Лого Лого-пв-уз

    Стандартлаштириш соҳасидаги ишлар кўриб чиқилди

    Ҳукумат 13 июн 2022 2443

    Президент Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни стандартлаштириш ва сертификатлаш соҳасидаги самарадорликни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

    Истеъмол маданияти ривожланган бугунги кунда сифат биринчи ўринга чиқмоқда. Бу борада бутун дунёга тушунарли “тил” бу – стандарт.

    Мамлакатимизда ҳам барча соҳаларда халқаро андозалар жорий этилмоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги корхоналарида “Global G.A.P.” ва “Organic”, тўқимачиликда “Oeko-Tex” стандарти асосида маҳсулотлар тайёрланмоқда. “GSP+” тизими доирасида 6 минг 200 турдаги маҳсулотларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконияти яратилди.

    Бу соҳада жаҳон бозорига мувофиқликни таъминлаш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 июндаги фармонига асосан, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимига ўтказилиб, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги сифатида қайта ташкил этилган эди.

    Лекин бу соҳанинг ўзида сифатни ошириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш, ишлаб чиқарувчиларга йўл кўрсатиб, экспортни кўпайтириш бўйича ҳали ўзгариш сезилмаяпти. Стандарт, карантин, ветеринария идоралари ҳамда гигиеник лабораториялар ягона сиёсат юритмасдан, тадбиркорга кўмакчи бўлмаяпти. Ҳудудларда 150 та лабораторияга эҳтиёж мавжуд. Мисол учун, қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил таҳлил қиладиган лаборатория керак. Лекин, биронтаям бундай муассаса йўқ. Кўп тадбиркорлар бу муаммоларни маҳсулотини Европага олиб борганидан кейин билаяпти.

    Шу боис йиғилишда стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида самарадорликни ошириш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

    Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва тармоқ раҳбарларига ҳар бир маҳсулот бўйича масалани чуқур ўрганиб, керакли стандартларни жорий қилиш ва лабораторияларни янгилаш вазифаси қўйилди. Бу орқали халқаро стандартларга мос корхоналар сонини 3 баравар ошириб, 1 минг 200 тага етказиш мумкин.

    Хусусан, Чирчиқдаги “Ўзтекс” корхонасида маҳсулотларни Европа талаблари асосида синовдан ўтказиш йўлга қўйилгач, экспорти ошган. Президент бундай лабораторияларни тўқимачилик, чарм-пойабзал, электр техникаси, машинасозлик ва кимё саноати корхоналарида ҳам ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади.

    Йил якунигача саноат соҳалари бўйича 27 та халқаро кўргазмада иштирок этиб, тадбиркорларни Европа бозорига олиб чиқиш юзасидан кўрсатма берилди.  

    Аграр тармоқда ҳам ижобий тажрибалар бор. Масалан, Самарқанд туманидаги “Сам фрут” корхонасида мева-сабзавот ва кўкатларни даладан экспортга тайёрлашгача бўлган жараён халқаро талаблар асосида ташкил этилган. Бу йил корхона Европага 10 миллион доллар экспорт қилишни режалаган.

    Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, мева-сабзавот етиштирилаётган 200 минг гектар майдонни халқаро талабларга мослаштириш вазифаси қўйилди.

    Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон ва вилоят марказларидаги 14 та лабораторияни халқаро аккредитациядан ўтказиш, 13 та ҳудудий агрокимё лабораториясини замонавий жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Давлат божхона қўмитасига экспорт, импорт ва транзит бўйича барча сертификат ва рухсатномаларни “Ягона дарча” ахборот тизими орқали йўлга қўйиш топширилди.

    Корхона ва ташкилотларнинг 3 минг нафар мутахассисларини стандартлаштириш соҳаси бўйича қўшимча ўқитиш муҳимлиги қайд этилди.

    No date selected
    сентябр, 2022
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates