«Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми 1 февралдан бошланади

    «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йилги илк мавсумига 1 февралдан старт берилади.

    Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.

    Бунда лойиҳалар киритиш 20 кун — 1−20 февраль саналарида амалга оширилади. Лойиҳаларни саралаш эса 21 февралдан 11 мартгача давом этади. Овоз бериш эса 12−31 март давомида ўтказилади.

    Ушбу мавсум учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. 2024 йилда лойиҳаларнинг энг юқори қиймати 1 млрд 360 млн сўмни ташкил этади.

    Ташаббусли ёки партисипатор бюджетлаштириш — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти.