Талабалар учун халқаро алмашинув ва академик мобиллик дастурларининг йўлга қўйилиши, қўшма таълим дастурлари учун етакчи хорижий университетларнинг жалб этилиши қувонарли ҳол. Кенг кўламли ишлар замирида сифатли, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларининг халқаро миқёсдаги нуфузини юқори рейтингга олиб чиқиш мақсади ётибди.
Натижага қандай эришилади? Биринчи навбатда, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг энг адолатли ва шаффоф шаклини йўлга қўйиш керак. Бу борада мамлакатимизда қатор ишлар бажарилди. Жумладан, талабалар учун бюджет ўрни кўпаймоқда, шу билан бирга, олий маълумот олиш имкониятини кенгайтиради. Абитуриентлар учун ҳужжатларни топшириш тартиби соддалаштирилди. Онлайн тартибда фойдаланиш уларга ҳар жиҳатдан қулайлик туғдирмоқда. Бундан ташқари, чекка ҳудудларда яшовчи ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларини ўқишга қабул қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари такомиллашиб боряпти.
Тизимда сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, сифат босқичи борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Шулардан бири ўқишга қабул қилиш ва таълим сифати ўртасидаги боғлиқликдир. Жараён аниқ ва шаффоф танлов мезонларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бу эса тизимга ишончни оширади, субъективлик хавфини камайтиради.
Қабул тизимини ислоҳ қилиш ва таълим сифатини ошириш халқаро рейтинг кўрсаткичларида ўрин эгаллашнинг асосий омилидир. Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ана шу масалаларга ҳуқуқий ечим бўлади.
Фармондан кўзланган мақсад олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва давлат гранти ажратиш механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мавжуд шарт-шароитни яхшилаш, кадрлар тайёрлашни иқтисодиётнинг ривожланаётган тармоқ ва соҳаларига манзилли йўналтиришдин иборат.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда 2024/2025 ўқув йилидан ОТМлар талабаларига давлат гранти ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратилиши белгиланди. Шунингдек, бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади. Албатта, таълим грантини биринчи курсда олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабалар олиши мумкин. Давлат грантини шу йўсин тақсимлаш механизмига узоқ йиллар амал қилинди. Бироқ янги тартибга кўра, таълим гранти иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади. Давлат гранти ва унга қўйилган талаблар таълим олувчиларнинг ўқишга муносабатини ўзгартириши билан бирга, билим ва иқтидорини ҳар томонлама ҳаққоний, адолатли баҳолайдиган механизмга айланади.
Меҳнат бозорининг бугунги ва келгуси эҳтиёжларини инобатга олиш кўплаб муаммоларнинг бартараф этилишига олиб келади. Жумладан, юртимизнинг чекка ҳудудида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида малакали кадрлар етишмаслиги кузатилади. Бу муаммони ҳал қилиш учун таълим тизими ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, кадрларга эҳтиёжни прогнозлаш механизмларини жорий этиш, таълим дастурларида амалиётга йўналтирилган компонентларни кенгайтириш зарур. Худди шу мақсаддан келиб чиқиб, фармонда ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга эҳтиёжини таъминлаш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталари ажратилганини соҳадаги муаммоларни бартараф этишнинг муҳим ечими, дейиш мумкин. Фармонда мақсадли қабул ва уни тўғри ташкил қилиш механизмига оид кўрсатмалар бериб ўтилган. Жумладан, мақсадли қабул квотаси доирасида талабаликка тавсия этилган фуқаро билан манфаатдор туман (шаҳар) ҳокимлиги, соҳавий давлат органи (ташкилоти) ва олий таълим ташкилоти ўртасида тўрт томонлама шартнома тузилиши мақсадли таълимнинг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жорий ўқув йилида биргина Бухоро вилоятида 22 мингдан зиёд битирувчи мустақил ҳаётга йўлланма олди. Уларнинг катта қисми олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширади. Битирувчиларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри баҳолаш таълимда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам 2024/2025 ўқув йилидан давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ ташкил қилинишини ижобий ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин. Энди абитуриентлар ўз танловига кўра, тест синовидан тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади. Ўқишга қабул қилишнинг бундай механизми мамлакатимизда илк бор амалга оширилмоқда.
Таълим-тарбия самарадорлиги олий таълим тизимида ўқув жараёнини сифатли ташкил қилиш, малакали кадрларни танлаш, ўқитишнинг замонавий шаклларини йўлга қўйиш каби қатор масалалар билан узвий боғлиқ. Олий ўқув юртлари моддий-техник базасининг мустаҳкам ва бой бўлиши ҳам ёшларнинг сифатли таълим олишига имкон яратади.
Фармонда олий таълим ташкилотлари моддий-техник базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотига мувофиқ, кейинги ўқув йили учун ўз қабул параметрларини шакллантиришнинг белгилаб қўйилиши олий таълим муассасаларида юқори кўрсаткичларга эришиш учун барча имкониятдан фойдаланиш зарурлигини кўрсатади.
Бу борада Бухоро давлат педагогика институтида ҳам қатор ишлар бажарилди. Жумладан, олий таълим тизимида ўз йўналиши бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Институт фаолият бошлаганига уч йил бўлганига қарамай, илмий соҳада анча ютуқларга эришилди. Жумладан, моддий-техник база яхшиланди ҳамда профессор-ўқитувчилар салоҳияти оширилди. Кадрлар тайёрлашда ўзгарувчан бозор талабларига мослаша оладиган, тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган, саноат ва иқтисодиётнинг ривожига ҳисса қўшадиган, рақобатбардош, малакали ишчи кучи зарур. Сифатли таълимга эришиш, малакали мутахассисларни етиштириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш эса келгуси авлодлар учун порлоқ истиқбол яратишнинг муҳим омилидир.
Мамлакат тараққиёти, келажаги, жаҳон миқёсидаги мавқеи таълим соҳасидаги ислоҳотлар билан белгиланади. Давр талабларига жавоб берадиган, илғор фан-техника, технология ютуқлари билан қуролланган кадрларни тайёрламай туриб, мамлакат иқтисодиётини, жамият ҳаётини юксалтириб бўлмайди. “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда ҳам худди шундай вазифалар белгилаб берилган. Самарали, шаффоф ва адолатли қабул амалиётининг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг кейинги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун асос бўла оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг асосий пойдевори сифатида хизмат қилади.
Баҳодир МАЪМУРОВ,
Бухоро давлат педагогика институти ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 110-сонида (2024 йил 5 июнь) чоп этилган.