Таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш янги ютуқларга йўл очади

    Мамлакатимизда олий таълимга қамров бир неча баробар ошди, олийгоҳлар сони йилдан йилга ортиб, таълим олиш истагида бўлган ёшларга имкон эшиклари янада каттароқ очилаётир.

    Тиббиёт олий таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ҳам таълим-тарбия жараёнига қаратилаётган эътибор намунасидир. Хусусан, ўтган 2023/2024 ўқув йилида Тошкент тиббиёт академияси бош ўқув биноси реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада жаҳон талабларига мос симуляцион, биотиббиёт, таълимни рақамлаштириш, ахборот-ресурс марказлари, илмий текшириш лабораториясини ўз ичига олган, жиҳозлар билан бойитилган, тўлиқ рақамлашган смарт ўқув биноси ишга туширилди.

    Аҳоли саломатлигини сақлаш, сифатли хизмат кўрсатиш, турли касалликларнинг олдини олиш, аввало, соҳадаги кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Шу маънода соғлиқни сақлаш тизимига тайёрлаётган кадрларимиз замон талабларига жавоб бериши, битирувчиларимиз халқаро майдонда ўз ўрнини топиши, меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши лозим.

    Президентимизнинг жорий йил 22 январдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Тошкент тиббиёт академияси таълим дастурларини Жаҳон тиббий таълим федерацияси стандартларига мос равишда халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси қўйилган эди. Қарор дунёқараши кенг, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрларни тарбиялашдек эзгу мақсадни белгилаб берди. Тошкент тиббиёт академияси зиммасига таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси ҳам юкланди.

    Илмий-педагогик жамоа бу вазифа масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда барча имкониятларни таълим сифати ва самарадорлигига йўналтирди. Зеро, бугунги кунда олий таълим муассасаси нуфузи, таълим сифатини белгиловчи муҳим омиллардан бири унинг халқаро аккредитациядан ўтгани билан белгиланади.

    Биз халқаро аккредитация жараёнига тизимли, тўлақонли ва пухта тайёргарлик кўрдик. Натижада Тошкент тиббиёт академиясининг 10 та бакалавриат таълим йўналиши — даволаш иши, педиатрия иши, стоматология иши, фармация, тиббий-профилактика иши, олий ҳамширалик иши, халқ табобати, тиббий-биологик иш, биотиббиёт муҳандислиги, соғлиқни сақлаш менежменти, магистратуранинг 3 та, клиник ординатуранинг 3 та, малака оширишнинг 3 та таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди.

    Аккредитация Жаҳон тиббий таълим федерацияси стандартлари асосида Мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги томонидан ташкил этилди. Бу мустақил агентлик дунёнинг 31 мамлакати олий таълим муассасаларининг йилига камида 200 дан ортиқ таълим дастурини аккредитациядан ўтказадиган нуфузли ташкилот саналади.

    Қоидага мувофиқ, таълим дастурларида ички аудит ўтказилиб, агентликка ҳисобот тақдим этилди. Агентликнинг 20 нафар ташқи эксперти иштирокида ташкил этилган мазкур жараёнда суҳбат ва саволнома орқали талабалар, педагоглар, раҳбарият, иш берувчи ва битирувчиларнинг фикри ўрганилди. Бундан ташқари, академиянинг моддий-техник базаси ҳолати, клиник амалиёт базалари, кафедралардаги ўқув жараёнлари билан яқиндан танишилди. Экспертларнинг якуний хулосасида Тошкент тиббиёт академияси таълим дастурлари халқаро стандартларга мувофиқ деб топилди.

    Халқаро аккредитация Тошкент тиббиёт академиясига нима беради?

    Мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги халқаро экспертлари томонидан олийгоҳимизнинг таълим жараёнини ташкил этишдаги баъзи жиҳатлари эътироф этилди. Унга кўра, академия инклюзив ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ва барча учун умрбод таълим имкониятларини рағбатлантиради. Бу ерда таълим жараёни илмий фаолият билан уйғунлашган, таълим олувчилар илмий тадқиқот ишларини ташкил этишда моддий-техник база ва лаборатория имкониятлари билан етарлича қамраб олинган. Талабаларнинг таълим олиши учун қулай шароит яратилган. Улар замонавий симуляция марказида амалий кўникмаларни ўзлаштириш имкониятига эга. Соҳанинг етук мутахассислари ўқув жараёнига жалб этилган, 150 га яқин клиник базада таълим олиш имконияти яратилган. Талабалар фан ресурслари ва ахборот-ресурс имкониятлари билан тўлақонли таъминланган.

    Тошкент тиббиёт академияси таълимга Жаҳон тиббий таълим федерацияси стандартларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширган муассаса сифатида ўз ўрнига эга бўлди. Ушбу ютуқ нафақат академиямиз, балки соғлиқни сақлаш тизимининг ҳам катта ютуғидир. Бу эса мамлакатимизда соҳани ривожлантириш бўйича кечаётган ислоҳотларга муносиб жавоб деб ўйлаймиз. Халқаро аккредитация жамоамизга жуда катта масъулият юклайди. Жараёнга шаффоф усулларни жорий этиш, инглиз тилидаги таълим улушини ошириш, ўқитиш сифати, талабаларнинг мустақил таълим олишини рағбатлантириш, билимини баҳолаш тизимини тубдан ўзгартириш борасида қиладиган ишларимиз кўп. Бунга куч ва салоҳият етарли, шароит ва имкониятлар бор.


    Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,

    тиббиёт фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 114-сонида (2024 йил 11 июнь) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates