Талаба ректор лавозимига тайинланди ёхуд НамДУдаги ўзига хос инновацион ёндашувлар хусусида

    Келажак бунёдкорлари бўлган навқирон авлодни қўллаб-қувватлаган ҳар қандай жамият тараққиётга эришишига шубҳа йўқ. Зотан, билимли авлод ҳар бир соҳада энг тўғри йўлни танлай олади.

    Шу маънода, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Наманган давлат университетининг энг муҳим фаолият мезонига айланган.

    Олий ўқув юртимиз отахон университет ва вилоятимизда ўз ўрнига, обрўсига эга. Келинг, НамДУ тажрибаси самараси хусусида ва ёрқин мисоллар билан батафсил ўртоқлашсам. Жорий ўқув йилида университетимизда 28 минг 472 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 18 минг 720 нафари қизлар. Биз ҳар бир талабанинг, у олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган илк кундан оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, муаммолари билан яқиндан танишамиз. Ўрганишлар якунига кўра, талабаларни тоифаларга ажратиб оламиз. Бундан ижтимоий ёрдамни, қўллаб-қувватлашни энг муҳтож талабалардан бошлаш мақсади назарда тутилган.

    Айни пайтда боқувчисини йўқотган талабаларимиз 728 нафар, чин етим талабаларимиз 14 нафарни ташкил этяпти. 224 нафар талабамизнинг ногиронлиги мавжуд, уларнинг 20 нафар 1-гуруҳ ногирони. 10 нафар талабамиз “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган.

    Шунингдек, талабаларимизнинг 1 минг 294 нафари талабалар турар-жойларида яшайди. Уларнинг 834 нафари қизлар, 799 нафари бошқа вилоятлардан қатнайди. 47 нафар ногиронлиги бўлган, 7 нафар кўзи ожиз, 79 нафар имтиёз асосида бепул яшовчи, 40 нафар боқувчисини йўқотган, 3 нафар чин етим, 19 нафар ижтимоий ҳимоя реестридаги талабаларимиз ҳам талабалар турар-жойларида истиқомат қилишмоқда, яратилган шароитлардан мамнун. Ҳозирча 3 минг 660 нафар талабамиз ижара хонадонларда туради, 2 минг 562 нафари қизлар. Улар яшаётган хонадонлар ўрганилган ва назоратга олинган. 85 нафар талаба “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари, 54 нафари “Аёллар дафтари”га, 816 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган талабалардир.

    Алоҳида таъкидлашим жоизки, талабаларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш юзасидан Наманган давлат университетининг ўз тажрибаси бор. Мазкур йўналишдаги пухта чора-тадбирлар муайян натижани бераётгани янада қувонарли.

    Жумладан, жорий ўқув йилида 3 минг 507 нафар талабага “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 1,8 млрд. сўм миқдоридаги моддий рағбатлантириш пуллари тўлаб берилди. Ижара хонадонларида яшовчи 6 минг 861 нафар талабанинг 1 млрд. 38 млн. сўм миқдоридаги ижара пуллари ҳам қоплаб берилди. 13 нафар етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар учун ўқув, илмий ва бадиий китоблар харид қилиш харажатлари учун 17 млн. 550 минг сўм субсидия ажратилди.

    Ўтган ўқув йилида университет томонидан 41 нафар боқувчисини йўқотган талаба қизнинг 273 млн. сўм миқдоридаги контракт пуллари қоплаб берилган бўлса, университет тавсияси асосида вилоят ҳокимлиги томонидан 42 нафар боқувчисини йўқотган талаба-қизнинг ҳам 270 млн. сўмлик шартнома пуллари тўлаб берилди. Бу қанча-қанча ота-оналар, талабалар ва уларнинг яқинлари қалбига хурсандчилик бағишлаганини тасаввур қилиш қийин эмас.

    Жорий 2022-2023 ўқув йилида эса тавсиямиз асосида вилоят ҳокимлиги томонидан 97 нафар боқувчисини йўқотган талаба қизнинг 665 млн. сўм миқдоридаги контракт пуллари, 83 нафар талабанинг 278 млн. сўм миқдордаги контракт пуллари раҳбарият томонидан ҳомийларни жалб этиб тўлаб берилди. 7 нафар “Темир дафтар”га кирган оила фарзандлари бўлган талабаларнинг эса 48 млн. сўм миқдоридаги контракт пули қопланди.

    Иқтидорли, ташаббускор, фаол талабаларни қўллаб-қувватлашимиз натижасида улар сафи кенгайиб боряпти. Чунки моддий ва маънавий рағбат уларга янги куч-ғайрат ва баланд руҳ улашмоқда. Ўтган ўқув йилида республика ва университет миқёсидаги танловларда ғолиб бўлган 45 нафар талаба 21 млн. сўм, “Йил талабаси” танловининг университет босқичида номинациялар бўйича 29 нафар ғолиб талаба 38 млн. сўм, “Универсиада” мусобақаси ҳудудий ва республика босқичида ғалабани қўлга киритиб, финал ўйинларига йўлланма олган 60 нафар талаба 85 млн. сўм миқдорида моддий рағбатлантирилди.

    Талабанинг молиявий имконияти етарли бўлсагина, у бутун эътиборини таълим олишга қаратади. Ўз навбатида, талабанинг айнан ўз соҳасида ишлаши унинг ҳозирданоқ касбий малака ва кўникмага эга бўлишига замин яратади. Шу мақсадда 2022-2023 ўқув йилида талабалар ишлаши мумкин бўлган бўш иш ўринларига 409 нафар талаба ишга жойлаштирилди.

    Жумладан, 133 нафар магистратура талабаларига ўрнатилган тартибда мутахассислиги бўйича, 116 нафар талаба бошқарув ва ўқув соҳасига ёрдамчи ходимлар, 32 нафари “Карьера маркази”га, 16 нафари “Коворкинг маркази”га, 20 нафари “NamDU Innovation” мебель корхонасига, жорий йилнинг ноябрь ойида эса 62 нафар магистратура босқичи талабалари, 30 нафар талаба бошқарув ва ўқув соҳасига ёрдамчи ходимлар сифатида ишга қабул қилинди.

    Шу ўринда Наманган давлат университетида ташкил қилинган “Карьера маркази” ҳақида маълумот бериб ўтсам. Марказда 16 та замонавий русумдаги компьютер мавжуд, уларга вилоятнинг 14 тумандаги бўш иш ўринлари маълумоти жойлаштирилган. 32 нафар 2-3-босқич талабалари мутахассис этиб ишга олинган. Марказда вилоят давлат ташкилотларидаги бўш иш ўринлари квотаси тегишли ташкилотлардан ҳар ойнинг 10-санасида олинади ва бўш иш ўринлари портфели йил давомида шакллантириб борилади. Бир сўз билан айтганда, марказда маълумотлар базаси яратилган. Танлов асосида талабаларга бўш иш ўринлари тавсия этиб турилади.

    “Коворкинг маркази”миз эса университет талаба-ёшларининг бизнес ташаббуслари, ғоялари, лойиҳалари, ноу-хаулари, стартапларини амалга ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, юридик ҳамда тижорий маслаҳатлар бериш, бухгалтерия ҳисоботларини юритиш, мастер-класслар ўтиш, семинарлар ташкил этиш ва бошқа бир қанча хизматларни кўрсатишга мўлжалланган. Марказ талабаларга ўз инновацион ва бизнес режаларини амалга ошириш ва тижоратлаштиришда ҳамкор ташкилотлар билан кўприк вазифасини ўтайди. Марказда ўн олти нафар иқтидорли талаба доимий иш билан таъминланди.

    Янги ғояларни ўзида жамлаган корхоналардан бири – “NamDU Innovation” унитар корхонасида эса йигирма нафар талаба фаолият олиб боряпти. Корхона талабалар учун технология таълими амалиётини таъминлаш, техник ижодкорлик ва дизайн, маҳсулот тайёрлаш технологияси, техник ижодкорлик ва конструкциялаш бўйича амалий машғулотларни замонавий, рақамли дастурларда бошқариладиган дастгоҳлар билан олиб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Корхонада талабалар бўш вақтларини унумли ўтказиш билан бирга миллий ҳунармандчилик асосида замонавий жиҳозларни тайёрлаш, мебелсозлик ва дурадгорлик касбларини эгаллашмоқда. Улар университетдаги мебель жиҳозларини замонавийлаштиришда ва янгилашда бевосита кўмаклашади ва моддий жиҳатдан рағбатлантирилади. Корхона келгусида вилоятдаги таълим муассасаларига замонавий талабларга мувофиқ мебель маҳсулотларини етказиб беради. Ҳозирда замон талабидан келиб чиққан ҳолда рақобатбардош мебеллар, жумладан, бир ва икки томонлама мобил стеллажлар, бир ва икки кишилик парталар, стуллар, олти кишилик трансформер, олти бурчакли столлар ишлаб чиқарилмоқда.

    Бундан ташқари, университетда талабалар бандлигини таъминлашда экология таълим йўналишининг ўн нафар иқтидорли талабасидан иборат “Ёш экопатрул” гуруҳи тузилган. Мазкур гуруҳнинг асосий вазифаси университет ҳудудидаги дарахт кўчатлари ҳисобини юритиш, ривожланиш ҳолатини назорат қилиш, доимий муҳофаза этиш ҳамда талаба ёшлар ўртасида экологик маданиятни ривожлантиришга доир турли семинарлар, учрашувлар ва профилактик тарғибот тадбирларини уюштиришдир.

    Қолаверса, Наманган давлат университетида республика олий таълим муассасалари ичида илк марта ўн нафар иқтидорли, ташаббускор ва фаол талабалардан таркиб топган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботчиси” гуруҳи хизмат кўрсатади. Гуруҳнинг асосий вазифасига Наманган вилояти шаҳар ва туманларида йўл чорраҳалари ва светофорларда ёши улуғ ва ёш болаларга кўмаклашиш, Наманган вилояти ЙҲХБ билан ҳамкорликда талабалар ўртасида йўл қоидалари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, тарқатма материалларини етказиш, университет атрофидаги чорраҳаларда ЙҲХБ ходимларига ёрдамлашиш ва иш фаолиятини ўрганиш киради.

    “NamDU FM” (www.namdufm.uz) онлайн радиоси ва овоз ёзиш студияси фаолияти йўлга қўйилгани ҳам олий таълим муассасалари орасидаги дастлабки ташаббус саналанади. Радиода жонли эфир жараёнини юритиш учун ўн нафар иқтидорли ва ташаббускор талабадан иборат ижодий жамоа шакллантирилди. Радиода университетдаги истеъдодли талабаларнинг янги ташаббуслари, ўзини-ўзи бошқариш органи фаолияти, илмий изланишлар натижалари, ижод намуналари, дорилфунун янгиликлари тўғрисидаги хабарлар мунтазам берилмоқда. Овоз ёзиш студиясида талабаларнинг мусиқий чиқишлари, жонли ижродаги қўшиқлар ва шеърий матнлар ёзиб борилиши анъана тусини олган.

    Ўн нафар жасур ёш аъзолигидаги “Қалқон” гуруҳи университет ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, профилактика инспекторларига ёрдамлашиш ва назарий билимларни амалиётда қўллайди. Мактабгача ва бошланғич таълим факультетидаги “Ёш дизайнерлар” ва “Мобил чеварлар гуруҳи” номли тикувчилик тўгараклари ҳамда юмшоқ ва қўлда ясалган ўйинчоқларни тайёрловчи тўгаракларда эллик нафар талаба-қиз севимли юмуши билан банд.

    Иқтидорли, фаол, ташаббускор ва ташкилотчи йигит-қизларни қамраган “Кўнгиллилар” ўзини-ўзи бошқариш органи фаолиятининг жорий этилиши билан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш руҳида тарбиялаш, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли оқилона сиёсат мазмун-моҳиятини жойлардаги тарғиботига жалб этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга эришилмоқда. Орган таркибига доимий равишда фаолият олиб бориш учун 86 нафар талаба аъзоликка сайланди. Шу кунга қадар гуруҳга 280 дан ортиқ кўнгилли талаба аъзо бўлди.

    Бўш вақтини мазмунли ўтказишга йўналтирилган 1-сонли талабалар турар-жойида “Караоке” майдончасида 200 дан зиёд талаба эркин фойдаланмоқда. Бундан эса уларнинг миллий мусиқага қизиқишини ошириш, санъатини намойиш қилиш учун шароит яратиш, селекция усулида ёшлар ичидан талантлиларни саралаб олиш кўзланган. Университет 1-ўқув биносида муҳташам “Ахборот-ресурс маркази”да талабалар учун ажратилган ўринлар сони 400 дан 1 минг 400 тага кўпайди. Бу ерда улар ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан танишиш баробарида QR-код тизими орқали ҳам адабиётларни электрон нусхаси билан танишиш имкониятига эга.

    Жамоатчилик бошқаруви, иқтидорли ва ташаббускор лидер талаба-ёшларнинг университет бошқарув тизимида қатнашишини таъминлашда университет ректори Собитхон Турғунов томонидан жамоатчилик асосида “Талаба-ректор”, “Талаба-декан” лавозимлари жорий этилган. Мазкур лавозимга киришган ёш раҳбарлар учун махсус (университет раҳбарияти ҳам бор) Телеграмм гуруҳи очилди. Унда университет ректори, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор ҳамда ёшлар етакчиси назорати остида топшириқлар берилиб, ижроси ҳам гуруҳ аъзолари томонидан таҳлил этиляпти. Ёш раҳбарлар тарафидан бугунгача талабаларнинг университет ички тартиб-қоидаларига бўйсунишлари, ўқув жараёнларидаги иштирокини таъминлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини раҳбариятга тўғридан-тўғри етказиш ва ўрнида ҳал этиш каби кўплаб чора-тадбирлар тезкор ва сифатли бажарилмоқда.

    Ниятимиз битта – чуқур билим ва малакага эга мутахассисни, юрт тақдирига дахлдор сезадиган соғлом фикрли ёшларни етиштириш. Бу масъулиятли ва шарафли катта йўлда жамики куч-салоҳиятимизни сарфлаймиз. Ишонамизки, талабаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ўзининг кутилган мевасини беради, албатта. Зеро, меҳр-эътибордан куч олган ёшларгина Ватанга садоқатли авлод бўлиб камол топади.

    Наримон ДЕҲҚОНОВ,

    Наманган давлат университети биринчи проректори,

    сиёсий фанлар доктори

    («Янги Ўзбекистон» газетасининг шу йил 18 март, 54-сони)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates