Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 26 июл 2021 8282

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, ордер бериш механизмини такомиллаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш мақсадида:

    1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    а) 2021 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур қарорга 1-иловада рўйхати келтирилган давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган муассасалар) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) жорий этилади.

    Белгилансинки, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ихтисослаштирилган муассасаларга даволанишга йўллашда:

    касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб ахборот тизими орқали навбатда туришнинг шаффоф механизмлари татбиқ этилади;

    кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар тоифасига кирувчи фуқаролар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланади;

    беморларга ўзларининг сўровлари, мурожаатлари ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида олиш имконияти таъминланади;

    беморларга, уларнинг касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда даволанишларини таъминлайдиган, тиббий хизматнинг қиймати кўрсатилган ҳамда матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлган йўлланма (кейинги ўринларда – йўлланма) берилади;

    йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади
    ва давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматлар олиш ҳуқуқини беради;

    бемор даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси даволаган муассасага базавий нархлар доирасида беморга кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ, сарфланган маблағни Давлат бюджети ҳисобидан ўтказиб беради;

    б) қуйидагилар:

    2021 йил 1 ноябрдан бошлаб республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси ва урология;

    2022 йил 1 январдан кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилсин.

    Белгилансинки:

    имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббий хизмат кўрсатадиган Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномаси мавжуд давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларини ўз хоҳишига кўра эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлади;

    имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатувчи нодавлат тиббиёт ташкилотларига қўйиладиган талаблар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади;

    нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузиладиган шартнома асосида базавий нархлардан келиб чиқиб, амалга оширилади;

    в) амалдаги ордер бериш тартибига асосан расмийлаштирилган ордерлардан 2022 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш мумкин;

    г) 2022 йил 1 январдан бошлаб мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ давлат тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилади.

    2. Белгилаб қўйилсинки, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини баҳолаш ҳамда уларнинг тасдиқланган стандартларга мувофиқлигини, ажратилган маблағлар самарадорлиги ва натижадорлигини назорат қилиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилади.

    3. Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига қўшимча 8 та штат бирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 апрелдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида”ги ПҚ–5053-сон қарорига мувофиқ мақбуллаштирилган штат бирликлари ҳисобидан ажратилсин.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ташкилотлари ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони ҳамда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг 14 та бош мутахассиси лавозимлари киритилсин ва улар соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органларида жойлаштирилсин.

    Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Иноятов раҳбарлигида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш ва молиялаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий, молиявий ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилсин ва у мазкур йўналишда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси фаолиятига кўмаклашиб борсин.

    Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Кузатув кенгашига (Л.Тўйчиев), зарур ҳолларда, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи аппаратининг тасдиқланган тузилмасига бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

    4. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш учун ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш механизми жорий этилсин.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Ф.Шарипов) билан биргаликда 2021 йил 15 сентябрга қадар ихтисослаштирилган муассасаларни шартнома асосида базавий нархлардан келиб чиқиб молиялаштириш тартибини тасдиқласин.

    Молия вазирлиги (Ж.Абруев) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш учун ихтисослаштирилган муассасаларга ажратилган Давлат бюджети маблағларининг 2021 йил 1 октябрь ҳолатига қолдиқ қисмини Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ўтказиб берилишини таъминласин.

    5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев):

    а) бир ой муддатда:

    Молия вазирлиги билан биргаликда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

    Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишган ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича тасдиқланган стандартларга мувофиқ тиббий хизматларнинг базавий нархларини шакллантирсин ва уларнинг янгиланиб борилишини таъминласин;

    б) 2021 йил якунига қадар далилларга асосланган тиббиётга мувофиқ замонавий даволаш-диагностика услуб ва технологияларни киритган ҳолда клиник протоколларни, диагностика ҳамда касалликларни даволаш стандартларини қайта кўриб чиқсин
    ва тасдиқланишини таъминласин.

    Бунда, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартларни янгилаш бўйича режа-графикни республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари кесимида тасдиқласин ва ушбу стандартлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилишини таъминласин.

    6. Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизимига интеграция қилинадиган маълумотлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) 2021 йил 1 октябрга қадар:

    а) соғлиқни сақлаш соҳаси учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ахборот тизимини ишлаб чиқсин;

    б) Молия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин.

    7. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида янги бино-иншоотлар комплекси (кейинги ўринларда – комплекс) барпо этилиши маълумот учун қабул қилинсин.

    Белгилансинки:

    комплекснинг қуввати камида 650 та стационар ва 100 та кундузги стационар ўринлардан иборат бўлади ва 2023 йилнинг 1 апрелига қадар фойдаланишга топширилади;

    Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази комплекс фойдаланишга топширилгандан кейин унга ушбу марказнинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиалларини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилади.

    Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев), Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) Корея Республикаси тажрибасини ҳамда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда комплексни қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, 2021 йилнинг якунига қадар қурилиш ишларини бошласин.

    8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 майдаги ПҚ–5130-сон қарори билан ташкил этилган Республика гематология, онкология ва радиология марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи (Б.Мусаев)га:

    а) белгиланган муддатларда комплексни фойдаланишга топшириш, соҳадаги илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда унинг фаолиятини йўлга қўйиш, бу борада ташкилий, молиявий, моддий-техник ва бошқа масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш;

    б) Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун:

    2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббий таълим муассасалари магистратураси ва клиник ординатурасида тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш;

    Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов), Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси (В.Фен) билан биргаликда Корея Республикасининг етакчи илмий ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда онкология, гематология, радиология, клиник иммунология, юқори технологик трансфузиология, лаборатория ва бошқа йўналишлар бўйича кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкиллаштириш вазифалари юклатилсин.

    9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2021 йил 1 августдан бошлаб онкология, онкогематология ва гематология муассасаларининг паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари шифокорлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун ўта хавфли шароитлари учун 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўлаш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

    10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Э.Баситханова) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич:

    туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46 та туғуруқ бўлимлари негизида 4-иловага мувофиқ туманлараро перинатал марказларни амалдаги штатлар доирасида ташкил этиш;

    оналар, янги туғилган чақалоқлар ва болалар учун ҳудудларда самарали перинатал, неонатал ва педиатрик хизматларни олиш имкониятини яратиш;

    минтақавий перинатал марказларни такомиллаштириш ва 3-даражали акушерлик муассасаларини белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозлаш чораларини кўрсин.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафаев) билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар халқаро молия ташкилотларининг кредит маблағларини мақбуллаштириш ҳисобига республикадаги туғуруққа ёрдам берувчи муассасаларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар ўтказсин.

    11. Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев):

    а) 2021 йил 1 сентябрга қадар:

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга республика миқёсида тиббий хизматларни кўрсатиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этишга мўлжалланган ягона қисқа рақамли бепул “тезкор алоқа”ни йўлга қўйсин;

    оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари биноларида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ихтисослаштирилган муассасаларнинг расмий веб-сайтларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг ҳажмлари, ихтисослаштирилган бепул тиббий ёрдамни кўрсатиш шартлари ва тартиби тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳамда тарғибот материалларини тарқатиш чораларини кўрсин;

    б) 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ихтисослаштирилган муассасаларнинг расмий веб-сайтларида бўлимлар кесимида мавжуд ўринлар сони, шу жумладан, бўш ўринлар сони, кўрсатиладиган тиббий хизматлар турлари ва нархлари жойлаштирилишини ва мунтазам янгиланиб борилишини таъминласин;

    в) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган муассасаларда имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш бўйича жорий этилаётган механизмларнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайтлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-клуб муҳокамаларини ташкил этиш орқали тезкор етказилиши, тушунтирилиши ва кенг ёритилишини таъминласин.

    13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

    14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    15. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев, унинг ўринбосарлари А.Ш.Иноятов, А.А.Азизов, У.Ю.Собиров, Э.И.Баситханова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

    Қарорнинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 28 июль