“Инсон қадри” деган эзгу тамойил бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизмида ҳам ўз аксини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан 27 нафар заиф эшитувчи болага эшитиш аппаратлари топширилди. Улар вилоятда ягона бўлган Шўрчи туманидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 122-сонли таълим муассасасининг тайёрлов синфида таҳсил олишади. Улар ўз исмларини бугун илк марта аниқ-тиниқ эшитдилар.
Ҳар қандай ота-она фарзандининг бекам-бенуқсон униб-ўсишини истайди. Лекин ҳаётнинг турли синовлари йўлингиздан чиқади, гоҳида. Учкўприклик Марғуба опа Исмоилова билан шунақа бўлди: эгизакларнинг эшитишида нуқсон борлигини билган куни жуда қийин аҳволга тушди. Кейинчалик секин-аста бунга кўникди. Фарзандлари учун эшитиш аппарати сотиб олишга кўп марта ҳаракат қилди, аммо бундай ноёб жиҳозни ҳар қаердан ҳам топиб бўлавермайди. Топганида, моддий имконияти етмади...
Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан 1 млрд. 399 млн. сўм маблағ эвазига 700 дона замонавий эшитиш аппарати харид қилиниб, заиф эшитувчи болаларга топширилмоқда.