Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида юридик шахслар, фуқаролар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, қонунда тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш, қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш ҳамда соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни кўзда тутиш каби тартиблар ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари қонун билан суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда, жумладан, Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўловларни амалга оширмасдан фойдаланиш, давлат органларидан қарздор фаолияти бўйича маълумотларни бепул олиш, мулки бўлмаган корхоналарни тугатишда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш каби янги тартиблар белгиланмоқда. Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокатларга ҳам тўловга қобилиятсизлик таомилларини ўтказиш ҳуқуқи берилган.
Улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилган. Қарздор юридик шахсга суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилини қўлланишига эришган суд бошқарувчисини рағбатлантириш, қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар бериш ва бошқа нормалар таклиф этилмоқда.
Қонунга қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида кредиторларнинг талабларини тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлиши қоидаси киритилмоқда.
Қонунда жисмоний шахсларнинг манфаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қарздорнинг (жисмоний шахснинг) ойлик даромадларидан келиб чиқиб, қарздорликни тўлов графиги асосида бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилмоқда.
Умуман мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини кўтариш ҳамда амалиётда тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушган корхоналар фаолиятини тезкорлик билан тиклаш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
ахборот хизмати











