Шу йилнинг 22 сентябридан сайловолди ташвиқотига старт берилди

    Сайлов 20 сентябр 2024 329

    Депутатликка номзодлар рўйхатга олинди. Аввалги сайловларга қараганда номзодлар ҳам анча ёшарган. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёш.

    Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

    Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига мазкур сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган жами 500 нафар партия рўйхатидаги номзодни рўйхатга олиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

    Таъкидланишича, Миллий сайлов тажрибада илк маротаба бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзод кўрсатилди.

    Мажлисда қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу сайлов тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

    Аввалги сайловларга қараганда номзодлар ҳам анча ёшарган. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёш. Улардан 44,2 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 44,3 фоизи – 45-60 ёшдагилардир. Номзодлар орасида энг ёши 25 ёш. Номзодларнинг 99,3 фоизи олий маълумотли.

    Номзодлар орасида иқтисодчилар – 20,2 фоиз, педагоглар – 27,9 фоиз, муҳандислар – 7,9 фоиз, шифокорлар – 9,1 фоиз, ҳуқуқшунослар – 16,5 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 18,4 фоизни ташкил этади.

    Йиғилишда қайд этилганидек, ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар ҳам рўйхатдан ўтказилган.

    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ҳар бир партиядан номзодлар рўйхатга олинган бўлиб, депутатлик мандати учун 28 475 нафар номзодлар кураш олиб боради.

    Номзодларнинг 42,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 44,4 ёшни ташкил этиб, улардан 54,9 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 36,4 фоизи – 45-60 ёшдагилар бўлиб, вилоят Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 24 ёш. Туман Кенгашига номзодлар орасида энг ёши 21 ёш.

    Номзодларнинг 90,3 фоизи олий маълумотли.

    Номзодлар орасида педагоглар – 36 фоиз, иқтисодчилар – 15,8 фоиз, муҳандислар – 9,6 фоиз, шифокорлар – 9,4 фоиз, ҳуқуқшунослар – 3,3 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 25,9 фоизни ташкил этади.

    Мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам номзодлар орасида бор. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга номзодларнинг 973 нафари тожик, 588 нафари қозоқ, 146 нафари туркман, 141 нафари қирғиз, 67 нафари рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.

    Номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар инклюзивликка ҳам алоҳида эътибор қаратганини кузатиш мумкин. Жумладан, Қонунчилик палатаси сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 11 нафар ва маҳаллий Кенгашлар сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Бундай юқори даражадаги инклюзивлик биринчи маротаба кузатилмоқда.

    “Е-saylov” интерактив портали орқали барча даражадаги сайловлар бўйича рўйхатга олинган 29 350 нафар депутатликка номзодларнинг мобиль телефонларига улар тегишли вакиллик органи сайлови бўйича депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганликлари, “Е-saylov” тизими ёрдамида ишончли вакилларини рўйхатдан ўтказиши мумкинлиги ва сайловолди ташвиқоти бошланиши ва муддатлари тўғрисида хабарномалар юборилади.

    Бундан ташқари, мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

    Қарор билан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши белгиланди.

    Шунингдек, сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партияларга сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбати кетма-кетлигида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари белгиланди. Унга кўра:

    биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси;

    иккинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;

    учинчи – Ўзбекистон Экологик партияси;

    тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;

    бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.

    Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан давлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда газеталарида депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида бепул эфир вақти ҳамда нашр майдони ҳажми ажратилди.

    Хусусан, республика даражасидаги “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла”, “Маданият ва маърифат” телеканалларида ва “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” радиоканалларида сиёсий партияларга ташвиқот ишларини олиб бориш учун бепул эфир вақтлари ажратилди.

    Шу билан бирга, мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш бўйича низомга мувофиқ, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш масалалари тартибга солинганлиги алоҳида таъкидланди.

    Тадбирда қайд этилганидек, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар:

    – сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ташвиқот материалларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрланганлиги ҳақида маълумотлар кўрсатиши;

    – ҳар қандай шахснинг тасвирга ва унинг овозига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслиги;

    – бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек бошқа шахсга доир маълумотларидан фойдаланилганда ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш каби қоидаларга амал қилиши лозим.

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates