Парламентларнинг аёл спикерлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирокида ўтган Саммитда аёллар етакчилиги, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, инклюзив сиёсатни илгари суришга оид қатор масалалар муҳокама этилди. Барқарор тинчлик ва барқарорликни таъминлашда парламент аъзолари бўлган хотин-қизларнинг ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Саммитнинг биринчи сессияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Т.К.Нарбаева маъруза қилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» резолюциясининг асосий қоидалари ишлаб чиқилган ва татбиқ этилаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган миллий стратегияда ўз аксини топганини таъкидлади.
Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясида тақдим этилган «Гендер тенгликка эришамиз: ҳаракатлар кетидан ҳаракатлар!» шиори остида гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал кампанияни илгари сурган илк мамлакатлардан бири бўлгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Саммит давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтириш, гендер тенглик ва тинчлик масалалари бўйича барқарор ҳамда мунтазам парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган таклифлар билдирилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.









