаралар натижасида сайёҳлик фирмаси томонидан зиёратчилар учун авиачипталар харид қилинди. Зиёратчилар 17 сентябрь куни "Fly Khiva" авиакомпаниясининг "Мадина – Тошкент" йўналишидаги самолёти билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.








