Сабаби у асосан дарахтларнинг илдизларидан турли хил антиқа буюмлар ясайдики, кўриб ҳавасингиз келади. Ҳунарманднинг ресторан ва меҳмонхоналарда фойдаланиладиган кўзалари, гулдонлари, стол-стуллари ва ҳар хил сувенир буюмларига айниқса, Европа давлатларида талаб катта.
Яқинда дунёнинг машҳур сайёҳлик марказларидан бири ҳисобланган Дубай шаҳрида ҳамюртимиз ўз савдо растасини очди. Эндиликда ҳунарманд ўзи яратаётган такрорланмас ноёб санъат асарларини дунё жамоатчилигига ҳам тақдим этади. Аслида тадбиркорнинг маҳсулотларига хорижда талаб катта бўлганлиги боис, буюртмаларнинг асосий қисми ҳам чет давлатлардан тушади.
Дарҳақиқат, бу инсонни кўпчилик яхши танийди. Ўтган йили Қўқонда ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида «Ўзгача услуб» номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси, «Ташаббус – 2019» кўрик танлови ғолиби Беҳзод Мадраимов яқинда фаолиятини кенгайтириш мақсадида «Устоз-шогирд» анъанасини давом эттириш таклифи билан Янгийўл туман ҳокимлигига мурожаат этди.
Туман ҳокимлиги ҳунарманднинг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Гулбаҳор шаҳарчасидан бино ажратди. Айни пайтда бу ерда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мадраимов келгусида «Устоз-шогирд» анъанаси асосида иш юритадиган ҳунармандлар мактабини ташкил этиб, 70 нафар шогирд тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Тадбиркор 50 та иш ўрни яратиш, 20 нафар хотин-қизлар учун тикув цехи ташкил этишни режалаштиряпти. Тикув цехида ҳунармандчиликда фойдаланиладиган либослар тайёрланади. Энг асосийси ҳунар ўрганиш истагида бўлган 25 нафар ногиронларга текинга касбнинг сир-асрорлари ўргатилиб, уларга сертификат ва диплом берилади. Туман марказидан узоқдан қатнайдиган ногиронларга қулайлик яратиш мақсадида эса уларни олиб келишда фойдаланиладиган махсус автотранспорт воситасини ҳам ўз ҳисобидан йўлга қўйиш нияти бор.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, тадбиркор ҳунармандчилик мактабини мустақиллик байрами арафасида ишга туширмоқчи.