Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

    Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

    Таъкидланганидек, мазкур Қонун техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилишларининг олдини олиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган таъсир чораларини янада тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

    Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан мувофиқликни баҳолаш қоидаларини техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулот чиқарилишига ёки мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилишига сабаб бўладиган тарзда бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартишлар киритиляпти.

    Қонун муҳокамаси давомида Сенат Раиси Т.Нарбаева айрим масалаларга тўхталди.

    Унга кўра, Техник регламентлар, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузиш алоҳида жиддий хавфларни келтириб чиқаради.

    Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари мувофиқлиги бўйича содир этиладиган бундай ҳуқуқбузарликлар нафақат давлатга иқтисодий зарар етказади, балки фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф солиши мумкин.

    Шу билан бирга, бунинг учун белгиланган маъмурий жавобгарлик содир этилган қилмишнинг оғирлик даражасига ва келиб чиқадиган оқибатлар кўламига мутаносиб эмас, бу эса шундай ҳуқуқбузарликлар профилактикасига тўсқинлик қилади.

    Мазкур Қонун соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг натижадорлигини оширади ва энг муҳими, фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

    Бундан ташқари, Қонунда мувофиқлик сертификати берилиши асоссиз равишда рад этилса, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини асоссиз равишда тўхтатиб турган ёки тугатган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳам назарда тутади.

    Хусусан, ушбу ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланади.

    Агар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилади.

    Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи синов лабораториялари ва сертификатлаштириш идораларининг масъулиятини ошириш ва маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини тўлиқ баҳолаш орқали аҳолини сифатли маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашга олиб келади.

    Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates