Хусусан, «2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилиб, унда келгуси йилда Давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,9 триллион сўмни ташкил этиши қайд этилди.
Шунингдек, сенаторлар Қонун юзасидан муҳокамаларда бюджет даромадларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиб, яширин иқтисодий фаолиятни қисқартириш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ажратилган маблағлар натижадорлигини таъминлаш юзасидан фикр билдирди.
Кейинги йилда ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади ва таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ҳамда спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг 50 фоизи ёки 151,5 триллион сўм йўналтирилади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни муҳокамаси жараёнида таъкидланганидек, ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига солик органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солик аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловларни бекор қилишни ҳамда судга шикоят қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Шунингдек “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинаётганлиги қайд этилди.
Ушбу Қонун тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилганлигини ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини инобатга олиб, Қонунни навбатдаги Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритиш белгиланди.
Шунингдек, Қўмита мажлисида Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” ижроси муҳокама этилиб, унда мазкур вилоятларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ва бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳолати муҳокама этилди.
Хусусан, Инвестиция дастурлари доирасида Наманган вилоятида 705,4 миллион долларлик 1 072 та ҳамда Фарғона вилоятида 518,1 миллион долларлик 1 016 та лойиҳа ишга туширилган, ҳамда Наманган вилоятида 639,5 миллион долларлик ва Фарғона вилоятида 827,8 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Наманган вилоятида 83 та, Фарғона вилоятида эса 76 та объект фойдаланишга топширилган. Бандлик дастури ижроси доирасида Наманган вилоятида 541,3 минг ва Фарғона вилоятида 558,6 минг кишининг бандлиги таъминланган.
Шу билан бирга, мажлисда аҳоли бандлигини таъминлаш режасини сифатли бажарилишини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағларидан самарали фойдаланилишига эришиш борасида ҳудудлардаги ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.
Қўмита мажлисида масъул вазирлик ва идораларга вилоятларда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, муқобил энергияни жорий этиш, сув тежовчи технологияларни ўрнатиш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди ҳамда бу борада қатор таклифлар билдирилди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.