Негизини автокредитлар ташкил этувчи истеъмол кредитларининг ўсиши 168 млрд. сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврида қарийб 20 баробар кўпроқ, 3,1 трлн. сўмлик ўсиш қайд этилган эди.
Банкларнинг жами кредит қўшилмалари ой давомида 6,7 трлн. сўмга ўсган ва 490,3 трлн. сўмга етган. Ойлик ўсишнинг 2,5 трлн. сўми чакана, 4,2 трлн. сўми корпоратив кредитларга тўғри келган (давлат банкларининг фаоллиги ҳисобига).
Давлат банкларининг кредит портфели 4,3 трлн. сўмга, хусусий банкларники 2,4 трлн. сўм ўсган. Давлат банкларидаги кредит фаоллиги билан бир вақтда муаммоли кредитларнинг сезиларли камайиши ҳам қайд этилган.
Улушда энг катта муаммоли кредитларга эга бўлган "Octobank" захиралар ҳисобидан NPL қолдиғини тўлиқ ноллаштирган. Жами муаммоли кредитлар қолдиғи 2,4 трлн. сўмга, 20,9 трлн. сўмгача қисқарган NPL улуши 4,8 фоиздан 4,3 фоизгача тушган.