Тақдиримдан хавотир оладиган меҳрибон Президентим бор!

    Газетамизнинг 2021 йил 29 июндаги сонида “Бахтли қизнинг ҳикояси: “Президент менга умид берди, янги ҳаёт, буюк бахт улашди” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Мақолада тошкентлик қиз Азиза Самиғовага Президентимиз янги уй совға қилгани ва бу уйга кўчиб ўтиш лавҳалари, кўмакка муҳтож оиланинг бахтиёр кунлари манзараси, миннатдорлик сўзлари ўрин олган эди.

    Катта ислоҳотлар жараёнидамиз. Таҳририятда ҳам ҳар куни иш қайнайди. Чопа-чоп, югур-югур. Баъзан жамиятдаги воқеа-ҳодисалар, янгиланишлар суръати журналистларни ҳам шошириб қўяётгани бор гап. Янги Ўзбекистонда, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида бўлаётган яхшиликларни эса ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Шундай кунларнинг бирида таҳририятимизга Азиза исмли қиз телефон қилди. “мен ўша, ўтган йили Президентимиз уй совға қилган қиз — Азизаман. мана шу уйда онам билан бахтиёр яшаётганимизга ҳам бир йил бўлди. Бугун ҳаётимиз тубдан ўзгарган. Катта ишларни бошлаганмиз. Лекин Президентдан уй ва мактуб олганим бир зум бўлса-да, ёдимдан чиққани йўқ. Шундан буён ўтган бир йилда эришган ютуқларимиз ва ҳозир ҳам сўнмаган ҳаяжонимни сизлар билан бўлишмоқчи эдим”, деди. У бизни уйига, давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган ишхонасига меҳмонга чақирди. Албатта, биз бу таклифдан хурсанд бўлдик ва белгиланган кунда Азизанинг уйида эдик...

    Ҳаётий ҳикоя

    — “Тақдирнинг ҳар бир синовида, албатта, ҳикмат бор. Ҳаёт қийинчиликлари инсонни янада кучли қилади. Шубҳасиз, бу синовли кунлар ҳам ўтмишга айланади. Шуни билингки, сиз ҳеч қачон ёлғиз эмассиз. Сизнинг тимсолингизда барча шижоатли ўғил-қизларимизнинг мақсадлари амалга ошиши учун доимо ёрдам қўлини чўзамиз. Президентимизнинг бу сўзлари, мана, бир йилдирки, нафақат қулоқларим остида жаранглаб менга куч, шижоат ва рағбат беради, балки орзуларимга қанот, ишимга унум, кўнглимга ҳаловат ва таскин бағишлайди. Илгари “Отасиз ўсдим, суянчим йўқ, шунинг учун ҳаёт зарбаларига учраяпман”, дея ўкинардим. Энди “Менинг меҳрибон, жонкуяр, тақдиримдан хавотир оладиган Президентим бор. Нафақат менинг, барча Ўзбекистон ёшларининг суянчи, ишончи бўлган давлатимиз раҳбари ва унинг оқил, одил сиёсати бор”, деб суюнаман. Бошпанасиз эдим, уйли бўлдим, жамиятда ўз ўрнимни топдим. Буни бир сўз билан айтиб беришим анча қийин...

    Мақоламиз қаҳрамони Азиза Самиғованинг сўзларини тинглар эканмиз, Президентимизнинг “Инсон қадри учун” деган тамойил асосидаги ислоҳоти ҳаётимиз ва фаолиятимиз мезонига айланганига яна бир бор амин бўламиз. Янги Ўзбекистонимизда сўнгги йилларда юритилаётган инсонпарварлик сиёсатининг дунё ҳамжамиятида эътироф этилаётгани нафақат Азиза сингари ёшларимизни, балки барчамизни бирдай қувонтириб, яшашга рағбат беради.

    Янгиҳаёт туманида онаси билан яшаётган Азизанинг болалигидан бошлаб бошпанасиз, иложсиз, имконсиз ўтган йиллари ҳикоясини жон қулоғимиз билан берилиб эшитар эканмиз, ёшгина қизнинг муштдеккина юрагида катта жасорат борлигини, ҳаётнинг залворли ва машаққатли юкини ўз елкасига оғринмай юклаб яшаб келгани ғамгин ҳикояга ўхшарди. Аммо бу ҳаётий ҳикоя эди.

    Ёшгина қизнинг Сергели туманида 12 йил онаси билан ижарама ижара сарсон бўлиб яшагани ҳам, баъзан ейишга нон, ётишга жой топа олмагани ҳам айни ҳақиқат. Зулматли тунларда, илонлар, каламушлар макон қилган зах ва қоронғу жойларда юрагини ҳовучлаб, қўрқувдан дийдираб тонг оттирган кунлари ҳам бўрттирма ёки лоф эмас.

    Кимлардир нонни исроф қилиб ахлат идишларига ташлаётган, дабдабали тўйларда пулларни одамлар боши узра оғринмай сочаётган бир пайтда Азиза ва унинг онаси бир тишлам нон топиш илинжида не машаққатларни бошидан ўтказмаган дейсиз. Шундай бўлса-да, ҳаётдан нолимаган. Она-бола ҳалол меҳнат машаққатларида қийналиб яшаса-да, шукроналикни тилидан қўймаган.

    Энг асосийси, Адолатнинг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи бўлмаган. Тўқувчиликми, тикувчиликми, пишириқлар пишириш, деҳқончилик қилишми - ҳаммасини уддалаган ва бу хислат Азизага ҳам ўтган.

    Азиза болалигидаёқ онаси кўрган ситамли кунларни ўз кўзи билан кўриб, ҳаёт қийинчиликлари олдида бош эгмай вояга етди, Шу боис, катталардай узоқни ўйлаб фикр юритади. У онаси билан маслаҳатлашиб, бувисининг чоғроққина томорқаси бир бурчагида тирикчилик қилиш, рўзғор ғорини тўлдириш учун кичик цех ташкил қилади. Аммо етарли маблағи йўқлиги сабабли ишлари ўнгланиб кетавермайди. Шунда ҳам борига қаноат қилиб, арзон гаровга тикиш-бичиш ишларини бошлаб юборади.

    Ана шундай эзғин ва ғамгин кунларнинг бирида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар дафтари” ҳақидаги хабарни эшитиб қолади ва ўзлари яшайдиган маҳалла идорасига умид билан боради. Уларнинг яшаш шароитини, турмуш тарзини яхши билган маҳалла оқсоқоли Азизани “Ёшлар дафтари”га, онасини “Аёллар дафтари”га киритади. Шундан сўнг улар ўзларига ажратилган имтиёзли кредит эвазига учта замонавий тикув машинаси сотиб олди. Ишлари юришиб, буюртмалар олиб, иш бошлади.

    Умид учқунлари милтиллаб ёнаётган фараҳбахш кунларнинг бирида Азизанинг орзу-ўйлари ва фикрлари ҳақидаги видеолавҳа Президентимизнинг эътиборига тушади. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди: Азизанинг ҳаёти бир кунда ўзгариб кетди...

    Давлат раҳбарининг оталарча ғамхўрлиги ва меҳри билан Азизага Янгиҳаёт тумани “Янги Чоштепа” маҳалласида бунёд этилган замонавий турар жойдан Президент совғаси — 3 хонали уй берилди. Ана шундан сўнг она-бола ҳаётида қувончга тўла файзли ва мазмунли ҳаёт бошланди. Гўё эртакдаги афсона кўз олдида содир бўлаётгандек. Азизанинг ҳаётига шодликлар гулдастаси пойандоз бўлиб тўшалаётгандай туюлади. Кўзларида қувонч учқунлари порлаб, дунёларга сиғмай кетгандай бўлади. Ахир бундай бундай бахт ҳаммага насиб этавермайди-да.

    Вақтнинг тез ўтишини қаранг, шунга ҳам роса бир йил бўлибди...

    – Худди кечагидай ёдимда, менга уй калитини Президентимиз жамоасидан бир гуруҳ масъул кишилар энг илиқ тилакларни изҳор этган ҳолда топширган.

    Бу воқеа кўнглимни ёритиб, юрагимга қувват берган чоғ яна бир мўъжиза рўй берди ва бу мен учун ҳаётимдаги энг катта ва қадрли совға бўлиб қолди. Бу – Президентимизнинг менга йўллаган мактуби эди.

    Бу мактубни ва янги уй калитини олгач, дунё кўзимга шунчалар чиройли кўрингандики, осмонда учаётгандай тасаввурда эдим, ҳаяжондан тилларим калимага келмади, — дейди Азиза ғурур ва фахр билан.

    Ўша кундан бошлаб Азизанинг ҳаётида туб бурилиш ясалди. Сокин ўйлари тарқаб, юзида майин табассум ва ҳаётга ишонч пайдо бўлди.

    Аслида болалигидан бошлаб унинг дилини ўртар азобли кунлари кўп ва хўп бўлган. Дарслардан чиқа солиб онасига ёрдам бериш учун шошиб келадиган қизчанинг кўпинча оч юриши, баъзида гуруч ва макарон қайнатиб ейиши ҳозир афсонага айланган. Бугунги саодатли ва ёруғ кунларида ўзини эмас, ўзи сингари қийналган ёшларга оз бўлса ҳам кўмак бериш учун ҳаракат қилмоқда.

    Давлатимиз раҳбари топшириғи билан берилган кредит эвазига замонавий тикув машиналари сотиб олинган. Бугун бувисининг ҳовлисидаги эски цех замонавий жиҳозланиб, янги қиёфа касб этган. Ҳозир бу жой ёшлар билан гавжум. Ўз фаолиятини йўлга қўйган Азиза онаси билан махсус кийим-кечак ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Келгусида цех фаолиятини янада кенгайтириб, шу орқали “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш, ёш қизларга тикувчилик сир-асрорларини ўргатишни мақсад қилган.

    — Биласизми, баъзан кўзларимни юмиб, ўтиб кетган йилларим машаққати ва азобини кўз олдимга келтириб, “Наҳотки мендек оддийгина бир қизга Президентимиз уй совға қилди. Камига яна менга мактуб ҳам йўллади”, дея қайта-қайта ғурурланаман. Тўғриси, бошимга қўнган бахт қуши ҳар бир ўзбек қизига насиб қилишини чин дилдан истайман. Мен энг бахтли қизман! Шу муқаддас она Ватанимизга керакли фарзандман. Бугун эса қўлларимни кўксимга қўйиб меҳрибон Президентим Шавкат Мирзиёевга яна бир бор раҳмат айтаман. Онам кўрган зулматли тунларга ёруғлик олиб киргани, менинг ҳаётимга фараҳбахш гўзал кунларни ҳадя этгани учун бир умр дуо қиламан.

    — Ҳа, чиндан ҳам сўнгги йилларда давлатимиз томонидан ёшларга катта эътибор бериляпти, — дейди Азизанинг онаси Адолатхон майин табассум билан. — Мен ва қизим сингари қанчадан қанча ёшлар уйли, ишли, ҳунарли бўлди. Жамиятга фойдаси тегяпти. Мен илгари тадбиркорлик қиламан деб кўп эшикларда сарғайдим, ҳокимларнинг олдига қоғоз-қалам билан қатнадим. Ҳаммаси отангга бор, онангга бор қабилида иш кўрган. Улар минг бир баҳона ва сабабни рўкач қилиб, менга одамдай муомала ҳам қилмаган. Бундан олти-етти йиллар олдин ҳам тадбиркорга ола кўз билан қарашарди. Ҳар икки куннинг бирида текширувлар, юрак зада эди. Тадбиркорга ҳеч ҳам осон бўлмаган, шу соҳада бошлаган ишим умуман ўхшамаган. Очиғини тан олиб айтишим керак, Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан сўнггина мен каби овораю сарсонларнинг елкасига шамол тегди. На уйимиз, на тайинли ишимиз бўлмай абгор яшаган кунларимда не-не корхоналарга бош уриб борганмиз. Аммо садо чиқмаган. Ўзимни эмас, қизимни ўйлардим. Боламнинг ўксик дилини, чўккан руҳиятини қандай кўтарсам экан, дея бошим қотарди. Мана, ҳаммаси ортда қолди, гўё тушга айланди. Бугун энг бахтли онаман. Илоҳим, давлатимиз раҳбарининг умри узоқ, бошлаган ишлари бардавом бўлсин!

    Президентимиз берган ишонч ва рағбат Азиза ҳамда онасининг кунларига мазмун, ишига шижоат бахш этди. Айни пайтда улар кечаю кундуз меҳнат қиляпти, чарчашни билмайди. Азиза дизайн соҳасининг моҳир устаси бўлмоқчи. Айни дамда она ва боланинг бир қанча шогирдлари бор. Энг қувончлиси, бугун улар маҳалладаги ёшлар учун бепул тўқувчилик курси ташкил этган. Азиза ишлари янада юришиб кетса, ўзи каби қийналган ёшларга доим кўмаклашишни, онаси эса уйсиз юрганларга, ҳеч бўлмаса, биринчи тўловини тўлаб беришни астойдил ният қилган.

    Бугун улар ўз маҳсулотларини ички бозорга тарқатмоқда. Қийқим мато бўлакларидан ҳам санъат асарига ўхшаган ғаройиб ёстиқчалар тикмоқда ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга совҳа қиляпти. Бир сўз билан айтганда, маҳалланинг фаол аъзоси ва кичик ғамхўрига айланиб улгурган. Ишлари, ниятлари ва ҳатто хаёлларида ҳам фақат одамларга яхшилик қилиш, меҳр ва мурувват кўрсатишни ўйлайди.

    — Президентим билдирган ишонч, рағбатни ўзимнинг меҳнатим, иқтидорим билан оқлашим ва жавоб беришим керак. Бу менинг фарзандлик бурчим, — дейди Азиза.

    Дарҳақиқат, бугун инсон қадр-қиммати тобора юксалиб бормоқда. Очиқлик ҳамда шаффофликка асосланган, аҳолининг кам таъминланган қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар бардавом бўляпти.

    Энг асосийси, ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий ислоҳотлар шунчаки хўжакўрсинга эмас, аксинча, халқимиз кўз ўнгида очиқ ва ошкора бўлаётгани айни ҳақиқат. Президентимизнинг “Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур”, деган пурмаъно гапининг ҳаётий ифодасини халқимиз, Азиза Самиғова сингари ёшлар ҳаётида ўз кўзимиз билан кўряпмиз ва жараёнларни қалбдан ҳис қиляпмиз.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates