Иссиқлик таъминоти компанияси дарахт тагида қолиб кетган қизалоқ юзасидан муносабат билдирди

    "Биз оилага ҳар қандай ёрдамни тақдим этишга тайёрмиз. Бу фожиали йўқотиш ва ҳеч бир сўз билан ифода этиб бўлмас мусибат эканлигини англаймиз. Қизалоқ оиласига чуқур таъзиямизни билдирамиз."

    Veolia Energy Tashkent компанияси дарахт қулаши оқибатида ҳалок бўлган қизнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

    "Биз оилага ҳар қандай ёрдамни тақдим этишга тайёрмиз. Бу фожиали йўқотиш ва ҳеч бир сўз билан ифода этиб бўлмас мусибат эканлигини англаймиз. Қизалоқ оиласига чуқур таъзиямизни билдирамиз.

    Айни дамда компаниямиз кенг қамровли текширув ишларини олиб бормоқда ва масъул шахсларга нисбатан чоралар кўради, шунингдек, иш жараёнларига, шу жумладан таъмирлаш ишларига ўзгартиришлар киритади.

    Кўриб чиқилаётган имкониятлар:

    • дарахтлар ва бошқа кўп қаватли объектлар яқинида иш олиб борилганда, амалдаги меъёрларда назарда тутилганидан каттароқ майдонни тўсиб қўйиш;
    • хавфли зонанинг периметри атрофида одамларнинг киришини чеклаш учун ишчи ходимларни жойлаштириш.

    Бундан ташқари, агар ишлар потенциал хавфли объектлар (қуруқ дарахтлар, эскирган иншоотлар ва бошқалар) яқинида амалга оширилса, тайёргарлик тадбирларини ўтказиш учун махсус хизматларни жалб қилиш (қуруқ дарахтларнинг шохларини кесиш, беқарор иншоотларни демонтаж қилиш, ва бошқалар)", - дейилади хабарда.

    Эслатиб ўтасиз, Чилонзор туманида 1 ёшли қиз вафот этганлиги ҳолати юзасидан прокуратура томонидан ЖКнинг 186-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.

    Сув қувурларини таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ишчилар хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб бориши оқибатида дарахтнинг илдизи очилган ва ўз вазнини кўтара олмай йиқилган.