Шу жиҳатдан қаралганда, ижро интизоми ислоҳотларнинг муваффақиятига асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида устувор вазифалар белгилаб берилган.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш борасидаги устувор йўналишлар этиб:
— қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш;
— бошқарув тизими, замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини мақсадли ҳамда устувор вазифаларга мувофиқ такомиллаштириш;
— қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш, аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш;
— қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги назорат бандларида аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича “йўл хариталари”ни (назорат режаларини) ўз вақтида ишлаб чиқиш;
— ижро интизомига масъул бўлинмаларнинг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш;
— ташкилий, ижро ва назорат фаолияти ягона тизимининг натижадорлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш белгиланган.
Демак, ҳар қандай ҳужжат ижросини таъминлашда уларда белгиланган амалий механизмлар, шакллар ва усуллардан самарали фойдаланиш зарур.
Шундан келиб чиқиб, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида иш юритишнинг ички жараёнлари автоматлаштирилиб, электрон ҳужжат айланиши тизими тўлиқ жорий этилган. Соҳа фаолиятига тааллуқли ҳужжатлар ижросини ташкил қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган қарорлар қабул қилиш, уларни тегишли ходимларга муддатида ва тўлиқ етказиш ҳамда назорат картотекаларини юритиш тизими йўлга қўйилган. Жумладан:
биринчидан, қонунчилик ҳужжатлари вазирликка келиб тушиши билан дарҳол раҳбарнинг уни ижрога қаратиш юзасидан топшириғи тайёрланади ва имзоланиб, тегишлилиги бўйича масъул ижрочиларга етказилади;
иккинчидан, қонунчилик ҳужжатларидаги топшириқларга аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича назорат режалари ишлаб чиқилади ҳамда уларни ҳар бир ходимнинг шахсий иш режасида акс эттирилиши таъминланади;
учинчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини барвақт ва самарали ташкил этиш чоралари кўрилиб,
“Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида ўз вақтида ҳисобот берилишига алоҳида эътибор қаратилади;
тўртинчидан, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар душанба куни вазир ҳузурида, чоршанба ва жума кунлари вазир ўринбосарлари бошчилигида муҳокама қилинади ва зарурий чоралар кўриб борилади.
Ҳар пайшанба куни вазир бошчилигида тизим ташкилотлари ва ҳудудий бошқармалар билан ўтказиладиган видеоселектор муҳокамаларида ҳам ижро интизоми масаласи кўриб чиқилади;
бешинчидан, қўйилган вазифаларнинг моҳияти ва аҳамиятини вазирлик, тизим ташкилотлари масъуллари ўртасида тушунтириш мақсадида “иқтисодий ўқиш”лар ташкил этиб борилади.
Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда ижро интизомини мустаҳкамлаш, мазкур йўналишдаги муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш ҳамда топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш юзасидан амалий семинарлар ўтказилади;
олтинчидан, қонунчилик ҳужжатларидаги топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилиши назоратга олиниб, вазирлик ҳайъати йиғилишларида муҳокама қилиниб, мўлжалланган мақсадларга эришилиши ҳамда ижро интизоми ҳолати ходимларнинг KPI тизимида акс эттирилиб борилади;
еттинчидан, вазирликда белгиланган топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида ҳар ойда (кунбай) календарь график ва вазир ўринбосарлари кесимида “йўл хариталар” ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Мазкур амалий чора-тадбирлар самара кўрсатмоқда. Жумладан, вазирликка белгилаб берилган вазифалар доирасида 2024 йилда шаффоф механизмлар асосида электрон аукцион платформаси орқали тадбиркорларга таклиф этилган кон ва ер участкалари ҳисобидан давлат бюджетига деярли 240 миллиард сўм тушум таъминланган. Жорий йилда бу кўрсаткич 2 баробар ошиши кутилмоқда.
2024 йил 31 октябрда янги таҳрирдаги “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун ижросини таъминлаш, қонун билан тадбиркор ва инвесторларга яратилаётган қулайликлар, шарт-шароитларни, асосий тушунчаларни жамоатчиликка етказиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Шунингдек, қонундан келиб чиқиб, бир қатор қонуности ҳужжатлар, ҳукумат қарорларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.
2025 йилда йирик саноат лойиҳаларидан бири — йилига 1 миллион тонна қувватга эга, иссиқ ҳолда прокатланган лист ўрамлар ишлаб чиқарадиган қуюв прокатлаш мажмуасини фойдаланишга топшириш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йил якунига қадар 467 та топшириқ ижроси таъминланиши талаб этилиб, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 110 фоиз, маҳсулот экспорти 107 фоиз бажарилиши режалаштирилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 2,6 миллиард АҚШ долларни ташкил этувчи инвестиция ўзлаштириш белгиланган, шундан 1 миллиард доллари геология-қидирув йўналишидаги янги лойиҳаларга тегишлидир.
2024 йил давомида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига Ўзбекистон Президенти ҳужжатларида (“Ijro.gov.uz” тизимида) жами 627 та (шундан 447 та топшириқда вазирлик асосий ижрочи), ҳукумат ҳужжатларида 521 та топшириқ белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси ўз вақтида ва тўлиқ таъминланиб, назоратдан ечилган.
2025 йил январь-июнь ойлари давомида Президентнинг (“Ijro.gov.uz” тизимида) 86 та ҳужжатидаги жами 287 та (шундан, январь — 57 та, февраль — 22 та, март — 40 та, апрель — 42 та, май — 29 та, июнь — 97 та) топшириқ назоратга олинди. Уларнинг ўз муддатида сифатли ижросини таъминлаш мақсадида темир интизом билан ишланиши натижасида барчасининг ижроси тўлиқ таъминланди ва назоратдан ечилди.
Вазирлик тизимида ижро интизоми бевосита ходимларнинг KPI тизимига боғланган, топшириқларнинг ижро муддатини бузган масъулларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ҳамда лавозимдан озод қилиш каби кескин чоралар ҳам кўриб борилмоқда.
Хусусан, 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида 9 ходимга ҳайфсан, 5 ходимга қатъий огоҳлантириш ҳамда 4 ходимга интизомий жазо чораси сифатида жарималар қўлланилди.
Президентимизнинг 2024 йил 13 мартдаги “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилди.
Вазирлик фаолиятининг 2025 йил учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланди. Қарорда тоғ-кон саноати ва геология вазири, унинг ўринбосарларига 2025 йил I чорак учун 41 та, II чорак учун 44 та, III ва IV чораклар учун 49 та фаолиятнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичи белгилаб берилди.
Жорий йил I чораги якунлари бўйича барча кўрсаткичлар юз фоиз бажарилди. Ҳозир II чорак якунлари бўйича белгиланган кўрсаткичларни тўлиқ бажариш чоралари кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2025 йил 16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши, “Халқ назорати” электрон портали ишга туширилиши белгилаб берилди.
Ушбу кўрсатма ва устувор вазифалардан тўғри хулоса қилиниб, вазирликда яратилган ижро интизоми тизими қайта кўриб чиқилди ва уни янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.
Ҳафтанинг уч куни давомида топшириқлар ижроси самарадорлигини ҳудудларда мақсадли ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган муаммолар билан жойида танишиш ҳамда соҳадаги давлат хизматларини қулай равишда кўрсатиш каби вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида вазирлик ва унинг таркибига кирувчи корхоналарда мунтазам равишда “иқтисодий ўқиш”лар ташкил қилинмоқда. Бундан асосий мақсад — ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш.
Жорий йилнинг ўтган даврида мутасадди вазирлик ва идоралар иштирокида камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалалари, экспорт прогноз кўрсаткичлари ижроси ва юртимизда коррупциядан холи муҳит яратишни давом эттириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича “иқтисодий ўқиш”лар ўтказилди.
Ислоҳотлар фақатгина қарор қабул қилиш билан чекланмайди. Улар татбиқ этилмаса, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир соҳада фаолият юритаётган раҳбар ва ходим ижро интизомига жиддий эътибор қаратиши, юклатилган вазифаларни виждонан бажариши зарур.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай қарорнинг қиймати унинг амалда қай даражада ижро этилишида намоён бўлади. Бу эса ижро интизомининг аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, геология ва тоғ-кон саноати иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлгани каби ижро интизоми ҳам ислоҳотларнинг “юраги”, яъни унинг ҳаракатга келтирувчи кучидир. Ижро интизоми бор жойда аниқлик, масъулият, самарадорлик ва натижа бўлади. Бу мамлакат тараққиёти ҳамда халқ фаровонлигининг асосий кафолати ҳисобланади.
Бобур ИСЛОМОВ,
тоғ-кон саноати ва геология вазири
("Янги Ўзбекистон" газетаси. 2025 йил 1 июль, 133-сон)