Сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва сотилишига "рағбат" борми?

    Яқинда ижтимоий тармоқларда 8 номдаги маҳсулотлар амалдаги талабларга номувофиқлиги, яъни яроқсиз эканлиги тўғрисида маълумотлар тарқалди.

    Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда бошланган янги лойиҳага асосан назорат хариди ташкил этилгани бўйича yuz.uz мухбирлари соҳа мутахассисларидан эксклюзив интервью олди.

    Назорат хариди учун Тошкент шаҳри Лабзак кўчасида жойлашган чакана савдо дўконидан 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар харид қилинди ва белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, аккредитациядан ўтган лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилди.

    Маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Миллий «Referens» лабораторияси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги «UzTest» лабораторияси ҳамда аккредитациядан ўтган хусусий лабораториялар томонидан хулосалар берилган. Синов натижаларига кўра, 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 номдагиси, яъни уларнинг 88 фоизи амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги маълум бўлган.

    Мисол учун қўмитанинг хулосасида икки турдаги маҳсулотларда, яъни 12.06.2024 йилда ишлаб чиқарилган «Доброе деревенское утро» номли 2,5 фоиз ёғли 900 грамм қадоқланган биокефир маҳсулоти ачитқиси бўйича ва 16.09.2023 йилда ишлаб чиқарилган «Urussa» кунгабоқар ёғи таркибида чўкиндилари бўйича СанПин 0366-19 талабларига номувофиқ деб топилган.

    Шунингдек, ГОСТ ва маркировка талаблари бўйича қадоқланган «Qand» маҳсулоти намлиги ва маркировкаси бўйича, «SELLATILGAN MOL GOʼSHTI oliy nav» Консерваланган мол гўшти маҳсулоти туз миқдори ва маркировкаси бўйича, Черноголовка 1 литрли «Буратино» газланган салқинлантирувчи ичимлиги «кислотност» ва маркировкаси бўйича, «BRUNI» шоколадли кекс маҳсулоти қиёми камлиги ва маркировкаси бўйича, «Кунжутное масло» ҳамда «Sedana yogʼi» ёғ маҳсулоти таркиби ҳамда маркировкаси бўйича амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланган.

    Техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёрлиқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ бўлиб, қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишлидир:

    1. «BRUNI» шоколадли кекс маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона «Almerro Group» МЧЖ;

    2. «SELLATILGAN MOL GOʼSHTI oliy nav» Консерваланган мол гўшти маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона «Marmaks» ҚК МЧЖ;

    3. «BIO KEFIR» кефир – ишлаб чиқарувчи корхона «DIL-BAH DAIRY GROUP» МЧЖ;

    4. «Qand» маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона «Prima industries group» МЧЖ;

    5. «Черноголовка» газланган салқинлантирувчи ичимлик — ишлаб чиқарувчи корхона «Aqua Products» МЧЖ ҚК;

    6. «Urussa» кунгабоқар ёғи — ишлаб чиқарувчи корхона «Resurs» мой экстракция заводи;

    7. «Кунжутное масло» ёғ маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона «Maxmadjon Nurafshon» ХК;

    8. «Sedana yogʼi» ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона «Maxmadjon Nurafshon» ХКлар.

    Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, товарнинг нуқсони – товарнинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товарнинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги аниқланса, истеъмолчиларга тегишли тартибда алмаштирилиб берилади ёки бўлмаса тўланган пуллари қайтарилиб берилиши белгиланган.

    Шунингдек, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини, яъни товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш, унинг харид нархини тегишли тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиш, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларини бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаб беришини талаб қилишга ҳақли.

    Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш лозим, маҳсулотлар ўрганилганда ёки текширилганда сифатсизлиги ёки амалдаги талабга номувофиқлиги аниқланганлиги айнан ўша ижтимоий тармоқларда эълон қилинган партияларга амал қилади ва уларгагина тегишли.

    Агар сотувчи томонидан реализация қилиш пайтида қандайдир нуқсон аниқланса ва сотувчи сақлаш қоидаларига амал қилмаса сотувчи, қолган ҳолларда ишлаб чиқарувчи, импортёр жавобгар ҳисобланади.

    Шу ўринда савол туғилади. Санитария-эпидемиологик хулоса қачон берилади? Маҳсулот хавфсизлиги бўйича радиология, эпидемиология, бактериология, санитария-гигиена йўналишларида текширилади ва фақатгина шу йўналишларгагина тўғри келса хулоса олинади. Бу дегани сотувга чиқаришдан аввал ҳужжат топширган 99 % маҳсулотларимиз мувофиқлик хулосасини олишлари мумкин. Бироқ, маҳсулотнинг таркиби, қадоғида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларни, яъни ГОСТларда белгиланган талаблар бўйича текширмасдан сотувга чиқарилади.

    Бу бўйича сертификат олиш шартми ?

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.06.2021 йилдаги

    ПФ-6240-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ, санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда, ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

    Бозорда истеъмолчи маҳсулотни эркин танлаш ҳуқуқига эга. Қайсидир маҳсулотни номувофиқлиги аниқланди. Лекин бир партия бўйича. Аммо бу дегани ушбу товар яна бозорда сотилмайди дегани эмас. Шунинг учун қолган маҳсулотларни ҳам сифатсиз дея олмаймиз. Истеъмолчи ўзи танлаб, маъқул келса ушбу маҳсулотни сотиб олади.

    Шунга қарамай, ҳозирда бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўйилмаслигини олдини олиш мақсадида, кенг қамровли ишлар ташкил этилиб, бозор расталаридан, савдо дўконларидан қайтариб олиш ишлари ҳамон давом этмоқда. Сабаби ушбу тадбирда сотувчилар сақлаш қоидаларига амал қилган шахобчадан текширилди ва ишлаб чиқарувчи таркиби бўйича белгиланган меъёрларга амал қилмаганлиги аниқланди.

    – Демак 99 фоиз ишлаб чиқарувчи айбдор ва улар ГОСТ бўйича белгиланган меъёрларга амал қилмаган, – дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ботир Шарипов. – Қўмита томонидан ҳозирда мазкур ишлар амалга оширилиб, белгиланган тартибда текширувлар ўтказилган ҳамда пул маблағларини қайтариб бериш масаласи тадбиркорлик субъектларига қўйилди ва муддатлари белгиланиб, бир ой ичида қайтариб берилиши айнан шу партия бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

    «Яроқли муддати, ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаган маҳсулотларни реализация қилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига кўра сотувчига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади», дейди мутахассис.

    Маълумот учун: 2017 йил 12 июлдаги 490-сонли қарори билан тасдиқланган Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентининг 90-бандига асосан, назоратни амалга оширувчи давлат органлари Техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаган тамғаланган озиқ-овқат маҳсулотлари муомалага чиқарилишининг олдини олиш, шунингдек бундай маҳсулотларни бозорда муомаладан олиб қўйиш учун барча чораларни кўриши шартлиги белгилаган.

    Ҳозирда, Рақобат қўмитаси томонидан назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

    Ўтган давр мобайнида уч ярим мингдан ортиқ, яъни асосан, озиқ-овқат маҳсулоти, маиший техника, биологик фаол қўшимчалар ва яъни бошқа турдаги маҳсулотларнинг сифат бўйича мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу масала мутахассислар томонидан ўрганилиб, истеъмолчилар фойдасига ўн миллиарддан ортиқ пул маблағлари қайтарилиб берилган, дейди мутахассис.

    Шу каби лойиҳалардан кўзланган мақсад, сифатсиз маҳсулотлардан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, истеъмолга яроқсиз ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар айланмасининг олдини олишдир.


    Зулхумор Акбарова

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates