Тоғ-кон саноати: соҳада тажриба алмашиш улкан натижалар гарови

    Хитой фойдали қазилма конларига бой мамлакатлар қаторида етакчилардан ҳисобланади. Хусусан, дунёда камёб металлар минерал хомашё базасининг каттагина қисми айнан Чин юртида жойлашган.

    Ўзбекистон ҳам рангли ва қора металлар захираси ва уларни қазиб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бири. Буни олтин қазиб олиш бўйича дунёнинг энг яхши топ-10 мамлакати рўйхатида эканимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Ёки, “Mining Visuals” портали ўтган ой сайёрамизда ишлатилаётган энг йирик олтин конларига оид эълон қилган рейтингида “Мурунтов” кони биринчи ўринни эгаллагани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

    Бугунги кун саноати учун энг талабгир ресурс – мис захиралари бўйича ҳам етакчилар қаторидамиз. Хусусан, биргина Олмалиқда 30 миллион тоннага яқин мис захираси аниқланган.

    Мамлакатимизда бугунги кунда шу каби қазилма бойликларини чуқур қайта ишлаш орқали саноатни жадал ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Демак, айни йўналишда Хитой билан ҳамкорлик қилиш икки томон учун ҳам манфаатли ҳисобланади.

    Айни шу боис ҳам Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик устувор йўналишлар қаторида тоғ-кон металлургия, ер қаърини ўрганиш соҳаларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Сўнгги йилларда Хитойнинг йирик саноат компаниялари билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, қатор йирик инвестициявий лойиҳалар ишга туширилди.

    Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ер қаъридан фойдаланиш, фойдали қазилма конларини тадқиқ қилиш ва уларни ўзлаштириш, ўзаро ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, замонавий инновацион технологияларни жалб этиш каби йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётимиз ривожи учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Хитойнинг “The 4th Constraction Company Ltd. of China 15h Cooperation” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида хорижлик мутахассисларни юртимизда кўмир қазиб чиқариш истиқболларига жалб этиш режалаштирилган. Негаки, хитойлик мутахассислар кўмир шахталарини қуриш борасида катта тажрибага эга.

    2023 йил ноябрь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Табиий уран саноатини ривожлантириш бўйича биринчи халқаро форум” доирасида Хитой Миллий ядро корпорацияси (China National Nuclear Corporation - CNNC) ва “Навоийуран” давлат корхонаси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганди. Хитойнинг мазкур корпорацияси мамлакатдаги глобал ядровий лойиҳалар бўйича етакчи ҳисобланади. Корпорация ҳозирда 22 та амалда ишлаётган ва 6 та янгидан қурилаётган энергоблокка эга Хитойдаги ягона уран ишлаб чиқарувчи йирик корхона ҳисобланади.

    Сиан шаҳрида ўтган йил 17-22 май кунлари ўтказилган Ўзбекистон –Хитой бизнес-форуми доирасидаги кўргазмада бир қатор ташкилот ва идоралар билан бирга Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати вакиллари ҳам иштирок этиб, республикамиздаги геология соҳасининг сўнгги ютуқлари намойиш этилган эди. Хитой томони билан қўшма лойиҳалар, уларнинг истиқболлари, келгусидаги ҳамкорлик масалалари келишиб олинганди. Айни пайтда мазкур келишувлар асосида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти.

    “Шарғункўмир” АЖни модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳа доирасида эса “Шарғункўмир” АЖ ҳамда Хитойнинг “Амикам” компанияси ўртасида келишув мавжуд. Унга асосан ер ости кўмир қазиб олиш мажмуаларини эксплуатация қилиш учун хитойлик юқори малакали мутахассислар жалб этилади.

    Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан республикада ягона – ўзида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мужассамлаштирадиган университет, “кластер” барпо этилди. Университетда геология соҳаси учун етук, малакали, замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган.

    Қарор билан университет олдида хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, бизнес-ҳамжамиятлари ва халқаро геологик жамиятлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, таълим ва илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш вазифалари белгилаб берилган. Ҳозирги кунга келиб 30 га яқин хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва йирик компаниялар билан таълим ва илм-фан йўналишларида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

    Жумладан, университет таркибидаги Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти ҳузурида Хитойнинг СУАР давлат дастури бюроси билан ҳамкорликда “Ўзбек – Хитой илмий-техник хамкорлик маркази” ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида институтнинг 19 нафар ёш илмий тадқиқотчиси Хитой томонидан ташкил этилган турли қўшма семинарларда иштирок этди. Ўз навбатида, 20 дан ортиқ хитойлик илмий тадқиқотчилар Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати, Чотқол-қурама, Марказий Қизилқум ҳудудларидаги маъдан конлари билан яқиндан танишди.

    Узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда юқори натижаларга эришиш ҳамда фойдали қазилмаларни қайта ишлаш соҳасида муҳим вазифаларни ечиш мақсадида 2023 йил 17 октябрь куни Пекин шаҳрида ўтказилган “Бир макон, бир йўл” саммити доирасида Хитойнинг “BGRIMM Technology Group” компанияси ва Геология фанлари университети таркибидаги Минерал ресурслар институти ўртасида қўшма лабораторияни ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бундан ташқари, институтда компания ташаббуси билан “Мураккаб таркибли маъданларни қайта ишлаш ва ундан олинган мураккаб бойитмалардан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш” ҳамкорлик лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.

    Ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида шу кунларда Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган Хитой – Ўзбекистон таълим форумини алоҳида таъкилаш жоиз. Икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида ўтказилаётган ушбу форум икки мамлакат ўртасида таълимнинг турли босқичларидаги ҳамкорлик масалалари, глобал муаммолар муҳокамаси учун ўзига хос платформа вазифасини ўтаётгани диққатга сазовор.

    Форум доирасида Геология фанлари университетига ҳамкорлик қилиш истагини билдирган Хитой геофанлар ҳамда Хитой тоғ-кон ва технология университетлари ўртасида академик алмашинув, қўшма таълим дастурлари, ҳамкорликдаги илмий лойиҳаларда иштирок этиш каби йўналишларда меморандумлар имзоланди.

    Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бу қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш. Дастур доирасида талабалар тегишли йўналишлар бўйича 2 та дипломга эга бўлиши режалаштирилган.

    Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик қаторида ушбу таълим форуми ҳам давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, тараққиётнинг янги саҳифаларини очишга хизмат қилади.

    Зеро, Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин айтганидек, “Юракда интилиш бўлса, мақсадга элтувчи йўл узоқ туюлмайди. Биз Ўзбекистон томони билан дипломатик муносабат ўрнатилган кундан бошлаб шаклланган эзгу анъанани давом эттириш, янги тарихий муҳитда Хитой ва Ўзбекистоннинг муштарак тақдири билан боғлиқ ҳамжамиятни яратиш йўлидаги миллий тараққиёт ва тикланиш йўлидан биргаликда олға одимлашга тайёрмиз.”

    Мақсуд ИСОҚОВ

    Геология-минералогия фанлари доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates