Очиқ айтиш керак, узоқ йиллар мамлакатимизда юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш тизими ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, футбол бўйича спорт мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини яхшилаш, ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш каби масалалар долзарб вазифалардан бири бўлиб келди.
Бу масалага Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5887-сонли фармони билан аниқ ечимлар кўрсатилди ва бир қатор муҳим вазифалар қўйилди.
Ўтган даврда бу вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Футбол факультети фаолиятида ҳам бир қатор сифат ўзгаришлари амалга оширилди. Бунда асосий мақсад иқтидорли талабалар – ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчи сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассислар тайёрлаш, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида турли мусобақалар ўтказишга қаратилди.
Факультетимиз мисолида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда моҳир футболчи бўлиш истагида ўқишга кирган талабаларга 60 дан зиёд профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда. Улар орасида фан докторлари, фан номзодлари, доцентлар борлиги назарий ва амалий машғулотларни уйғунлаштириб ўтишга имкон яратади.
Ўтган йили факультетимизда бир қатор ютуқларни қўлга киритдик. Масалан, 2022 йилда факультетимизда мини-футбол йўналиши очилди. Бу ерда биз футболчилар, мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаймиз.
2022 йилда Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан меморандум имзоладик. Унга мувофиқ ўтган йили 45 нафар битирувчи талабамиз диплом билан биргаликда мураббийлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берадиган “С” лицензия ҳам олди. Авваллари битирувчиларимиз фақат диплом олар, спорт мактабларига борганида эса, мана шу лицензия талаб қилинар, улар яна курсларда ўқиб уни олишга мажбур бўлар эди.
Туркия, Болгария давлатларида турдош олий таълим муассасалари билан меморандум имзоландик. Унга кўра, эндиликда бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларимиз бу давлатлардаги университетларда малака ошириш имконига эга бўлмоқда.
Талабалар маҳоратини ошириш мақсадида номдор футболчилар, мураббийлар билан учрашувлар ташкил этиш ҳам яхши анъанага айланиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили Москва шаҳридаги “Девятка” футбол клуби мураббийи А.Тарасов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда хорижлик мутахассис футбол спорт турининг бошқа спорт турларидан фарқли жиҳатлари, унда тинимсиз меҳнат натижасида юқори натижаларга эришиш мумкинлиги, ҳакамлар ўз билимларини доимо ошириб бориши зарурлиги ва энг муҳими тактикаларни тўғри йўналтира билан кераклиги каби масалалар юзасидан ўртоқлашилди.
Сифатли таълим бериш учун ҳамма шароит етарли. Барча ўқув ва спорт инвентерлари билан таъминланганмиз, машғулот майдончалари замонавий таъмирланган. Ёзги ва қишқи футбол майдончаларимиз бор. Машғулотлар йил давомида тўхтамайди.
Биз университет миқёсида профессор-ўқитувчилар ўртасида мини-футбол бўйича турнир ўтказишни ҳам йўлга қўйганмиз. Бу ҳам жамоамиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишнинг энг самарали йўли сифатида барчага манзур бўлмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори билан футболда ҳам янги ривожланиш босқичи бошланди.
Мазкур қарор асосида иқтидорли талабаларни терма жамоаларга жалб қилиш бўйича ҳаракатлар самарали давом этмоқда. Бу бўйича Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик давом этяпти. Шунингдек, Ҳакамлик корпуси билан ишлаяпмиз. Уларнинг мутахассислари факультетимизга келиб, талабаларга амалий машғулотлар ўтиб беришига келишиб олдик.
Қарор ижроси доирасида эндиликда иқтидорли битирувчиларнинг битирув олди амалиёти даврида миллий терма жамоаларнинг хорижда ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда халқаро мусобақалар жараёнига жалб этиш ишлари бошланмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишувмизга биноан иқтидорли футболчи-талабларимизни терма жамоага жалб этиш ишлари жадал йўлга қўйиш режамизда бор. Шунингдек, ассоциациянинг Таҳлил бўлимига кириш масаласида ҳам жиддий ишлар бошланган. Бизда 19 та турли терма жамоа бор. Улар ичида эркаклар ва аёллар терма жамоалари, ёшлар ўртасидаги мини-футбол терма жамоалари бор. Биз улар билан фикрлашиб, турли таҳлилий ғоя ва ташаббусларимизни илгари суряпмиз. Шунингдек, терма жамоларнинг ўйинларини талабаларимиз билан таҳлил қилиб борамиз.
Яна бир янгилик футбол ассоциациясининг ҳакамлик корпуси билан ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз.
Талабаларнинг ўзлаштирган билими, малака ва кўникмаларини амалиётда қўллаш даражасидан келиб чиқиб, иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали мураббий малака тоифасини белгиловчи гувоҳнома берилади.
Бир сўз билан айтганда, бугун спорт билан шуғулланаман, келажакда ватанимиз довруғини спорт орқали дунёга янада танитаман, деган ёшлар учун барча шароитлар муҳайё.
Жорий йилда ҳам катта-катта мақсадлар билан турибмиз. Насиб этса, талабаларимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафларида кўп ўйинларда қатнашади. Шу тариқа, халқимиз орзу қилиб келаётган чемпионлик сари тарихий йўл очади.
Дамир ИСМАГИЛОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети Футбол факультети декани,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)