Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 20-октябрдаги 550-сон қарорига кўра, топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола жойлаштирилган муассаса маъмурияти ёки тиббиёт муассасасининг аризасига биноан амалга оширилади.
Ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола жойлаштирилган муассаса ёки тиббиёт муассасаси маъмурияти бола топилганидан кейин етти иш кунидан кечикмаган муддатда ФҲДЁ органларига топиб олинган (ташлаб кетилган) болани қайд этиш ҳақида мурожаат этишлари шарт.
Топиб олинган (ташлаб кетилган) бола туғилганлигини қайд этиш ҳақидаги аризада боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати, ёши, жинси, вазни ва бўйи ҳақидаги маълумотлар аниқ кўрсатилиши зарур.