"Silk Avia" авиакомпаниясининг янги самолёти Тошкентда кутиб олинди

    16 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 15:00да «Silk Avia» минтақавий авиакомпаниясининг тўртинчи самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди.

    Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди. Аэропортда самолёт ва унинг экипажини “Uzbekistan Airports”, “Uzbekistan Airways”, “Uzbekistan Helicopters” ва “Silk Avia” авиакомпаниялари вакиллари, шунингдек, журналистлар ва авиаспоттерлар кутиб олди.

    Янги АТР 72-600 самолёти Тулузадаги (Франция) АТР заводидан пойтахт аэропортига, Истанбулда (Туркия) техник тўхташни амалга ошириб, етиб келди. Яқин кунларда самолёт авиакомпания махсус ливреясига бўялгач мунтазам парвозларни амалга оширишни бошлайди.

    «Silk Avia» — бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган минтақавий «лоукостер» авиакомпания бўлиб, парвозларни 2023 йил 25 апрелда бошлаган.