Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелдаги қарори билан қарийб бир асрлик тарихга эга Самарқанд давлат тиббиёт институти Самарқанд давлат тиббиёт университети этиб қайта ташкил этилди.
Қарорда муассасада юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, унинг институционал, ўқув-педагогик салоҳиятини кучайтириш, ўқув жараёнини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш, ҳудуд аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш билан боғлиқ вазифалар қаторида реабилитология ва спорт тиббиёти соҳасидаги долзарб муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш белгиланган.
Шу мақсадда Самарқанд тумани Ўрташиқ қишлоғида жойлашган Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида университет ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш қайд этилганди.
— Ушбу институтнинг ташкил этилгани бугун мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси, қолаверса, жамият ҳаётида реабилитология ва спорт тиббиётининг долзарб масалалари вужудга келаётгани билан боғлиқ, — дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори Жасур Ризаев. — Муассаса ўз йўналиши бўйича даволаш-профилактика ва илмий-услубий фаолият олиб борувчи ҳамда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи ташкилот бўлади.
Замонавий талаблар ва стандартлар асосида диагностика ҳамда даволашнинг янги самарали услубларини ишлаб чиқади ва соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этади. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш ва беморларни даволаш шакллари ҳамда методларини такомиллаштиради. Хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширади.
Жумладан, ички аъзолар, юрак-қон томир, асаб ва таянч-ҳаракат тизимида касаллик ва турли жароҳат асоратлари мавжуд, ногиронлиги бўлган шахсларда реабилитация қилишнинг индивидуал дастурларига мувофиқ тиббий, ижтимоий-касбий, ижтимоий, психологик ва касбий реабилитация чоралари қўлланади. Бунда хориж тажрибаси, замонавий технологиялар ҳамда иш услубларидан фойдаланилади.
Бу борада университетимизнинг хорижий давлатлардаги ҳамкорлари бўлган олий таълим муассасалари ва тиббий марказлари билан биргаликда иш олиб борилади. Шу пайтгача мамлакатимиздаги тиббиёт муассасалари, реабилитация марказларида, асосан, ногиронлик ва ногиронликка олиб келувчи хасталикларни даволаш, унинг асоратларини камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиб келинмоқда.
Янги илмий-тадқиқот институтида ногиронликни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни илмий асосда ўрганиш, эрта аниқлаш чоралари кўрилади. Бу орқали юзага келиши мумкин бўлган ногиронлик ҳолатларининг олдини олиш, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини ошириш мумкин.
Спорт тиббиёти соҳасида ҳам пойтахтимиздаги шу тизимга тегишли баъзи муассасаларда муайян тадқиқотлар, амалий ишлар олиб борилаётган бўлса-да, айни чоғда мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини ошириш ва кенг ривожлантиришга қаратилган эътибор билан қиёслаганда, бу ишларимиз етарли эмас.
Шу жиҳатдан янги институт спорт турларидан келиб чиққан ҳолда юзага келиши мумкин бўлган патологияни даволаш ва олдини олишнинг илғор услубларини, спортчиларнинг тиббий назоратини ҳисобга олган ҳолда уларнинг функционал аҳволини диагностика ва коррекция қилиш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, спортчиларга тиббий хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутади.
Бу йўналишда институт томонидан ҳар бир спорт тури бўйича спортчиларни тайёрлашнинг якка тартибдаги дастурлари ишлаб чиқилади. Спортчиларнинг физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, овқатланиш рационидан бошлаб қайси даврда қандай дори воситаларини ёки тиббий муолажаларни қабул қилишигача таҳлил этилади ва жараёнга илмий ёндашилади.
Спортда орттириладиган жароҳатлар, патологиялар ва турли синдромларнинг олдини олиш, диагностика қилиш ҳамда даволаш чоралари кўрилади. Бугун дунё миқёсида спортчиларнинг турли дори воситаларини қабул қилиши муаммоли масалалардан бўлиб турибди. Айрим спортчилар бундай воситаларни атайлаб қабул қилса, баъзилари билиб-билмай истеъмол қилиши мумкин.
Яна айрим озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида допинг келиб чиқишига асос бўлувчи моддалар учрайди. Айнан шу каби ҳолатларнинг олдини олишда ҳам янги ташкил этилаётган институт мамлакатимиз спортчилари ва мураббийларига ёрдам беради. Умуман, Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти фаолиятини йўлга қўйишда шу ва бошқа омиллар ҳисобга олинган ҳолда узоқ ва яқин истиқболга мўлжалланган дастур, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бу борада хориж тажрибаси ўрганилди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида шаҳардан четда, аниқроғи, Самарқанд туманидаги Ўрташиқ қишлоғида ташкил этилган ва кейинги йилларда вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси сифатида фаолият олиб борган 50 ўринли муассасада айни пайтда стационар бўлим, физиотерапия, неврология ва бошқа бўлимлар мавжуд. Невропатолог, терапевт, травматолог-ортопед сингари элликдан ортиқ малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда.
— Кейинги йилларда муассасамиз салоҳиятини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали аҳолига замон талабларига мос тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди, — дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти директори вазифасини бажарувчи Фарҳод Ботиров. — Бунда Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик ижобий натижа берди.
Шифохонада 2020 йили университетнинг Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти фаолият олиб боргани терапевтик, неврологик, травматологик-ортопедик хасталикларга аниқ ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини оширди. Шунингдек, илмий салоҳиятимиз юксалди. Шифохона негизида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилгани эса фаолиятимизни тубдан такомиллаштириш ва янгича асосда иш олиб боришга катта туртки бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, университет раҳбарияти томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, институт базасида Самарқанд давлат университетининг тиббий реабилитация ва спорт тиббиёти ҳамда халқ табобати кафедраси фаолият юритмоқда, шунингдек, травматология ва ортопедия кафедралари ташкил этилмоқда. Янги очилаётган клиник психология ҳамда биоинженерия ва тиббий технологиялар таълим йўналишлари фаолияти институт билан интеграция қилинади.
Келгуси уч йилда институтнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, бино ва иншоотлари капитал таъмирланади. Кичик ортопедик операцияларни ўтказишга мўлжалланган операцион блок ва замонавий лаборатория ташкил этилади. Бир сўз билан айтганда, бугун янги институт фаолиятини янгича асосда йўлга қўйиш учун амалий ишлар бошланган. Бу яқин орада ўз ижобий натижасини бериши шубҳасиз.