Сунъий интеллект ҳаётимизни нечоғлиқ енгиллаштиради?

    Сунъий интеллект ҳаётнинг турли соҳасига кириб келмоқда. Масалан, смартфонлардаги FaceID, бармоқ изи орқали биометрик идентификация тизими, овозли ёрдамчилар, онлайн маркетплейс ва ижтимоий тармоқлардаги тавсия этувчи тизимлар сунъий интеллектнинг биз энг кўп учратадиган технологияларига асосланган ечимларни ўз ичига олади.

    АҚШнинг ташкилотлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи PEGA компанияси тадқиқотларига кўра, ҳозир фойдаланиладиган қурилмаларнинг 77 фоизи аллақачон сунъий интеллектнинг бирор шакли билан жиҳозланган. Қолаверса, ҳаётимизнинг кўплаб жабҳасида, масалан, бизнес, саёҳат, соғлиқни сақлаш, банк, алоқа ёки таълимда кўзга ташланади. Хусусан, Facebook фотосуратлардаги одамларни таниб олганда, онлайн харид қилиш порталлари ўхшаш маҳсулотларни сизга таклиф қилганда ёки Google Maps реал вақт режимида тирбандлик ҳақида маълумот берганда сунъий интеллект ва машинавий ўқитиш технологиялари ишлаётганини кўриш мумкин.

    Сунъий интеллект ҳаётнинг турли соҳасига кириб келмоқда. Масалан, смартфонлардаги FaceID, бармоқ изи орқали биометрик идентификация тизими, овозли ёрдамчилар, онлайн маркетплейс ва ижтимоий тармоқлардаги тавсия этувчи тизимлар сунъий интеллектнинг биз энг кўп учратадиган технологияларига асосланган ечимларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, касалликларга ташхис қўйиш, янги препаратлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланмоқда. Шунингдек, сунъий интеллект “ақлли” уй тизими, транспорт соҳасида автоном тизимли автомобиллар, қишлоқ хўжалигида деҳқончиликни ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, глобал экологик муаммоларга ечим топишга хизмат қилмоқда. Катта маълумотларни таҳлил қилиш, банк, таълим соҳасида самарали ва масофадан таълим олиш учун воситаларни ишлаб чиқиш ҳамда илмий тадқиқотларда маълумотларга ишлов бериш, моделлаштириш, прогнозлаш каби масалаларни ҳал қилишда фойдаланилмоқда. Саноат соҳасидаги вазифаларни автоматлаштириш, сифат назоратини яхшилаш ва харажатларни камайтириш, бизнесда мижозлар саволларига жавоб берадиган ва қўллаб-қувватловчи чат ботларни ишлаб чиқиш билан бирга видеоўйин, фильм ва мусиқаларни яратиш учун ҳам сунъий интеллект технологиялари ёрдамга келмоқда.

    Сунъий интеллект технологияларининг бир қисмини генератив сунъий интеллект (GenAI) ташкил этади. 2023 йил генератив сунъий интеллект йили бўлди. У соҳанинг бир тури бўлиб, табиий тил кўрсатмалари асосида янги контент яратиши мумкин. GenAI мавжуд манбалардан ахборот олиб узатмайди, балки бутунлай янги контент, масалан, матн, тасвир (фотосуратлардан рақамли санъатгача), видео, мусиқа, дастур кодларини яратиши мумкин. У кўплаб соҳаларда катта самара бермоқда. Генератив сунъий интеллектдан шунчаки кўнгилочар восита сифатида эмас, профессионал даражагача фойдаланилмоқда. Ҳозир дизайнерлар, контент яратувчилар, маркетинг соҳаси вакиллари ва ҳатто дастурчилар ҳам ушбу технология имкониятини кенг қўлламоқда. Сунъий интеллект технологияларини метаборлиққа (Metaverse) жорий қилиш ҳам бу йил тезлашди. Масалан, Мета компанияси (собиқ Facebook) бу йўналишда кўплаб ишларни бажарди. Вазирлик мутахассислари ва ҳамкорлари биргаликда тўлдирилган реаллик асосида ишловчи лойиҳаларда ҳам сунъий интеллект технологияси жорий қилиниши кузатилди. Бу йўналиш виртуал муҳитда илғор технологияларни таълим методикалари билан бирлаштириш орқали янада қизиқарли ва самарали таълим муҳитини яратишга имкон беради.

    Бугунга келиб, сунъий интеллект этикаси ҳам долзарб масалалардан бирига айланишга улгурди. Бунда сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва қўллашда очиқлик, конфиденциаллик, хавфсизлик, тенглик, жавобгарлик, инсон назорати каби асосий тамойилларни инобатга олиш зарурати туғилмоқда. Мазкур барча жиҳатлар 2023 йилда сунъий интеллектнинг долзарблиги ва кенг кўламда қўлланишини ўзида акс эттиради ҳамда унинг аҳамияти кейинги йилларда ҳам ўсишда давом этиши кутилмоқда.

    Инсон — сунъий интеллект ҳамкорлиги зарурати

    Сунъий интеллект ривожланиши билан инсоний муносабатлар динамикаси сезиларли даражада ўзгара бошлади. Чунки у ўзаро муносабат натижасида муайян масалаларни ҳал этиши мумкинлиги билан бошқа технологиялардан фарқ қилади.

    Соҳа экспертлари технологияларга энди алоҳида, ажратилган элемент эмас, балки инсон ақл-заковати, қобилияти ва имкониятларининг кенгайтмаси сифатида қарашни таклиф қиляпти. Айниқса, сунъий интеллект тизимига алоҳида субъект мақомини бериш каби фикрлар ҳам йўқ эмас. Ушбу концепция сунъий интеллектни инсон тажрибасини бойитиш, тўлдириш, виртуал ёрдамчи ва рақамли аватарлар яратиш, ҳаётни осонлаштирувчи жараёнларни ҳамда янги касбларни қўллаш воситаси сифатида кўриб чиқишни таклиф қилади.

    Сунъий интеллект жадал ривожланиш жараёнида интернет ва ахборот технологиялари каби ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бугун инсон ва сунъий интеллект ҳамкорлиги зарурлигига бир қанча сабаблар бор.

    Биринчиси, иш жараёнида самарадорлик ва маҳсулдорликни ошириш. Сунъий интеллект кўплаб мунтазам вазифаларни автоматлаштириши мумкин. Бу эса одамлар ижодий ва с тратегик вазифаларни бажаришига янада кўпроқ вақт ажратиши учун имкон беради. Масалан, сунъий интеллект омборларда товарларни саралаш, ишлаб чиқаришда маҳсулот сифатини баҳолаш, касалликларни ташхислаш ёки янгиликлар матнини ёзиш учун ишлатилиши мумкин. Бу одамлар диққатини муҳимроқ вазифаларга қаратиш ва иш самарадорлигини оширади.

    Иккинчиси, қарорлар сифатини ошириш. Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайди. Шунингдек, инсонлар билмайдиган ўзаро боғлиқлик ва яширин қонуниятларни аниқлай олади. Бу эса кўпроқ маълумотлар таҳлили асосида қарорлар қабул қилиш имконини беради. Мисол учун, сунъий интеллект маҳсулотга талабни прогноз қилиш, етказиб бериш йўналишларини оптималлаштириш ёки фирибгарликни аниқлаш учун ишлатилиши мумкин. Бу маҳсулот ёки хизматлар сифатини яхшилашга олиб келадиган самарали қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

    Учинчиси, хавфсизлик ва ишончлиликни ошириш. Сунъий интеллект тизимларни мониторинг қилиш ва юзага келадиган муаммоларни аниқлаш учун қўлланиши мумкин. Бу бахтсиз ҳодиса ва бошқа ҳолатларнинг олдини олишда асқатади. Мисол учун, сунъий интеллектга асосланган ечимлар баъзи замонавий автомобилларда тўқнашувларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги ҳамкорлик ривожланар экан, муҳим ахлоқий ва хавфсизлик масалалари пайдо бўлади. Жумладан, сунъий интеллект қарорларининг шаффофлиги ва кузатилишини таъминлаш учун самарали усулларни ишлаб чиқиш керак. Бу сунъий интеллект жамият норма ва қадриятларига мувофиқ ҳаракат қилишини, салбий оқибатларга олиб келмаслигини таъминлашда муҳим бўлиб, хавфларни минималлаштиради.

    Сунъий интеллект технологиялари ва улар ишлатадиган маълумотлар шаффоф, аудит учун очиқ бўлиши керак. Бу янги технологияларнинг ҳамма учун очиқ бўлиши, ахборот тенгсизлигини бартараф этишга кўмаклашади. Шунингдек, қарорларни қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлайди ҳамда ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

    Ҳозир жаҳон ҳамжамиятида сунъий интеллект этикасини ишлаб чиқиш ва унга амал қилинишини таъминлаш учун механизмлар яратиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Дунёда турли ташкилотлар ва давлатларнинг ушбу этика бўйича ҳужжатлари ишлаб чиқилган, лекин уларга амал қилинишини таъминлаш юзасидан механизмлар деярли мавжуд эмас. Бунда қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш каби ечимлар назарда тутилади.

    Сунъий интеллект сиёсатининг умумий тамойили инсон ҳуқуқларига қаратилган гуманистик ёндашувга асосланиши керак. Одамлар ва технологиялар ўртасидаги ҳамкорлик кундалик ҳаёт, таълим ва иш фаолиятида давом этиши лозим, аммо сунъий интеллект башариятга бўйсуниши, хизмат қилиши ва имкониятларни кенгайтириши зарур. Бугун юртимизда сунъий интеллект этика кодексини ишлаб чиқиш, таълим ва тадқиқотларда ундан самарали, этика қоидалари асосида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган ишлар бажарилмоқда.

    Самара нималарда кўриняпти?

    Сунъий интеллектнинг таълимда қўлланиши масаласи сўнгги йилларда кўп муҳокама қилинмоқда. Бунинг учун, аввало, технологияларни қўллашдан мақсадни аниқлаб олиш керак. Мақсад таълим жараёнини яхшилаш ва ҳар бир ўқувчига салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини беришга қаратилган бўлиши зарур. Мисол учун, ЮНЕСКО бу йилги таълим стратегик мақсадлари сифатида сунъий интеллектдан адолатли ва инклюзив фойдаланиш, таълим жараёни ва билим олишни яхшилаш, даврга мос кўникмаларни ривожлантириш, таълим маълумотларидан фойдаланишнинг шаффофлиги ва назорат қилинишини таъминлашни белгилаб олган.

    Аксар давлатлар сунъий интеллектнинг таълимга интеграциялашувига ҳали тўлиқ тайёр эмас. Кенг миқёсли илмий тадқиқотларга асосланган технологиялар билан чуқурроқ шуғулланиш талаб этилади.

    Айни пайтда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги сунъий интеллект бўйича маслаҳат кенгаши ва ишчи гуруҳи таркибида 10 нафар хорижий эксперт ва 30 дан ортиқ маҳаллий мутахассис мавжуд. Сунъий интеллект воситаларидан самарали ва ахлоқ доирасида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида сунъий интеллект маслаҳат кенгаши ҳузурида таълим ва тадқиқотларда сунъий интеллект ишчи гуруҳи тузилган.

    Вазирлик ушбу йўналишда TeachAI каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. TeachAI технология ва таълим ташкилотлари консорциуми бўлиб, 20 давлатнинг таълим вазирликлари ҳамда Германия, Канада, Бразилия, Испания ва бошқа мамлакатлардан компьютер фанлари тадқиқотчилари ва ўқитувчилари ташкилотларини бирлаштирган.

    Таълимга сунъий интеллектни жорий қилишда Сингапур тажрибаси ҳам жуда илғор. Бу мамлакат мактабларида ушбу тизимга асосланган adaptive таълим жорий қилинмоқда. Шу сабабли Сингапур миллий университети профессори ва сунъий интеллект лабораторияси директорини ҳам маслаҳат кенгашимизга таклиф қилдик.

    Сўнгги йилларда таълим ва тадқиқотларда сунъий интеллект йўналишида ЮНЕСКОнинг хизмати катта бўлмоқда. Ҳозир бу ташкилот томонидан сунъий интеллект технологияларини таълим ва тадқиқотларда самарали ва ахлоқ доирасида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рақамли трансформациясини жадаллаштириш мақсадида ягона рақамли экотизим яратиш, талабалар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва олимлар учун қулай хизматлар кўрсатиш ғоясига асосланган стратегия тайёрланди. Барча ахборот тизимини интеграциялаш ва такомиллаштириш натижасида ягона datahub яратилади. Рақамлаштириш билан боғлиқ асосий ўзгаришлар қаторига маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш учун мутлақо янги имкониятлар яратилиши киради.

    Бунга мисол тариқасида my.edu.uz ягона таълим хизматлари порталининг ишга туширилишини келтириш мумкин. Олий таълимни бошқариш ахборот тизими — HEMIS (Higher Education Management Information System) мамлакатимиз ОТМларида ҳам жорий этилган. Натижада олий таълим муассасаларининг бошқарув, таълим, илмий ва молиявий фаолиятини рақамлаштиришга эришилди. Талабалар гуруҳи журналлари ва баҳолаш қайдномалари фақат электрон шаклда юритилмоқда. Бу потенциал равишда сунъий интеллектдан таълимни бошқариш, ўқитиш, ўқиш ва баҳолашда фойдаланиш имкониятини очиб, уни оптималлашган ва фойдаланувчиларга қулай бўлишига хизмат қилади.

    Илмий тадқиқотчиликда керакми?

    Қадимдан ҳозиргача илмий кашфиётлар доимий таҳлил, кузатиш ва баъзан йиллар давомида изланишни талаб қилган. Аммо бугун бу вазифаларни бажаришда кучли восита мавжуд ва бу сунъий интеллект технологияларидир. Унинг ёрдамида тадқиқотларга оид жуда катта ҳажмдаги маълумотларни юқори тезликда қайта ишлаш мумкин. Сунъий интеллект тадқиқотчиларга маълумотларни тез ва самарали таҳлил қилиш, муҳим жиҳатларни аниқлашга ёрдам беради. Биоинформатика каби соҳаларда илгари қўлда қилиш имконсиз бўлган маълумотлардаги мураккаб ишораларни илғай олади. У орқали минглаб тажрибаларни виртуал тарзда ўтказиш мумкин. Бу жисмоний бажариш учун зарур бўлган вақт ва ресурсларни қисқартиради. Об-ҳаво ва атроф-муҳитга доир маълумотлар тўпламидан фойдаланган ҳолда иқлим ўзгаришини таҳлил қилиш ва прогнозлашда ёрдам беради.

    Тадқиқотларда сунъий интеллектдан тадқиқот саволларини шакллантириш ва услубий ёндашувларни таклиф қилиш жараёнида маслаҳатчи ёки ёрдамчи сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. GenAI тадқиқот тузилма

    си соҳаларда фаол иштирок этиб, аниқ тавсиялар ва маслаҳатлар беради. Бу тадқиқотни режалаштириш жараёнини тезлаштириш ва оптималлаштириш имконини тақдим этади. Бироқ нотўғри маълумот олиш ва тадқиқотчилар томонидан танқидий ёндашув зарурлиги каби эҳтимолий хавфларни инобатга олиш керак.

    Нималарга эътибор қаратиш зарур?

    Сунъий интеллект соҳаси ўтган асрнинг 50-60-йилларидан ривожлана бошлаган. Кўплаб тадқиқотлар қилинган ва сезиларли натижаларга эришилган. Лекин ҳисоблаш қурилмалари имконияти, тизимларни ишлаб чиқишда зарур бўладиган ўқитиш маълумотлари ҳамда алгоритми ҳам ўша даврларда жуда чекланган эди. Ҳисоблаш қуввати кам бўлган даврларда ҳам сунъий интеллект технологияларининг математик аппарати ва алгоритмик таъминоти ривожланишда давом этди. 1974 йилда хатоликларни тескари тарқатиш алгоритми ишлаб чиқилиб, 1986 йилда сезиларли такомиллаштирилди. Сўнгги 15 йилда эса ҳисоблаш қуввати ва технологиялари сезиларли ўсиб, график процессорлар орқали ҳисоблашларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Бундан ташқари, ахборот ва интернет технологияларининг ривожланиши турли соҳаларда рақамли маълумотлар кўпайишига олиб келди. Катта ҳажмли ва сифатли маълумотлар сунъий интеллект технологияларига асосланган ечимларни ишлаб чиқиш учун муҳим омиллардан биридир.

    Ҳозир сунъий интеллект соҳасини янада ривожлантириш учун қатор йўналишларга эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, тадқиқотчилар тизим самарадорлиги ва имкониятларини яхшилаш борасида доимий равишда янги алгоритмларни ишлаб чиқмоқда. Сунъий интеллект ўқитиш маълумотларини яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Зеро, сунъий интеллект тизими ўқитиладиган маълумотлар сифати уларнинг ишлаши учун жуда муҳим. Сифатли маълумотлар билан ўқитилган тизим юқори аниқлик ва самарадорликда ишлай олади. Шунинг учун тадқиқотчилар ўқитиш маълумотларини йиғиш ва тозалашнинг янада самарали усуллари устида ишламоқда.

    Самарадорлиги юқори сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқишда катта ҳажмли, сифатли маълумотларнинг ўрни жуда муҳим. Масалан, инглиз тилидаги маълумотлар ҳажми ўзбек тилиники билан таққослаганда жуда катта. Шунинг учун инглиз тилида ишлайдиган йирик тил моделлари кўп ишлаб чиқилган. Ушбу тил моделлари ChatGPT, Bard Google, Microsoft Bing Chat каби чат ботлар, машинавий таржима тизимлари, нутқни матнга ўтказиш тизимларининг асосий қисмидир. Бу каби тизимлар бизда ҳам ишлаб чиқилиши, шу йўналишда тадқиқотлар кўп ва натижадорлиги юқори бўлиши, албатта, давлат тилидаги маълумотлар ҳажми ва сифатига кўп томондан боғлиқ.

    Инсоният ҳақидаги энг ишончли ва муҳим маълумотлар, шубҳасиз, музейлар, кутубхоналар, архивлар, университетлар ва илмий институтлар каби хотира муассасаларида сақланади. Ушбу маълумотлардан фойдаланиб, туризм, маданият ва таълим каби соҳалар учун сунъий интеллект технологияларига асосланган ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш мумкин.

    Сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш қиммат, мураккаб бўлиши мумкин. Бу тизимни ишлаб чиқиш ва жорий қилишда ҳисоблаш қуввати юқори қурилмалар талаб этилиши билан боғлиқ. Мисол учун, ChatGPTни ишлаб чиқиш учун Microsoft корпорацияси 1 миллиард доллар инвестицияни OpenAI компаниясига ҳисоблаш қурилмаларидан бепул фойдаланиш имкониятини бериш орқали киритган. Тадқиқотчилар сунъий интеллектни ҳамма, шу жумладан, корхоналар ва жисмоний шахслар учун ҳам фойдаланиш имкониятини ошириш устида ишламоқда.

    Ушбу соҳалардан ташқари, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий ва ижтимоий оқибатларини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Биз сунъий интеллект яхшилик ва бутун жамиятга фойда келтириш учун ишлатилишини таъминлашимиз керак.

    Сунъий интеллект ҳаётимизнинг кўплаб соҳа ва жабҳаларида инқилоб қилиш потенциалига эга бўлган жадал ривожланаётган соҳадир. Бугунги кунда соҳадаги ютуқларни янада ошириш учун асосий эътибор янги сунъий интеллект технологиялари ва усулларини ишлаб чиқиш, мавжудлари самарадорлигини яхшилаш ва ундан фойдаланиш имкониятини янада оширишга қаратилмоқда. Сунъий интеллект ривожи муаммоларини ҳал қилиш ва ундан яхшилик учун фойдаланишни таъминлаш орқали биз ушбу жараён афзалликларидан тўлиқ фойда олишимиз мумкин. Умуман олганда, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун сармоя киритишда давом этиш муҳим.

    Бобур РАҲИМОВ,

    олий таълим, фан ва инновациялар вазири маслаҳатчиси

    (“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 1 ноябрь, 227-сони)