–Афсуски, ҳозиргача «COVID-19» касаллигини самарали даволайдиган кафолатланган препарат топилгани йўқ. Шунга қарамасдан, коронавирус касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситалари мавжуд бўлиб, бундай дорилар орасида ҳозирда энг машҳури «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дейиш мумкин.
«Ремдесивир» препарати 2015 йил АҚШда яратилган бўлиб, Африкада тарқалган «Эбола» вирусига қарши қўлланилган. 2020 йил 1 майдан бошлаб Америка озиқ овқатлар ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан коронавирусни даволашда тезкор дори сифатида қўлланилишига рухсат берилган. Ўтган вақт орасида «Ремдесивир» ўзининг ижобий натижаларини ҳам берди. Шу сабабли коронавирусни даволашда бутун дунёда қўлланилмоқда. Ҳозирда «Ремдесивир» препарати Ўзбекистонда «Ремдесса» номи билан ишлаб чиқарилмоқда.
Коронавирусни даволашда яна бир кенг қўлланилаётган дори воситаси бу — «Фавипиравир». У Японияда «Авиган» номи билан 2014 йилдан “Fujifilm Toyama Chemical” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган грипп касаллигига қарши дори воситаси бўлиб, гриппни даволашда бошқа препаратлар таъсир кўрсата олмаганида захира препарати сифатида татбиқ этилган.
«Фавипиравир»нинг биологик актив моддаси бир қатор вирусларнинг кўпайишини блоклайди. Бу препарат ҳам Африкада «Эбола» вирусини даволашда кенг қўлланилган. 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Япония клиникаларида коронавирусни даволашда кенг қўлланилиб келинмоқда.
«Ремдесивир» ва «Фавипиравир» вирусга қарши дори воситалари синов вақти ва даволаш муолажалари даврида ўзини ижобий намоён этмоқда. Даволаш кунлари қисқармоқда, беморлар аҳволи сезиларли даражада яхшиланмоқда.
Аммо бу дори воситаларининг ножўя таъсирлари ҳақида ҳамма ҳам билмайди.
Японияда «Авиган» («Фавипиравир») дори воситаси фақат буюртма асосида клиникаларга етказиб берилади. «Ремдесивир» вирусга қарши дори воситаси эса фақатгина стационар шароитида қўллашга мўлжалланган. Чунки «Ремдесивир» дори воситаси “COVID-19” касаллигининг ўрта оғир ва оғир шаклида беморларга тавсия этилади. Сабаби барча дори воситалари сингари ушбу дори воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари мавжуд.
Жумладан, тиббий кўрсатмасиз пала-партиш ва юқори дозада ишлатиш буйрак етишмовчилигини келтиради, жигар ферменти «Альт»нинг ошишига олиб келади, ўткир нафас етишмовчилиги, кўнгил айниши ва қабзиятни чақиради.
«Фавипиравир» дори воситаси касалликни енгил ва ўрта оғир кечиш даражасида фақат шифокор назорати остида тавсия этилади. Сабаби «Фавипиравир»ни вирус юкламаси кўп бўлганда ва фойдаси зараридан устун деб топилгандагина тавсия этилади. Уни ҳомиладор аёллар қабул қилганда боланинг кўп нуқсонли туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Буйрак етишмовчилигини чақиради. Ҳаракат функцияларини бузади.
Ачинарлиси, санаб ўтилган ножўя таъсирига қарамай, аҳоли орасида «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситаларини ишлатишга хоҳиш ортиб бормоқда. “COVID-19” касаллиги билан «асоратланган» ҳолатда тиббиёт муассасаларига мурожаатлар кўпайиб кетди. Бунга эса билиб-билмасдан кўп миқдорда ва керак бўлмаган ҳолатда юқорида санаб ўтилган дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш сабаб бўлмоқда.









