Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқотида креатив индустрия парклари ҳудудларда ҳам ташкил қилиниши борасидаги сўзларини эшитиб тоғамга телефон қилдим. Янгиликни эшитиб, боши кўкка етди. Агар бизнинг вилоятда очилса, хабарини айт, биринчи ўзим бориб кўраман, кейин эса жиянларингни юбораман, дея тайинлади. Айтганча, бу янгиликни тоғам билан бўлишишимнинг ўзига хос тарихи бор. Гап шундаки, ўтган йили энди ўқишга кирган ўғлини қоралаб келганида иккаламиз унинг университетига боргандик. Тоғам ундан қийналмаяпсанми, ўқишларинг яхшими, деган саволларига жавоб олгач ва дарс жараёнларини кузатиб, кўнгли бир оз таскин топди.
Сўнг тоғам вақтинг бўлса, мени бир саройга олиб бор, деб қолди. Даставвал қаерлигини билмай, қанақа саройлигини сўрадим. Кейин жиянинг ҳар сафар телефон қилганимда саройдаман, дарс қиляпман, дейди. Ўша ерга борсак, яхши бўларди. Яна тоғам гапини изоҳлаб: болалар саройими, ёшлар саройими, дер эди-да, сен у жойни биласанми, деб сўради. Ҳа, Ёшлар ижод саройими, биламан, кетдик, дедим. Очиғи, ўзимнинг ҳам у ерга бормаганимга анча бўлган эди.
Бориб, бу ерда ёшларнинг китоб мутолаа қилиши, дарс тайёрлаши, қолаверса, ижодий қобилиятини намоён қилиши учун креатив индустрия парки ташкил этилганини билдим. Ёшлар ижод саройи мен билган, илгари ҳувиллаб ётган жой эмас, ёшлар билан гавжум севимли масканга айланибди.
Саройдаги креатив индустрия парки негизида “Ижод”, “Китоблар олами” сингари дўконлар фаолияти йўлга қўйилибди. Шунингдек, ўғил-қизларнинг мутолаа қилиши, компьютер ва бошқа жиҳозлардан фойдаланиб, дарс тайёрлаши учун қулай, бир-биридан ажойиб дизайнга эга ўриндиқлар жойлаштирилибди. Ўзгаришларни кўриб, очиғи, ҳайратландим. Тоғам китоблардан бирини варақлаб, ўриндиққа ўтирди. Сўнг боласини тергагандек, атрофдаги йигит-қизларни сўроққа тута бошлади.
— Сен нима иш қиласан, бу ерда нима қиляпсан?
— Ўзим ишлайман, ҳозир бу ерда СММ менежерликни ўрганяпман.
— Қаерда ишлайсан?
— Супермаркетда сотувчилик қиламан. Тушгача шу ерда дарс тайёрлайман. Сўнг “Ижод” кафесида овқатланиб, ишга бораман. Бу ерда керакли китоблар бор. Интернет бепул. Бир йўла билимимни ҳам мустаҳкамлаяпман.
— Анави менежерлигингни ўрганиб иш топа оласанми ўзи?
— Ҳа, ўзим савдо қиладиган супермаркет озиқ-овқат савдоси билан шуғулланадиган дўконлар тармоғига эга, насиб қилса, ўша ерда СММ менежер бўлиб ишлайман.
— Ҳа, яхши, омадингни берсин, болам. Сен-чи? Сен нимани ўқияпсан, қизим?
— Инглиз тилини ўрганяпман. Ўзим университет талабасиман.
— Университетларингда библиотека йўқми?
— Бор, аммо бу ер қулай. Хорижий тил бўйича турли машғулотлар ҳам бўлиб туради. Китоблардан муаммо йўқ.
— Ҳа, китоб кўп экан.
Тоғам ўрнидан тураркан, бўш жойнинг ўзи йўқ, бекор ўтирган бирор болани учратмадим, дея шивирлади. Сўнг креатив индустриал паркда фаолият юритадиган “Анимация мактаби”, “Шахмат мактаби”, “Ибрат академияси”, “Кулоллик академияси”, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси фаолияти билан танишдик.
Бинодан чиқар эканмиз, тоғам менга қараб, сароймисан, сарой экан-а, деб қўйди. Ана энди жиянингдан кўнглим тўқ, дея чуқур нафас олди. Узоқ жой, ёмон болалар, одатларга ўралашиб қолмасин-да деб қўрққандим. Университетини кўрдим, бу жой билан танишдим, ўғлимиз ишончли қўлларда эканига амин бўлдим. Қанийди қишлоғимизда ҳам шунақаси бўлса, дея ортига энтикиб қараганча эшикдан чиқди.
Мен ҳам ўшанда креатив индустрия паркидаги ёшларнинг шижоати, олдига қўйган аниқ мақсад ва режаларига қараб интилишини кўриб таъсирландим. Уларнинг илм олиш йўлида бир-бирига дўст, ҳамроҳ, устозу шогирд бўлиб ҳаракат қилишига ҳавасим келди. Бир пайтлар устозимнинг уюшган ва уюшмаган ёшларга берган таърифи ёдимга тушди. Уюшмаган ёшларнинг фикр ва мақсади бўлмайди, дунёқараши ҳаминқадар. Уюшган ёшлар эса ўрмонга ўхшайди. Дарахтлар бирлашиб, кенг ўрмонни ҳосил қилади. Аммо алоҳида олганда ҳам терак, қайин, чинор каби ўз номи, ўзига хос хусусиятлари бор, деган эди.
Устозим таърифини келтирган уюшган ёшларни шу ерда учратдим. Улар мамлакатимиз келажагини яратадиган, янги Ўзбекистонни янги марралар сари олиб чиқадиган келажак таянчлари эканига амин бўлдим.
Воқеани ўқиб, креатив индустрия паркининг кутубхона, ўқув маркази, олий ўқув юртларидан асосий фарқи нимада эканини пайқамагандирсиз. Ушбу зиё масканининг бошқаларидан ажралиб турадиган жиҳати бу ерда талаб юқори бўлган замонавий касб эгалари: рақамли маркетолог, график дизайнер, пиар менежер ва таргетинг бўйича мутахассис, видеограф (ёки мобилограф), СММ менежер, 3D дизайнер каби мутахассислар тайёрланишидир.
Масалан, пойтахтимиздаги креатив паркнинг аксарият лойиҳалари айни шу йўналишга қаратилган. Хусусан, “Ustoz AI” мобил иловаси орқали масофадан туриб ҳам юқоридаги касблар бўйича таълим олиш мумкин. Бу касбларни эгаллагач, иш топиш масаласи қандай бўлади, деган савол кўпчилик учун қизиқ. Бугун қайси соҳада бизнес юритманг, ўз фаолиятингизни, албатта, интернет ва ижтимоий тармоқларда реклама, тарғиб қилишингизга тўғри келади. Бу борада эса сизга маркетолог, пиар менежер ва таргетинг бўйича мутахассис, СММ менежер ёрдам беради. Шу боис, турли дўкон, ресторан эгаларидан тортиб, қурилиш компаниялари, ишлаб чиқариш цехлари, корхоналарда ҳам ушбу касб эгаларига талаб мавжуд. Рақобат кучайиб бораётган бир даврда эса маҳсулот дизайни муҳим аҳамият касб этади. 3D дизайнер, график дизайнерлари бу масалада тадбиркорларнинг оғирини енгил қилади.
Фикримга ишонч ҳосил қилиш учун иш ўринлари ҳақида эълон жойлаштирадиган сайт ва ижтимоий тармоқ каналларига кириб кўринг. У ердаги ҳар учтадан битта бўш иш ўрни юқоридаги касб эгалари учун мўлжалланган.
Креатив индустрия паркларининг ҳудудларда ҳам ташкил этилиши ёшлар бандлигини таъминлашда қўл келади. Уларнинг дунёқараши кенгайиши, ижодкорлик қобилияти ортиши учун катта имконият яратилади, дегани. Юқоридаги замонавий касб эгаларига бўлган талаб шу йўсинда бартараф этилади.
Шунингдек, ҳудудларда креатив индустрия парклари очилиши креатив иқтисодиёт тармоғи тараққий этишига хизмат қилади. Қайд этиш керакки, бугун замон талабига мослашган ҳолда креатив иқтисодиётга асосланган бизнес лойиҳалари даромади каррасига ортиб боряпти. Шунинг учун креатив иқтисодиёт ривожига давлат ҳам беэътибор эмас. Ўтган йили қабул қилинган “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун унинг соҳаларга татбиқ этилишини тартибга солиб боради.
Ҳужжатда “Креатив иқтисодиёт — ижодиёт, интеллектуал қобилият, шунингдек, инновацияларга ҳамда технологияларга асосланган инсон салоҳияти натижасида иқтисодий қимматга эга бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) яратишга қаратилган иқтисодиёт тармоғи”, дея таъриф берилган. Унинг мазмунини мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Яқинда “СNN” халқаро нашри томонидан эътироф этилган, ўзбек дастурчилари яратган сунъий интеллект асосида ишлайдиган инновацион платформа — инглиз тилини ўрганувчиларга мўлжалланган “Speaklish”дастури креатив иқтисодиёт намунасидир. Сабаби дастурни яратишда инсоннинг дунёқараши, креатив фикрлаши, инглиз тилини билиш даражаси асос бўлиб хизмат қилади.
Халқаро майдонда ҳам қизиқиш ортиб бораётган дастурдан айни пайтда 50 мингдан ортиқ киши фойдаланмоқда. Эътиборли жиҳати, улар орасида нафақат юртдошларимиз, балки Марказий Осиё давлатлари, бошқа мамлакатлардан ҳам фойдаланувчиларнинг бор эканидир.
Ушбу дастур “Microsoft” ва “Google” сингари компанияларнинг стартап грантларини қўлга киритган. Унинг инглиз тилини ўрганишда қўлланиладиган бошқа дастурлардан устунлиги интерактив ва креатив ёндашув асосида тайёрланганидир. Келгусида ушбу лойиҳа катта халқаро бозорга чиқишни режалаштирмоқда.
Аҳоли сони йил сайин ортиб бораётган Ўзбекистонда креатив иқтисодиётни тараққий эттириш яхши самара беради. Чунки унинг асосий манбаи инсон капитали, кадрларнинг билим-салоҳияти, ижодий қобилиятидир. Илгари илм-маърифат ўчоғи бўлган мамлакатимиз кейинги йилларда ҳам бу борада ўзини намоён этмоқда. Ушбу соҳа билан кўпроқ ёшлар шуғулланиши ҳам Ўзбекистон учун айни муддао.
Рақамли иқтисодиётнинг адабий ижод, архитектура, лойиҳалаш, аудиовизуал санъат, мода ва дизайн, ижрочилик санъати, музейлар, бадиий галереялар (кўргазма), концерт-томоша фаолияти ҳамда оммавий-маданий тадбирлар ташкил этиш, тасвирий санъат, халқ амалий санъати, ҳунармандчилик каби бир қатор соҳаларни қамраб олиши унинг ривожи халқ маданияти, дунёқараши ўсишида ҳам муҳим роль ўйнашини билдиради. Жумладан, айни шу соҳаларга замонавий, креатив услуб ва технологияларни жорий қилган ҳолда моддий даромадни орттириш мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Туризм ривожланишига ҳисса қўшади. Аҳоли вакилларининг маънавий дунёқараши кенгайиши, ўзлик ҳисси ортишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, креатив иқтисодиёт тараққиёти ривожланиш занжирини ҳосил қилиб, барча соҳаларнинг ўсишига, давлат ва жамият ҳаётининг янги бир босқичга кўтарилишига замин ҳозирлайди.
Санжар ЭШМУРОДОВ
“Янги Ўзбекистон” мухбири