Жумладан хорижий инвeсторлар учун имтиёз ва преференциялар:
1. Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан давлат инвестиция фаолияти ва инвестицияларни ҳимоя қилиш субъектлари учун қуйидаги кафолат турларини тақдим этади:
— инвестиция фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари;
— маблағлардан фойдаланиш кафолатлари;
— пул маблағларини бепул ўтказиш кафолатлари;
— инвестиция фаолияти тўхтатилиши муносабати билан хорижий инвестицияларни қайтариш кафолатлари;
— инвестор учун қонунчиликдаги салбий ўзгаришлардан кафолатлар;
— ошкоралик кафолати;
— инвестицияларни ҳимоя қилиш.
Экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш миллий тизими тўғрисида:
2. Маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш;
Cтандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш;
Cуғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини харажатларини қоплаб бериш;
Xорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш;
Молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритишни жорий қилиш харажатларини қоплаб бериш;
Савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларни қоплаб бериш;
Маҳаллий маҳсулотлар (хизматлар) ва брендлар (товар белгилари) бўйича рақамли рекламани хорижий интернет жаҳон тармоғи ахборот ресурсларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар, савдо майдончалари ва мобиль иловаларда жойлаштириш;
Қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналарига хориждан малакали дизайнер, технолог, маркетолог, сифат назоратчилари ва агрономларни жалб қилиш харажатларини қоплаб бериш;
Тадбиркорлик субъектларига нуфузли халқаро брендларни (товар белгиларини) жалб қилишга, шунингдек, уларнинг нуфузли халқаро брендлар эгалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш харажатларини қоплаб бериш;
Тижорат банкларига экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун ресурслар ажратиш;
Тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотларни субсидиялаш.
Шунингдек, 2024 йилда ташқи савдо соҳасида Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар чет эл компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Ўтказилган музокараларда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ва газламаларни етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари ўтган йилда Тошкент шаҳрида Халқаро электрон тижорат ва чакана савдо форуми доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида ташкил этилган биринчи “Central Asia Retail Week” чакана савдо ва электрон тижорат форуми бўлиб ўтди.
Форумда логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, МДҲ мамлакатларидаги ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда чакана савдога сунъий интеллект ва геомаркетинг сингари янги технологияларни жорий этиш каби муҳим йўналишларни муҳокама қилинди.
Шунингдек, 2024 йилнинг 18-27 ноябрь кунлари Европа бозорига мева-сабзавот маҳсулотлар экспортини ошириш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг “Ўзбекистонда Европа Иттифоқининг ГСП+ Имтиёзлар тизимидан самарали фойдаланиш“ лойиҳаси билан ҳамкорликда Латвия, Германия ва Франция мамлакатларига бизнес-миссия амалга оширилди.
Бунда Латвиянинг “ELBI”, “KGS GRUPA”, Германиянинг “EDEKA”, “DEDEBIO International” “Keuthmann”, “Lykos”, “Sonnenfrutch” ва Франциянинг “Adla Sp Z O. O” va “RML market”, “Saisof”, “Raphael Primeurs SAS” каби йирик компания вакиллари билан ушрашувлар ташкил этилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш бўйича Россиянинг нуфузли консалтинг компанияларидан бири бўлган “IMGR” компанияси жалб қилинди “Экспорт акселератор” дастури ишга туширилди.
Дарҳақиқат шу йилнинг 21-25 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида туман ва шаҳар ҳокимларининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосарлари иштирокида “Бутунроссия ташқи савдо академияси“ экспертлари томонидан “Ташқи иқтисодий фаолият асослари“ дастури бўйича малака ошириш курслари ташкил этилди.
Бунда малакали экспертлар томонидан ҳоким ўринбосарларига ташқи савдо соҳасида назарий ва амалий билим ва кўникмаларни ошириш юзасидан маълумотлар берилди.
Ўткан йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси “Осиё ва Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш тўғрисидаги ҳадли битим”нинг расмий аъзосига айланди.
Ушбу битимнинг асосий мақсади электрон шаклдаги савдо ҳужжатлари ва маълумотларини ўзаро тан олиш ва алмашиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, миллий ва субминтақавий тизимларнинг операцион мувофиқлигини оширишга кўмаклашиш орқали қоғозсиз трансчегаравий савдони ривожлантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 сентябрдаги ПҚ–316-сон “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган бўлиб, Ўзбекистон учун 2025 йил
3 февралдан бошлаб кучга киради.
Шунингдек, шу йилнинг март-август ойларида “Tashkent City Mall” савдо марказида халқаро брендлар товарларининг айрим турларини импорт қилувчилар вакиллари иштирокида учрашув ўказилди.
Учрашувда Adidas, Boss, Colinʼs, Nike, Next, New Yorker, Hugo, Pandora, Peserico, Pinko, Tommy Hilfiger, Twinset, Lacoste, Levis, Skechers, US Polo, Reebok, Ostin, Crocs каби 50 дан ортиқ халқаро брендлар вакиллари иштирок этди.
Халқаро брендлар вакилларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 октабрдаги 393-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 9 мартдаги 99-сон қарорига мувофиқ билан амалиётга жорий этилган импорт божхона божининг пасайтирилган ставкалари ҳамда қулайликлардан фойдаланиш имкониятлари ва шартлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.