«Шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон ҳудудида доимий муассасаси бўлган норезидент юридик шахслар ҳам баландликларда саноат альпинизми усулларида таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишлари мумкин. Лицензия олиш учун мурожаат этиш муддати 15 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.
Шунингдек, ҳужжат билан шаҳарсозлик соҳасидаги айрим лицензияларни олиш учун талаблар кучайтирилмоқда.
Масалан, кўприклар ва туннелларни лойиҳалаштиришда лицензия олиш учун ташкилот штати камида 15 нафар мутахассисга эга бўлиши лозим, шулардан асосий иш жойи сифатида ишловчи:
- директор;
- соҳа бўйича олий маълумотга ва лойиҳалаштириш соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга 3 нафар лойиҳа бош муҳандиси;
- бош архитектор;
- 2 нафар технолог;
- 2 нафар конструктор.
Лицензияни, шу жумладан, чет эл (доимий муассасаси мавжуд) юридик шахслар олишлари мумкин. Кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқармоқда.
Шунингдек, қуйидаги фаолият бўйича лицензияларни олиш учун талаблар кучаяди:
- кўприклар ва туннелларни қуришга;
- хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича.
Янги лицензия талаблари 2024 йил 1 мартдан кучга киради, унга қадар тегишли лицензияга эга ташкилотлар ўз фаолиятини янги талабларга мувофиқлаштиришлари лозим.
2024 йил 1 апрелдан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмаган ҳолда қурилган бино ва иншоотлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 25 ноябрдан кучга кирди.