Сирдарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси репертуарларини тинимсиз бойитиб боряпти. Театр жамоаси 47-мавсумини бошлади.
Театрнинг тўлиқ реконструкция қилиниши нафақат маҳаллий ижодкорлар ва санъат ихлосмандларида, балки, хорижлик санъат усталарида катта қизиқиш уйғотаётганлиги шубҳасиз.
Жумладан, бугун Санкт-Петербургдаги «Морошка» қўшиқ ва рақс театри ижодкорлари концерт дастури билан Сирдарё вилояти мусиқали драма театри саҳнасида чиқиш қилди.
Томошабинларга рус халқ чолғулари оркестри ҳамоҳанглигида балет ва вокалистлар иштирокидаги «Петербургнинг рус мўъжизаси» спектакли намойиш этилди.
Маҳаллий томошабинлар айниқса «Рус даласи», «Исмсиз баландликда», «Мовий кўлларга қарайман» қўшиқлари ва ажойиб рақслардан завқланди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур театр 11 йиллик фаолияти давомида жамоа халқаро танловларда мукофотларни қўлга киритган (Жазоир, 2015 ва Кавала, 2016), дунёнинг 11 мамлакатида гастролларда бўлган. Эътиборлиси, академик мусиқали театр талабларига мувофиқ ижро этилган фольклор асарлари асосида ноёб концерт дастурини яратган.