Тинчлик қадри

    Эй эрксевар халқим, оғир дард бўлди

    Сен учун охирги жаҳон уруши.

    Унинг зарбасидан ўртаниб эллар

    Сенга ҳам текканди катта улуши.

    Муқаррар ўлимга кетди тик боқиб,

    Қанча кўкси тоғдек жасур ўғлонинг.

    Ахир эркак ори турса бонг қоқиб,

    Кўзга кўринарми бир ширин жони.

    Кетишди эркакман деганнинг бари

    Халқим, меҳри дарё юрагинг ғашлаб.

    Турмуш ва рўзғорнинг тоғдек юкини

    Кексалар, аёллар кифтига ташлаб.

    Булар топганини ўзи ермиди,

    Урушнинг қўлида эди-да изми.

    Кеча-кундуз ишлаб топган нонининг

    Қоларди ўзига тўртдан бир қисми.

    Уруш жабрин кўрган турли миллатдан,

    Элим, аямадинг нон ва ошингни.

    Етим болаларин сақлаб офатдан,

    Меҳр-ла силадинг эгик бошини.

    Қанча бўз йигит ва навқирон эркак

    Кетаверди шимол ва ғарбга томон.

    У ёқда тинч ҳаёт бўлганди эртак,

    Уруш даҳшатидан титрарди жаҳон.

    Олти йил қутурган «аждарҳо» уруш

    Саноқсиз инсоннинг еди бошини.

    Ўғил, қизларини берди қанча эл,

    Янчиб ташлангунча фашист қўшини.

    Бу гал осонликча келмади тинчлик –

    Миллионлаб одам бўлди қурбони.

    Шунча миллат ичра қилди бошинг тик –

    Минглаб ўзбекларнинг тўкилган қони.

    Ўтган аждодларнинг руҳи бўлсин шод,

    Бизга қолдиришган юрт гулшанини.

    Барча авлодларга мудом бўлсин ёд,

    Улар асраганлар Ватан шаънини.

    Халқим, ҳар болангга уқтиргин такрор:

    Шундай келмаганин бу тўкин ҳаёт.

    Тўқликларга шўхлик қилмасин зинҳор,

    Бўлсин аждодларга муносиб авлод!

    Оталар ибратин сақлаб ёдида,

    Ватан кўрки учун қилсин у меҳнат!

    Етсин гўзал ҳаёт, тинчлик қадрига!

    Она юрт тинчлиги – энг буюк неъмат.

    Сайдулла Қоплонов,

    Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.