Тажриба алмашишда ҳикмат кўп

    Бундан кўзланган мақсад – ҳарбий олий таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, курсантларнинг таълим олишлари ва илмий-тадқиқот ишларининг олиб борилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш ва ижобий тажрибаларни келгусида ФВВ Академияси ўқув жараёнига татбиқ этишдан иборат.

    Иш самарадорлигини оширишда ўзаро тажриба алмашиш, таклифларни инобатга олиш муҳим ўрин тутади.

    Зеро, фикр-мулоҳазалар асосида киришилган ҳар қандай юмуш анча салмоқли бўлади. Касб доирасида ўрнатилган ҳамкорлик эса ҳар икки томон учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Бу орқали янги ғоялар, ишланмалар, инновациялар вужудга келади.

    Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Ўлмас Музафаров ва бошқа масъул ходимлар томонидан алоҳида режа асосида республикамизнинг нуфузли ҳарбий олий таълим муассасаларига ташрифлар амалга оширилмоқда.

    Бундан кўзланган мақсад– ҳарбий олий таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, курсантларнинг таълим олишлари ва илмий-тадқиқот ишларининг олиб борилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш ва ижобий тажрибаларни келгусида ФВВ Академияси ўқув жараёнига татбиқ этишдан иборат.

    Навбатдаги ташриф, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига амалга оширилди. Полковник Ўлмас Музафаров бошчилигидаги ФВВ Академияси масъул ходимларига Ҳарбий техник институти бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳамроҳлик қилиб, Ҳарбий-техник институти моддий-техник базаси, у ерда курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, илмий-тадқиқот ишларининг олиб борилиши билан яқиндан таништирди.

    Танишув жараёнида Институтда битирувчи курс курсантларининг жойларда амалиёт ўтиш тартиби, ундан кўзланган мақсад ва эришиладиган натижалар, илмий жараёнларга курсант ва тингловчиларни жалб этиш усулларига алоҳида эътибор қаратилган бўлса, айнан курсантларнинг илмий иш натижаларини чоп этиш учун мўлжалланган Институтнинг алоҳида Хабарномасининг нашр этилиши ва ундаги материаллар танишувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

    Худди шундай ташриф жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясига бўлди.

    Мазкур ташриф давомида полковник Ўлмас Музафаров бошчилигидаги ФВВ Академияси масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясида ўқув жараёнининг ташкил этилиши, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Шунингдек, курсантлар учун ишлаб чиқариш амалиётини янада самарали ташкил этиш ҳамда ўқув режаларидаги фанларнинг ўзаро боғлиқлиги, уларнинг тақсимоти ва ҳажмини белгилаш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

    Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясига ўзаро тажриба алмашиш мақсадида қилган ташрифлари икки томонлама самарали ва фойдали ўтганлиги, ҳар икки томон келгусида ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро тажриба алмашишдан умидвор эканлиги таъкидланди.

    Ташриф якунлари бўйича олий таълим ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан келишув ва меморандумлар расмийлаштирилишига келишиб олинди.