Мазкур байрам шодиёнасига Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари мутасадди ходимлари, биринчи курс талабалари, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.
Дастлаб олий таълим муассасаси фаолиятига оид видеоролик, сўнгра театрлашган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шу билан бирга биринчи курсга қабул қилинган талабаларнинг келгусида етук мутахассислари, профессор, академик, энг муҳими фидоий шифокор бўлиб хизмат қилишлари учун тилаклар билдирилди.
Тадбирда сўз олган университет ректори Шуҳрат Боймуродов барча талабаларга мурожаат йўллади ҳамда 1-курс талабаларини янги ҳаёт бошлаётганлари билан табриклади. Шундан кейин барча талабалар талабалик қасамёдини қабул қилишди. Тиббиёт соҳасида ўз фаолиятини йўлга қўйишни истаган ёшлар учун бу илк қадам бўлди.
Тадбир давомида Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан кўп йиллар давомида университетда самарали фаолият олиб бораётган ва унинг ривожига ўз ютуқлари билан ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчиларнинг кўп йиллик меҳнати ва ютуқлари эътироф этилди. Фидойи профессор-ўқитувчилари тақдирланди.
Шунингдек, маросим бадиий дастур билан бойитилди. Университетнинг иқтидорли талабалари томонидан куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди. Машҳур санъаткорларнинг чиқишлари эса тадбирга байрамона кайфият бағишлади.
Зулхумор АКБАРОВА
Ҳамкорлик материали








