Тошкент давлат шарқшунослик университетида 1-босқич талабалари учун таништирув дарслари онлайн тарзда бошланди

    12 октябрь соат 8:30 дан 7 та факультетда zoom платформаси орқали онлайн таништирув дарслари бошланди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларни олий таълим тизимига қамровини босқичма-босқич ошириб бориш бўйича белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университети олдинги ўқув йилига нисбатан 2020-2021 ўқув йилига қабул квоталарини 25 фоиздан зиёдроқ қилиб шакллантирди, яъни 2019-2020 йилда барча таълим йўналишлари ва мутахассисликларига 870, шундан 732 нафар бакалавриатга ва 138 нафар магистратурага қабул қилиниши белгиланган бўлса, бу йили жами 1095 нафар, шундан 925 нафар бакалавриатга ва 170 нафар магистратурага талаба қабул қилиш тасдиқланди.

    Жорий йилда абитуриентларнинг 52796 нафари бешта таълим йўналишини танлаш имкониятидан фойдаланиб, университетимиз таълим йўналишларига dtm.abutur.uz сайти орқали ариза топширдилар ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 25 сентябридаги 5-сонли баёни билан тасдиқланган Давлат тест марказининг тест синовлари қайдномасига кўра, 1085 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Яъни давлатимиз раҳбарининг турли тоифадаги абитуриентларга белгилаб берган имтиёзлари ҳам қўлланиб, бакалавриат қабул режаси 160 нафар ортиғи билан бажарилди ва ёшларни олий таълим тизимига қамрови олдинги йилга нисбатан 50 %дан ортди. Эътирофга лойиқ жиҳатларнинг энг муҳими, қабул режаларидаги давлат гранти учун ажратилган 60 ўрин Давлат комиссиясининг қарори билан 175 тага кўпайтирилди. Бу давлатимиз раҳбариятининг иқтидорли ёшларга ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига алоҳида эътиборларининг яққол намунасидир.

    Университет қабул комиссияси томонидан мазкур талабаликка тавсия этилган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда, яъни абитуриентларнинг катта миқдори бир жойда тўпланишининг олдини олган ва ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда ташкил этиш мақсадида таълим йўналишлари бириктирилган факультетлар жойлашган 3 та бинонинг очиқ фазоли ҳовлиларида 5-10 октябрь кунлари 43 нафар техник котиблар ишлади ва абитуриентларнинг деярли барчасидан ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида абитуриентларга максимал қулайликлар яратилиб, тўлов-шартномалари ҳам бирданига расмийлаштирилди.

    Шу билан бирга, 1-курсга қабул қилинган талабаларни университет ўқув жараёнига кўниктириш, уларни масофавий таълим тартиб-қоидалари ва айниқса, университетда 2020-2021 ўқув йилидан жорий этилган кредит модуль тизимида ўқиш тартиблари билан батафсил таништириш учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич тезкор равишда амалга оширилди. Мазкур режанинг асосий ғояси талабаларни илк кунларданоқ масофавий таълим тизимига кўниктириш қилиб белгиланди ва университет профессор-ўқитувчиларини вилоятларга хизмат сафарига юбориб, талабаларга таништирув дарсларини ташкил этиш ўрнига барча талабаларни бирданига бевосита масофавий таълимга қамраш асосий мақсад сифатида қўйилди. Бунинг учун 1-курс талабалари тегишли таълим йўналишлари бўйича мураббийлар бошчилигидаги телеграм гуруҳларга бириктирилди ва ўқув жараёнига тегишли кўрсатмалар, услубий қўлланмалар, масофавий таълим тизимида қўлланадиган турли дастурий таъминотлар, уларни интернетдан юклаб олиш йўриқномалари, 2020 йил 12 октябридан бошланадиган ва 1-курс мактаби таништирув дарслари мавзулари, университет сайтидан фойдаланиш кўрсатмалари, университетнинг mt.tsuos.uz сайтида жойлашган moodle масофавий таълим платформасида ишлаш йўриқномалари, кредит модуль тизимида ўқиш тартиблари, университет электрон кутубхонаси ҳақидаги маълумотлар ўзбек ва рус тилларида етказиб борилди.

    Бу маълумотлар содда, аниқ ва тушунарли бўлишига алоҳида аҳамият берилди ва уларнинг барчасига овозли слайд тақдимотлари, видео қўлланмалар илова қилиб берилди. Гуруҳ мураббийлари талабалар билан виртуал мулоқотларда ва телефон орқали суҳбатларда тушаётган саволларни таҳлил этиб, яна қандай маълумотлар тайёрлаш ҳақида таклифлар бериб бордилар. Параллель равишда университетнинг tsuos.uz расмий вебсайтида 1-курс номи остида махсус рукн очилди ва ўзбек ва рус тилларида университет таркибий тузилмаси, факультетлар таркиби, кафедралар бўйича маълумотлар, онлайн 1-курс мактаби таништирув дарслари жадваллари, 1-курс дарс жадваллари, электрон кутубхона, масофавий таълимга кириш ва тегишли маълумотлардан фойдаланиш йўриқномалари, кредит модуль тизими изоҳлари ва яна бошқа қатор фойдали ресурслар жойланди. 1-курс талабалари учун максимал қулай бўлиши учун бу маълумотларнинг ҳар бирига алоҳида гипер ҳаволалар берилиб, бирданига тегишли маълумотлар, слайд тақдимотлар, видео қўлланмалар, электрон китобларни юклаб олиш имкониятлари яратилди.

    Белгиланган тартиб бўйича 12 октябрь куни соат 8-30 дан 7 та факультетда линклари олдиндан талабаларга етказилган zoom платформаси орқали онлайн таништирув дарслари Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ректори Гулчеҳра Рихсиеванинг 1-курс талабаларига табриги билан тантанали равишда бошланди ва бу кунга белгиланган мавзулар тўлиқ ёритилиб, университет, факультетлар, кафедралар ҳақидаги маълумотлар берилди, университет Ички тартиб қоидалари, Одоб-аҳлоқ қоидалари билан таништирилди. Таништирув дарсларида талабаларнинг иштироки 90% атрофида бўлди ва онлайн мулоқотлар жараёнида талабаларни академик гуруҳларга бириктирилиш тартиблари, дарс жараёнларида иштирок этиш ва фанларни ўзлаштириб боришга оид саволларига батафсил жавоблар берилди. Тошкент давлат шарқшунослик университетида 1-курсларни ўқув жараёни билан таништирув дарслари 14 октябргача бўлади ва 15 октябрдан бевосита фанлар бўйича масофавий дарслар бошланиб, талабалар бевосита профессор-ўқитувчилар раҳбарлигида онлайн таълимга мослашишни давом эттиришлари белгиланган.

    А.Воҳидов

    Тошкент давлат шарқшунослик университети

    ўқув ишлари бўйича проректори