Сайтнинг асосий мақсади ўзбек илм-фанида ўзига хос мактаблар яратган олималарни, замонавий фанда янгиликлар қилаётган истеъдодли, илмли аёллар фаолиятини жаҳонга танитиш, шу билан бирга мамлакатимиз фани ривожи учун ҳисса қўшиб келаётган ўтмиш ва ҳозирги замон олималаримизни бугунги кун қаҳрамонлари сифатида намойиш этишдир.
Сайтнинг биринчи қисмида тарихда ўз ўрнига эга бўлган олима аёллар Ҳадича Сулаймонова, Галина Пугаченкова, Мақсуда Хожанова сингари аёллар ҳаёти, илмий изланишлари тарихи киритилган.
Иккинчи қисми ҳозирда Фанлар академиясида фаолият юритаётган олималаримиз ва беш нафар академик аёлларига бағишланган.
Сайтда физика-математика, кимё-биология ва тиббиёт, ижтимоий-гуманитар фанларда замонавий тадқиқотлар билан шуғулланаётган фан докторлари ва профессор олималаримиз ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилган. Уларнинг ҳаёти, илмий фаолияти, барча ютуқлари тўғрисида маълумотлар мавжуд ҳамда келгусида улар мазмун ва сон жиҳатдан янада бойитиб борилади.
Сайтнинг жамият ва фан ҳаётидаги аҳамияти ҳам мавжуд. Ушбу платформа мазмунан илмга ҳаяжон ва ҳайрат билан кириб келаётган хотин-қизларга улкан илмий изланишлари билан танилган олималар ҳаёти ўрнак, намуна, бир сўз билан айтганда, модел вазифасини ўтайди.
Қисқа қилиб айтганда, бу сайт орқали ўзбек олималари ва улар олиб бораётган сермаҳсул изланишларни дунёга кўрсатишдир. Шу билан бирга илмли, маърифатли олима қизларни жамиятга, илм-фанга тайёрлаб беришдир.
Сайтга жойлаштириш учун олима аёллар тўғрисидаги маълумотлар monitoring@academy.uz электрон манзили орқали қабул қилинади.
Сайт билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: www.womeninscience.uz