Сурхондарёдаги сессияда ташкилий масала кўрилди

    Ҳукумат 13 март 2023 5114

    Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

    Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, воҳа аҳли турли соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга эришаётганини таъкидлади.

    – Шундай гўзал баҳор кунларида, улуғ айёмлар арафасида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Бугун вилоятга ҳоким қўйиб, янги марраларни белгилаб олишимиз керак. Мақсад – ислоҳотлар ижроси ва даражасини ошириш, ниятларни баланд қўйиб, шунга муносиб ҳаракат қилиш, халқ ичига кириб бориб, уларни рози қилиш, – деди Президент.

    Йиғилишда ҳудуд ривожининг бугунги ҳолатига тўхталиб ўтилди. Охирги беш йилда вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Янги қурилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро гидро электр станцияларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда.

    Шунингдек, 257 та мактаб қурилган ва реконструкция қилинган, боғчалар қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етган. 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланган.

    – Агар яна бир-икки йил қаттиқ ишлаб, халқимизга астойдил хизмат қилсак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига Улуғбек Қосимов номзодини тавсия этди.

    У.Қосимов 1983 йилда туғилган. 2018 йилга қадар Музработ ва Денов туманлари ҳокими, 2018-2022 йилларда Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар прокурори лавозимларида ишлаб, катта тажриба орттирган.

    У ўтган йил декабрдан буён Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

    Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Улуғбек Қосимов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.

    Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

    Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш энг асосий вазифа сифатида белгиланди. Маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначилик орқали 60 мингдан зиёд аҳолини, янги бизнес субъектлари ташкил қилиш орқали 4 минг аҳолини, ишсизларни замонавий касбларга ўқитиб 20 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

    Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлар эрта пишади. Шу боис вилоятда сўнгги беш йилда мева-сабзавот асосий экин майдонлари 2,5 баравар кўпайтирилган. Бу йил аҳоли учун яна 8 минг 500 гектар ажратилмоқда. Деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар ошириш ва экспортни 250 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

    Охирги беш йилда вилоят саноатига 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 5 мингдан зиёд корхона ташкил топган. Ишлаб чиқариш 3 баравар кўпайиб, саноат экспорти 132 миллион долларга етган. Сурхондарёда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси каби янги тармоқлар пайдо бўлган.

    Шу билан бирга, вилоятда ҳали фойдаланилмаган конлар ва имкониятлар кўп. Жорий йилда 292 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, саноатда импортни 50 миллион долларга қисқартириб, экспортни камида 250 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Йиғилишда энергетика масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидро электр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСда шу йилнинг ўзида 350 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шеробод туманида 457 Мегаватт қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш бўйича режалар айтиб ўтилди.

    Умуман олганда, Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

    Булар орқали 325 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Сурхондарёни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.

    Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

    Давлатимиз раҳбари белгиланган режалар энди ҳаётга кўчиши, барча ташкилотлар ҳоким атрофида бирлашиб, халққа хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates