Стандартлаштириш соҳасида давлат тилига эътибор

    Ичаётган сувимиздан тортиб, эгнимиздаги либосимизгача, яшаб турган хонадонимиз ва бошқараётган автомобилимизгача — барчасининг талаб ва ўлчовлари бор. Бу талаблар техник жиҳатдан тартибга солиниб, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология масалалари алоҳида тизим сифатида ривожланди. Бугунги кунга келиб, соҳани такомиллаштиришда жаҳон тажрибасидан фойдаланилмоқда.

    Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилотлар ISO ва МЭҚ таърифига мувофиқ, Ўзбекистон давлат стандарти (O‘z DSt ISO/ IEC 2:207) сифатида қабул қилинган стандартлаштириш “...муайян соҳада тартибга солишнинг мақбул даражасига эришишга қаратилган фаолият”дир. Шу маънода, стандартлаштириш тизимининг ўзи ҳам, шунингдек, конструкторлик ҳужжатлари, маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, техник-иқтисодий ва ижтимоий ахборотларни таснифлаш ва кодлаш, ўлчовлар ягоналигини таъминлаш, путур етказмайдиган назорат, маҳсулотни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга қўйиш, аккредитациядан ўтказиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, маҳсулотни синаш, сифат, хизматлар, атроф-муҳит муҳофазаси, фавқулодда вазиятларда хавфсизлик, техниканинг пухталиги каби стандартлаштиришга таянадиган бошқа тизимлар ҳам “муайян соҳа”лар бўлиб хизмат қилади.

    Стандартлар негизида шакллантирилган ва ишлаётган мазкур тизимларни умумий “тармоқлараро стандартлаштириш тизимлари” номи бирлаштиради. Ўзбекистонда шакллантирилган тизимларга “Ўз” аббревиатураси қўшилади. Масалан, Ўзбекистон стандартлаштириш давлат тизими (ЎзСДТ), Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизими (ЎзТТДТ), Ўзбекистон сифат тизими (ЎзСТ) каби. Ўз навбатида, Ўзбекистон тармоқлараро стандартлаштириш тизимлари ЎзТСТ шаклида белгиланади.

    Ҳар бир соҳани ривожлантиришда унга хос атамаларга мурожаат қилиш, улардан ўринли фойдаланиш талаб этилади. Шундай экан, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология миллий тизимида соҳа атамаларидан фойдаланиш, давлат тилида иш юритиш қай ҳолатда, деган савол туғилади.

    Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий филиалларида давлат тилида иш юритишни, иш юритишда барча ҳужжатларнинг давлат тилида бўлишини таъминлаш бўйича қатъий назорат ўрнатилган. Тизимли равишда олиб борилаётган ишлар натижасида ижобий кўрсаткичларга эришиб келинмоқда.

    Агентлик иш юритувидаги ҳужжатлар, мувофиқлик сертификатлари синов баённомаларининг давлат тилида расмийлаштирилиши таъминланмоқда. Тизимдаги UzTest маркази томонидан 26 минг 454 та мувофиқлик сертификати, синов лабораториялари томонидан 45 минг 193 та синов баённомаси ҳамда иш юритишдаги барча ҳужжатларнинг давлат тилида расмийлаштирилишига эришилди.

    Ўзбекистон Миллий метрология институти томонидан 339 минг 335 дона ўлчаш воситасининг даврий қиёслаш сертификатлари, тадбиркорлар томонидан импорт қилинган 18 минг 550 дона ўлчаш воситасининг бирламчи аттестация сертификатлари ҳамда иш юритишдаги барча ҳужжатлар тўлиқ давлат тилида расмийлаштирилган. “Аккредитация маркази” ДУК томонидан мувофиқликни баҳолаш органларига кўрсатилган хизматлар натижасида 598 та аккредитация гувоҳномаси тўлиқ давлат тилида расмийлаштирилди. Стандартлар институти томонидан қабул қилинган халқаро стандартларнинг 2 минг 720 таси давлат тилига ўгирилган, 66 та давлат стандарти қабул қилинган.

    Агентлик тизими, унинг барча ҳудудлардаги филиалларида маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилишига эътибор кучайтирилди. Барча ташқи ёзувлар, жумладан, лавҳа, эълон, реклама ва кўргазмали ахборот матнлари, ташқи реклама воситаларининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги таъминланди.

    Бугунги глобаллашув шароитида юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун малакали мутахассислар зарур. Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва сифат менежменти соҳалари бўйича мутахассисларни тайёрлаш маҳсулот ишлаб чиқаришда сифатни бошқаришнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Бу йўналиш бўйича соҳага оид атамалар луғати йўқлиги ўқув жараёнида муайян қийинчиликларни пайдо қилиш билан бирга, миллий техник кадрлар тайёрлаш сифатига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шуни эътиборга олиб, “Русча-ўзбекча изоҳли луғат” нашр этилди.

    Луғат метрология соҳасига доир жаҳон луғатчилиги манбаларидан фойдаланган ҳолда амалдаги давлат стандартлари асосида ишлаб чиқилган. Унга метрология, ўлчаш техникаси ва сифатни бошқариш соҳаларидаги давлатлараро стандартлар, шунингдек, халқаро стандартларга оид асосий атамалар киритилган.

    Луғатда дарсликлар, илмий рисолалар, энциклопедиялар, турли луғатларда ҳар хил шаклда қўлланаётган миллий атамаларни бирхиллаштиришга алоҳида эътибор берилган ҳолда, энг кўп, муваффақиятли ишлатилаётган стандарт шакллари танлаб олинган. Луғат билан танишар экансиз, унда жаҳон метрологик луғатларида қўлланган анъаналарга риоя қилиниб, атамаларнинг алифбо уяли тизими қабул қилингани, унда бир сўздан иборат атамалар ҳам, уяларнинг етакчи сўзлари ҳам умумий алифбо тартибида жойлаштирилганини кўриш мумкин.

    Луғатда изоҳлар лотин ёзувида ҳам берилган. Бу ҳол кирилл ёзувига одатланиб қолган мутахассислар учун ҳам, лотин ёзувини ўзлаштирган ёш мутахассислар учун ҳам фойдаланишда қулайлик туғдиради. Атамалар изоҳи луғатнинг экспериментал ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ҳам ўзбек, ҳам рус тилида берилган. Бу рус тилидаги метрологик сўз ва бирикмаларнинг ўзбек тилида қандай ифодаланишини тўлиқ намоён қилади. Ўз навбатида, метрологияни рус тилида ўзлаштирган мутахассис, олим ва тадқиқотчиларга уларнинг ўзбек тилида метрологик фикрлаш доирасини бойитиш учун хизмат қилади.

    Шунингдек, бугунги кунда соҳада кенг қўлланаётган “Стандартлаштириш соҳасида халқаро атамалар билан уйғунлаштирилган давлат тилидаги атама ва тушунчаларнинг изоҳли луғати”га Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида ISO/МЭК халқаро стандартлари ва Жаҳон савдо ташкилотининг ҳужжатлари ҳамда ЎзТСТ атамашунослик стандартларида ўз аксини топган асосий атама, тушунча ва таърифлар киритилган. Луғатда атама, тушунча ва таърифларнинг барча варианти келтирилган. Улар ўзбек тилида лотин ва кирилл алифболарида ҳамда рус тилида берилган.

    Луғатда рус тилидаги соҳага оид атама ва тушунчалар ўзбек тилида изоҳланган, муқобил варианти кирилл ва лотин алифбосида берилган. Лекин луғат ҳажман кичик бўлгани боис, стандартлаштириш соҳасига оид барча атамаларни қамраб олмаган. Айни пайтда миллий стандартлаштиришнинг катта луғатини тузиш ва бу ишга тилшунос-луғатшуносларни жалб қилиш, луғатнинг янги таҳрири устида иш олиб бориляпти. Ушбу изоҳли луғатга Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти ва Халқаро электротехника комиссияси халқаро стандартлари ва Жаҳон савдо ташкилотининг ҳужжатларида ўз аксини топган асосий атама, тушунча ва таърифларни киритиш назарда тутилмоқда. Бугунги кунда соҳага оид атамаларни илмий нуқтаи назардан ўрганиш ва истеъмолга киритиш, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”даги сўзлар қаторига қўшиш устида ҳам изланиш олиб борилмоқда.

    Ноибахон МАМАДАЛИЕВА,

    филология фанлари доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates