Сенат Раиси Сирдарё вилоятида бўлди

    Мамлакатимизда 19 феврал 2024 505

    Жорий йил 16-17 февраль кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Сирдарё вилоятининг Гулистон, Боёвут, Мирзаобод туманлари ҳамда Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, иқтисодиёт объектлари, маҳаллаларда бўлиб, аҳоли вакиллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бевосита мулоқотлар ўтказди.

    Сенат Раиси вилоятга амалий ташрифини Гулистон шаҳрида хотин-қизлар ўртасида ўтказилган веломарафондаги иштирок билан бошлади.

    Мазкур мусобақа шаҳардаги И.Каримов ва Гулистон кўчалари бўйлаб ўтказилиб, иштирокчилар қарийб 3 километр бўлган масофани велосипедда босиб ўтди.

    Меҳнат жамоалари, маҳалла аёллари ва уй бекалари ўртасида ўтказилган ушбу беллашув ғолибларини тақдирлаш маросимида Сенат Раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Нарбаева бугунги кунда юртимизда спортга берилаётган эътибор, спортнинг оммавийлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, чекка-чекка ҳудудларда ҳам барча жаҳон андозаларига тўла мос келадиган спорт иншоотлари барпо этилиб, аҳоли ихтиёрига топширилаётганлиги, аёлларимиз бундан унумли фойдаланган ҳолда мунтазам спорт билан фаол шуғулланишлари ва буни ўз маҳалларида ҳам доимо тарғиб қилишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.

    Шундан сўнг Т. Нарбаева Гулистон шаҳаридаги Республика ихтисослаштирилган “Она ва бола саломатлиги” илмий амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашди.

    Мулоқот давомида оналар ва болалар саломатлиги учун масъул бўлган соҳа ходимлари олдида турган вазифалар ҳамда сифатли тиббий хизматни ташкил этишда юзага келаётган масалалар юзасидан шифокорларнинг фикр-мулоҳазаларига эътибор қаратилди.

    Гулистон туманига ташриф доирасида “Зарбдор” маҳалласи ҳудудида жойлашган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар, дарс жараёнлари билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан самимий суҳбатлашилди. 2022 йилда ташкил этилган 176 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабда айни пайтда 110 нафар ўқувчига таълим бериб келиняпти.

    Эътиборли жиҳати, таълим масканида ўқувчиларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли тўгараклар ҳам ташкил этилган. Ўқувчилар таълим олиш билан бир пайтда пазандачилик, тўқувчилик, рўзғорда керак бўладиган турли буюмларни ясашга ҳам ўргатиляпти.

    Сенат Раисининг навбатдаги ташриф манзили Боёвут туманидаги “Учтургон” маҳалласида жойлашган 1-сонли спорт мактаби бўлди. Бу ерда спортчиларнинг шуғулланиши учун яратилган шароитлар, спорт бўлимларининг фаолияти билан танишиш асносида спортчи ва мураббийлар, туман “Чавандозлар мактаби”да шуғулланаётган чавандоз аёллар билан самимий суҳбат қурилди.

    Шунингдек, Боёвут тумани ҳокимлигида Боёвут, Ховос туманлари ва Ширин шаҳри депутатлари билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз Президенти томонидан яқинда имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифаларга эътибор қаратилди.

    Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилгани таъкидланди.

    Ўз навбатида депутатлар маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

    Кейинги йилларда Сирдарё вилояти саноатлашиб боряпти. Янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиб, йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Бу жараёнда албатта, энергияга бўлган талаб ҳам табиий равишда ошиб боради.

    Ширин шаҳрида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган электр станцияси ана шу талабни қондириши билан аҳамиятли. Т.Нарбаева вилоятга ташрифи давомида станция фаолияти билан яқиндан танишди.

    Айни пайтда Сирдарёда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллалардаги фаол хотин-қизлар ўртасида “Сен азиз ва муқаддассан аёл” шиори остида кўрик танлов ўтказиляпти. Сенат Раиси Ширин шаҳридаги Ёшлар марказида 10 та йўналиш бўйича ўтказилган шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди.

    Тадбирда вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган танлов ғолибларига фахрий ёрлиқ, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

    Шундан сўнг Ширин шаҳар “Ватанпарвар” маҳалласи фаоллари ва ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган ҳарбийларнинг оилалари билан учрашув ўтказилди.

    Бугунги кунда вилоятда 78 минг нафар нуроний истиқомат қилади. Т.Нарбаева Мирзаобод туманида “Нуронийлар маскани”нинг очилиш маросимида иштирок этиб, ёшлар тарбиясида нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги иштироклари хусусида дилдан суҳбат қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates