Субсидия масаласида нега фуқаро аризаси кечиктириляпти?

    Ижтимоий ҳаёт 21 феврал 2022 3306

    Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йил 2 декабрда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишга кўра, «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш дастури лойиҳаси доирасида 2022 йилда ипотека дастури асосида мамлакатимизда умумий 50 мингта хонадон қурилиши, шундан 22 мингдан ортиқ хонадон субсидия бўйича берилиши режалаштирилган.

    Биз кўтармоқчи бўлган мавзу эса субсидия талабидаги фуқароларимизнинг ҳужжатларини ваколатли идоралардан иборат комиссия қандай тартибда кўриб чиқаётганлиги, пайсалга солиш, белгиланган муддат бузилиши, ундаги қонун бузилиш ҳолатларини таҳлил қилишдан иборат.

    Бир бошдан бошлаймиз. Субсидия имкониятидан фойдаланмоқчи бўлган фуқаро, аввало, давлат хизматлари марказига келиб талаб қилинган ҳужжатларни топширади ва бу ҳужжатлар ваколатли органлардан иборат комиссия аъзолари томонидан балл бериш асосида кўриб чиқилади. Белгиланган баллни тўплай олган фуқаро субсидияга эга бўлади ва бу имкониятдан фойдаланади. Агар фуқаро аризаси белгиланган муддатларда кўриб чиқилмасачи!? Таҳлилларга ўтамиз:

    Жорий йил 18 февраль ҳолатига Фарғона вилояти бўйича субсидия масаласида давлат хизматлари марказларига жами 4 минг 795 ти ариза келиб тушган бўлиб, шундан шундан 1 минг 848 таси кўриб чиқиш жараёнида, 2 минг 26 таси рад этилган, 812 таси ижобий деб топилган.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига риоя этиш аҳволи Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси томонидан электрон ахборот тизими орқали мониторинг қилинганда, ваколатли идоралар томонидан тизимли равишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланган.

    Хусусан, Низомнинг 15-бандида масъул ташкилотлар ўн иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини, тақдим этилган ҳужжатлар асосида, ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқиши ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида онлайн электрон шаклда маълумотларни тасдиқлаши белгиланган бўлсада, мазкур талабга риоя этилмаган.

    Хусусан, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида келиб тушган жами 4 минг 795 ти аризадан 1минг 641 таси, яъни 34 фоизини кўриб чиқишда муддат бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Мазкур қонун бузилиши ҳолатлари идоралар кесимида кўриб чиқилганда, тиббиёт бирлашмалари 831 ти, тижорат банклар 749 ти, солиқ идоралари 745 ти, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими 538 ти, ҳокимликлар 557 ти, ёшлар ишлари агентлиги 435 ти, ички ишлар бўлими 433 ти, кадастр идоралари 362 ти, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари 368 ти ва 225 ти молия бўлимлари ҳисобига тўғри келди.

    Мазкур муддат бузилиши ҳолатлари Фарғона вилоятининг ҳудудлари кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп муддат Фарғона шаҳарда 381 ти, Қўқон шаҳарда 190 ти, Риштон туманида 177 ти, Қува туманида 107 ти эканлиги аён бўлди.

    Энг ачинарлиси шундаки, ваколатли идоралар фаолиятида мурожаатларни кўриб чиқишда тизимли равишда узоқ муддат қонун бузилиши ҳолатлари кузатиляпти.

    Масалан, фуқаро Д.Маматованинг 2021 йил 28 декабрдаги

    43809673-сонли мурожаати бўйича Бешариқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан хулоса белгиланган муддатдан

    24 кунга кечиктирилиб, 2022 йил 7 февралда берилган. Фуқаро К.Рустамованинг 2022 йил 7 январдаги 44235588-сонли мурожаати бўйича Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси томонидан хулоса белгиланган муддатдан 18 кунга кечиктирилиб, 2022 йил 8 февралда берилган.

    Афсуски, бу каби ҳолатларни қолган ваколатли идоралар фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

    Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли органларга қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисида 8 ти огоҳнома киритилди, шунингдек, 11 нафар масъул ходимлар маъмурий жавобгарликка тортилди. Жумладан, «Ипотека банк» АТИБ Фарғона вилоят филиали, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Қува филиали, АТБ «Агробанк» Бағдод филиали бошқарувчиларига, шунингдек, Қўштепа туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Қува ҳамда Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига, Давлат кадастрлар палатаси Фарғона шаҳар, Ўзбекистон ва Фарғона туман филиаллари бошлиқларига нисбатан маъмурий жарима жазо чоралари қўлланилди.

    2022 йил 15 январда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда муҳим рақамлар очиқланди, яъни 2,5 триллион сўм миқдоридаги субсидия ишлаш хоҳиши бор, лекин шароити оғир ватандошларимизнинг ўқиш ва ўз ишини бошлаши учун ажратилиши белгиланган.

    Шунга кўра, ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларга субсидия ажратишни кўриб чиқувчи масъул идоралардан янада тиришқоқ бўлиб ишлашга ва бу жараёнда қонун бузилиши ҳолатларига йўқ қўймаслик талаб этилади.

    Улуғбек Маҳмудов,

    ДХА Фарғона вилоят

    бошқармаси бошлиғи.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates