Тинчлигимиз кафолати, миллий ғуруримиз тимсоли

    Мамлакатимизда ҳар йили Ватан ҳимоячилари кунини санани миллий байрам сифатида нишонлаш мамлакатимизда ўзига хос анъанага, гўзал бир қадриятга айланган.

    Бу бежиз эмас албатта. Сизу бизнинг ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқда, мана шундай масъулиятли бурчни адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ҳарбийларимизни эса бугун ҳар қанча эъзозласак, эътироф этсак арзийди.

    Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ҳам ўзига хос шукуҳ, кўтаринки кайфиятда нишонланди.

    Байрам тантанасида Олий Мажлис ва ҳукумат аъзолари, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ўқиб эшиттирди.

    Қайд этиш керакки, байрам шодиёналари, Президентимиз фармойишига асосан “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!» деган ғоя остида ватанпарварлик ойлиги тадбирлари доирасида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кўтаринки руҳда ўтказилаётир.

    Байрам тадбирида ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар санъат элементларини ўзида жамлаган ва Қуролли Кучлар қудратини намойиш этувчи, ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

    Таниқли санъаткорлар, ҳарбий оркестр, бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари ижросидаги она Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, дилбар рақслар гулдастаси барчага хуш кайфият бағишлади.

    Тантаналарда юзларидан самимий табассум, атрофга мамнуният билан боқаётган ҳарбийларнинг дил изҳорларини, кўнглидан кечаётган фикрларини борича қоғозга туширдик.

    — Ҳаётимнинг салкам 50 йилини шу соҳага бағишладим ва бундан жудаям мамнунман. Бугун, армия ва халқнинг бирлиги натижасида Қуролли Кучларимиз жамиятнинг ажралмас қисмига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг мустаҳкам боғичига айланди, десам ҳеч муболаға қилмаган бўламан, – дейди Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси, фахрийлар марказий кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Абубакр Наврўзов. — Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичда жадал давом эттирилмоқда. Соҳага рақамлаштириш ва илғор технологиялар жорий этилмоқда. Буларнинг барчаси миллий армиямизнинг том маънодаги нуфузи ва обрўсини янада юксалтириш, фахримиз ва ғуруримиз тимсолига айланишида асосий омил бўлмоқда. Ватанни, ўз халқини ҳимоялаш аслида ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Биз ҳарбийларга билдирилган ишончни оқлаш, Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш эса ҳаётимизнинг бош шиоридир.

    Дарҳақиқат, инсон қадрига устувор эътибор қаратилаётган кейинги йилларда ҳарбий соҳани ислоҳ этиш, мазкур йўналишдаги миллий қонунчиликни давр талабига мос тарзда такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ҳарбий хотин-қизларнинг ҳам ўрни беқиёс, хизматлари юксакдир.

    – Эл-юрт тинчлиги, унинг корига яраш наинки мақсадимиз, балки умримиз мазмунига айланиб бормоқда. Юрт тинчлиги, халқимиз ҳимояси учун биз ҳарбий хотин-қизлар ҳам жонимизни беришга тайёрмиз. 32 ёшни қаршиладим. Бугун ҳарбийлик формасини кийиб юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётганимдан фахрланаман, – дейди Марямхон Тожибоева. – Жорий йилда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимидаги ҳарбий хизматчи аёллар ўртасида ўтказилган “Тўмарис-2023» Республика кўрик танловида биринчи ўринни қўлга киритдим. Бу кўкрак нишонига сазовор бўлишим, кўнглимда энг ёрқин, фараҳбахш туйғуларни уйғотди. Ҳозир байрам тантаналаридаги Президентимизнинг табригини тинглаб, ўзимдан, касбимдан ва бизларга билдирилаётган юксак ишончдан янада куч олдим.

    Чиндан ҳам бугун ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий соҳада ҳарбий хотин-қизлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. “Халқ ва армия якдил” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар ҳарбий қисм ва муассасаларнинг эшикларини ёшлар ва аёллар учун кенг очиб берди. Бир сўз билан айтганда, армия ва халқ бирлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

    – Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз жасорати, уларнинг “Билаги зўр – бирни енгар, онги ва юраги зўр эса – мингни” деган доно ўгитлари бизга айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатни уқтиради. Соҳадаги улкан ўзгаришларнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон ҳарбийларининг халқаро йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради, – дейди катта лейтенант Исломжон Қўчқоров. – Биргина 2023 йилда Мудофаа вазирлиги қўшинлари бир қанча муваффақиятларни қўлга киритди. Хусусан, Американинг Миссисипи штадидаги Кемп Шелби базасида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи” мусобақасида иштирок этган аскар йигитларимиз барча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Буюк Британияда ўтказилган “Кембрия патрули” мусобақасида 44 та давлатнинг 118 та жамоаси ўртасида 2-ўринни ва Корея Республикасида ўтказилган “Халқаро илмий жанговар тайёргарлик” мусобақасида 5 та давлатнинг 13 та жамоаси ўртасида биринчи ўринни қўлга киритди. Бир сўз билан айтганда, ортда қолаётган ҳар бир кун шунчаки ўтиб бораётгани йўқ.

    Дарҳақиқат, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида биргина ўтган йил давомида Мудофаа вазирлиги қўшинлари мутахассислари халқаро аренадаги турли ҳарбий мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади. Соҳадаги улкан ўзгаришларнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон ҳарбийларининг “Халқаро армия ўйинлари”, “Кембрия патрули” (Англия), “Энг яхши жангчи” (АҚШ) ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради.

    Жорий йилнинг 12 январь куни Президентимиз раислигида, Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида, давлатимиз раҳбарининг “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, деган сўзлари ва мамлакатимиз ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини қайта кўриб чиқиш юзасидан берган тегишли топшириқлари, навқирон авлод вакилларининг юртимиздаги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини ошириш борасидаги фикрлари келажак ёшларининг ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

    — Ўтган йили АҚШда ўтказилган “Энг илғор жангчи — 2023» мусобақасининг мутлақ ғолиби бўлиб, шоҳсупага кўтарилганимда биргина шу жумланинг масъулияти нечоғлиқ шарафли, улуғвор ва масъулиятли эканини янада теран ҳис этдим, — дейди кичик сержант Азамат Кенжаев. — Тўғри, биз тараққиёт асрида яшаяпмиз. Аммо, ёшларга имкониятлар яратилмаса, қўллаб-қувватланмаса бизлар олға қадам боса олмаймиз, юксак марраларни забт эта олмаймиз. Шу байрам тантанасидан фойдаланиб, ушбу имкониятлар бошида турган Президентимизга раҳмат айтаман ва барча юрт посбонларини табриклайман.

    Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates