Сайғоқ — Ўзбекистон Қизил китоби ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN)) Қизил рўйхатига киритилган, йўқолиб бораётган ноёб ҳайвон тури ҳисобланади. Сайғоқлар Устюрт платоси, Шарқий ва Жанубий Қорақалпоғистон, қуриб қолган Орол денгизи тубининг чўл ва ярим чўл ҳудудларида яшайди. Илгари сони кўп бўлган ва Қизилқум, Сирдарё дарёси қирғоқларида, жумладан, Фарғона водийсининг текислик қисмида ҳам яшаган. 1990 йилдан бошлаб унинг сони 99,5%га камайган.
Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларидан кўчиб келадиган ҳайвонлар сони ҳар йили об-ҳаво шароитига қараб ўзгаради. 2016 йилда трансчегаравий Устюрт популяцияси сони 1900 бошни ташкил этган. Ҳозирда эса “Ярим-Орол“ ва Орол денгизининг қуриган ҳудудлари тубида тахминан 200 сайғоқ қолган.
Маълумот учун: “Оролқум“ Миллий табиат боғи 2022 йил март ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ташкил этилган. Бу ҳудудда 25 хил ҳайвон яшайди, улардан 4 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Орол ҳудудида энг кенг тарқалган ҳайвон бу — сайғоқдир.