Шавкат Мирзиёев: Ҳар қандай мукофот эл-юрт эътирофи, Ватан ишончидир

    Ҳукумат 30 август 2022 10494

    Президент Шавкат Мирзиёев Кўксаройда мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан тақдирланганларга давлат мукофотларини топширди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ, давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан кўплаб ватандошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Шунингдек, мамлакатимиз билан ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган катта ҳиссаси учун бир гуруҳ чет эл фуқаролари “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

    30 август куни Кўксаройда мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди.

    Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами ва мукофотлар билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

    – Давлатимизнинг олий мукофотларини сиз, азизларга топшириш мен учун ҳам катта шараф. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жойларда мукофотларни қабул қилиб олаётган юртдошларимизни чин юракдан табриклайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Шу кунларда халқимиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигини катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда. Бобо-момоларимиз буни неча юз йиллик тарихи давомида орзу қилиб, озодликка интилиб яшаган. Истиқлолга эришиш – эл-юртимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган буюк воқеадир. Бу ғоя, бу руҳ халқимизга ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келмоқда.

    Бугун мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда, улкан режа ва дастурлар амалга оширилмоқда. Президентимиз мукофотланганларни ана шу ислоҳотларнинг ташаббускорлари, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари деб атади.

    – Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун сизларнинг олижаноб ва мардона меҳнатингизни халқ муносиб баҳолаяпти, давлатимиз қадрлаяпти. Ҳамма сизларга ҳавас билан қарайди, – деди Президент.

    Кейинги пайтларда дунё таҳликали бўлиб бораётгани, рақобат кескин тус олиб, иқтисодий алоқаларда узилишлар бўлаётгани ҳақида фикр билдирилди.

    – Бу мураккаб шароитда етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб иш тутишимиз керак. Ташқи сиёсатимизни шундай тузаяпмизки, бизнинг яккаю ягона муддаомиз – Ўзбекистон манфаатини таъминлаш. Мақсадимиз – халқимизни рози қилиш. Бунинг учун имкониятлардан янада самарали фойдаланишимиз, жайдари қилиб айтганда, борини асраб, йўғини яратиб яшашимиз керак, – деди давлат раҳбари.

    Бугун халқимиз бир муштдек жипс. Ҳамма ўз соҳасида мамлакат ривожига ҳисса қўшмоқда. Мўътабар фахрийларимиз катта ҳаёт тажрибаси билан йўл-йўриқ кўрсатмоқда. Омилкор тадбиркорлар, деҳқон ва фермерлар, ишчи-муҳандислар мамлакатимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшмоқда. Илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаси вакиллари юртимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш йўлида фидойилик намунасини кўрсатмоқда.

    Маҳаллага тушиб, ишларни манзилли ташкил этиш – давлат идоралари фаолиятининг мезонига айланди. Маҳалла фаоллари бу ислоҳотларга қанот бўлмоқда. Хотин-қизлар юртимиздаги демократик жараёнларнинг, халқчил ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётир.

    Халқимиз умр мазмунини фарзандларида кўради. Шундай меҳр-эътибор билан улғайган ёшларимиз бугун ҳамма соҳада илғор бўлиб, мамлакатимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқмоқда.

    Мард ва жасур ҳарбийлар мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, эл-юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилмоқда.

    – Мен сизларни ўзимнинг энг яқин маслакдошларим, сафдошларим деб биламан. Барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистонни яратаётганимиз билан фахрланамиз. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб маррани катта олдик. Биз учун биттаю битта тўғри йўл, ягона мақсад бор: у ҳам бўлса, кўпмиллатли халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаати йўлида хизмат қилишдир. Мана шу қутлуғ йўлда барчангизга омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари мукофотларни тантанали равишда топширди.

    – Ҳар қандай мукофот бу аввало, эл-юрт эътирофи, Ватан ишончидир. Бугун кўксингизда ярақлаб турган орден ва медаллар барчангизга буюрсин, сизларни янги ютуқ ва марраларга чорласин. Илоҳим, мана шундай хурсандчилик кунларимиз кўп бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин, – дея тилак билдирди Президентимиз.

    Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

    Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, аёллар ва ёшлар иштирок этди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates