“Сув хўжалигида долзарб 30 кунлик”

    Барчамиз орзиқиб кутган, бу йил ҳар йилгиданда кўпроқ соғинтирган, улуғларимиз дуога қўл очиб, баракали, ёмғирга мўл бўлишини сўраётган айём – кўклам фасли қуёшнинг илиқ нурлари остида кириб келди.

    Йироқдаги сув билан чанқоқлик қонмас, дейдилар. Шу маънода, дастлабки икки ойи ёғингарчиликларга сероб келган 2023 йилда иқтисодиёт тармоқлари ва халқимизга сувни муаммоларсиз етказиб бериш, оби ҳаётдан тежамкорлик билан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида республикамиз сувчилари тайёргарликни аллақачон бошлаб юборишган.

    Март ойи байрамлар ва гўзалликка бой, янгиланиш ва ўзгаришлар даври эканидан келиб чиқиб, “Сув хўжалигида долзарб 30 кунлик” эълон қилинди. Бу даврда сув иншоотларининг атрофларини тартибга келтириш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўчат қадаш, муҳофаза ҳудудидаги майдонларга экин экиш ишлари амалга оширилиши белгилаб олинди.

    Наврўз – баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, урф-одатлар, анъана ва қадриятларни ўзида мужассам этган умумхалқ байрами!

    “Сув хўжалигида долзарб 30 кунлик”нинг эълон қилиниши Президентимизнинг “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларга ҳамоҳангдир. Юртимизда Наврўзи оламни баланд руҳ ва катта шодиёна билан нишонлашга қаратилган мазкур қарорда байрам арафасида барча шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу борада мамлакатимиз сув хўжалигида ҳашарлар, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари бошланиб кетди.

    “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сувчилар 10 млн туп дарахт кўчатлари экишни режалаштирган эди. Шундан 2 млн тупи куз ойларида ўтқазилди. Февраль ойининг охирига келиб, яна 3 млн 400 минг тур кўчатлар экиб бўлинди. Айниқса, жанубий вилоятларда ишлар эрта бошланди.

    Сурхондарё вилоятидаги «Аму-Занг» ирригация тизими бошқармаси жамоаси каналлар атрофи, гидроучасткалардаги бўш майдонлар ҳамда ёрдамчи хўжалик экин майдонларининг четларига турфа дарахт кўчатларидан 7 минг тупини ўтқазишди.

    “Сув хўжалигида долзарб 30 кунлик” ташаббусини қўллаб-қувватлаётган жамоа аъзолари 31 мартгача 38 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар кўчатини экиш ва парваришлаш мақсадида ўзаро мусобақалашиб меҳнат қилишаяпти.

    — Аёнки, ёзда вилоятимиз, айниқса, Жарқўрғон тумани ҳудудида бошқа жойларга нисбатан ҳаддан зиёд иссиқ бўлади, — дейди бошқарма раҳбари Турғун Қулмирзаев. — Мутахассисларимиз йил бўйи каналлар атрофида ишлайди. Бугун ўтқазилаётган ниҳоллар намунали парваришланса, нари борса икки йилда соя ташлаб қолади. Ходимларимиз ҳеч бўлмаса соясида ҳордиқ чиқаради. Муҳими, каналлар атрофи дарахтзорга бурканса, кишининг баҳри дили очилади. Ҳар бир экилаётган ниҳол тутиб кетиши учун каналлар мутахассисларини масъул этиб тайинлаяпмиз.

    Тизимдаги маъмурий ислоҳотлар доирасида 2023 йилда Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятининг 10 та асосий йўналишлари белгилаб олинган. Булар: ихчам ва самарали бошқарувга ўтиш, сув ресурсларини бошқариш, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, таълим, илм-фан ва тармоқ интеграцияси, кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳани рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация ва мелиорация тадбирлари, инвестиция ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш йўналишларидир.

    Бу жараёнда энг қуйи бўғин ҳисобланган туман ирригация бўлимлари таркибидаги сув хўжалиги махсус хизматлари билан истеъмолчиларнинг муносабатларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, “вазир-мироб-фермер” занжири амалда самарали ишлашига ва халқнинг розилигига эришиш устувор мақсад қилиб қўйилди.

    Бир киши ариқ қазар, минг киши сув ичар, деган мақол бор. Ўттиз минг кишидан ортиқ сувчилар жамоаси бутун мамлакатимиз аҳолисининг фаровонлиги йўлида хизмат қилмоқда. Улар зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ўз касбини улуғлаб, юрт тараққиёти йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда.

    Шуҳрат СУЮНОВ,

    Сув хўжалиги вазирлиги
    ахборот хизмати бошлиғи