Янги тартибга кўра, ҳар йили туман ва шаҳарлар бюджетида 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағлар режалаштирилади ҳамда 10 тадан ортиқ лойиҳалар учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуднинг аҳоли сонидаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.
Шунингдек, ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтганлигини инобатга олган ҳолда 2025 йил 1-мавсумдан бошлаб молиявий мустақил бўлган Олий ўқув муассасаларининг «Ташаббусли бюджет» жараёнларида иштирок этишига рухсат берилмайди.
Бундан ташқари, эндиликда маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида «Ташаббусли бюджет» жараёни доирасида ташкилотлар томонидан барча турдаги автомобиллар, жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид жиҳозлар (радар, жамоат жойларидаги кузатув камералари, светофорлар), раҳбар ходимлар учун мебель жиҳозларини харид қилиш ҳам таъқиқланади.