Таълим ва ёшлар янги Ўзбекистон нигоҳида!

    Долзарб 30 декабр 2020 6976

    Жорий йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Мазкур Мурожаатномани бутун халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

    Мурожаатнома аввалида Президентимиз пандемия шароитида жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз – ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарурлигини ҳамда республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқишда янги сиёсий муҳит вужудга келганини таъкидлаб ўтди.

    Шунингдек, глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш барча раҳбарларнинг бош вазифаси бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.

    Янги Ўзбекистонни билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этиш мақсадида Президентимиз томонидан кириб келаётган 2021 йилни мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб номлаш таклиф этилди.

    Айниқса ушбу Мурожаатномада таълим ҳамда ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилганлиги янги авлод кадрларини тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

    Жумладан, Президент таълим ва ёшлар сиёсати бўйича қуйидаги бир қанча муҳим таклифларни илгари сурди:

    мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш;

    таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш;

    иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этиш ва ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериш;

    олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши;

    олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиши;

    аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши;

    олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши;

    «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши;

    янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши;

    келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиши ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилиши;

    илғор халқаро амалиёт асосида, доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши;

    ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши;

    ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилиши;

    2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминланиши кабилар.

    Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказишимиз зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

    Шунингдек, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилиши назарда тутилди.

    Мурожаатнома давомида мамлакатимизнинг барча соҳаларини бугунги кун ҳолати, эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш, ёшлар бўйича давлат сиёсатининг олиб борилиши, туризм, банк тизими, энергетика, нефть-газ, солиқ сиёсати, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларига ҳамда яна бир қанча масалаларига батафсил эътибор қаратилди.

    Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимидаги инновацион ёндашувлар ва ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали давлатимизнинг таълим ва ёшларга бўлган эътиборининг нақадар юксак эканлигидан далолат беради. Шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишда албатта жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновациялар етакчи ўринда бўлиши зарур.

    Дилфуза Абдуллаева,

    Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали

    Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates