Пойтахтимиздаги кўп қаватли бинолар деворини турли мавзуларни акс эттирувчи тасвирлар билан безатиш кейинги йилларда оммалашиб боряпти. Тошкент шаҳри Сергели туманида ана шундай деворий суратлардан яна бири пайдо бўлди. Фақат у бошқа расмлардан мутлақо фарқ қилади. Деворий тасвир шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга, ноёб бўёқлари ёрдамида ҳавони тозалаш хусусиятига эга. Халқаро майдонда тан олинган ушбу инновацион технология Ўзбекистонда илк маротаба қўлланилди.
Деворий тасвир Италиянинг “The Blue Planet” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ноёб “Airlite” бўйёқлари ёрдамида чизилган бўлиб, айнан шу бўёқ маълум масофадаги ҳавони тозалаб туради. Технология иши мураккаб қурилмаларга асосланмаган, тозалаш жараёнини бўёқнинг ўзи амалга оширади. Унинг таркибидаги титан диоксиди атмосферадаги ифлослантирувчи зарарли моддалар билан реакцияга киришиб, уларни хавфсиз нитратларга айлантиради. Натижада ҳаводаги зарарли моддалар ва чиқиндиларни сезиларли даражада камайтиради. Буни у қуёш нурлари таъсирида амалга оширади. Бўёқнинг бундай таъсирини худди момоқалдироқдан кейин ҳавонинг манфий зарядланган ионлар билан тозаланиши ёки ўсимликларнинг ҳаводаги карбонат ангидридни ютиб, кислород ажратиб чиқарувчи фотосинтез каби табиий жараёнларга қиёслаш мумкин.
2007 йилда қизиқ тажриба ўтказилган: Рим шаҳридаги энг ифлосланган ҳудудлардан бири — Умберто I туннелини “Airlite” бўёғи билан қоплаш таклиф қилинди. Тажрибадан аввал ва кейин туннелнинг ифлосланиш даражаси ўлчанганида бир ойдан кейинги натижалар туннелдаги зарарли моддалар миқдори 50 фоизга камайганини кўрсатди. 2024 йилдан эса Рим шаҳри ҳокимияти шаҳар биноларида олиб бориладиган хўжалик ишлари давомида “Airlite” бўёқларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Инновацион бўёқ қуёш нурларининг иссиқлик тарқатувчи компонентларини қайтариб, ортиқча қизиб кетишнинг ҳам олдини олади. Унинг бу хусусияти биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда шаҳарларда “иссиқлик ороли” таъсирини камайтириш орқали ҳароратни пасайтиришга ёрдам беради. Мазкур технология 2019 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури томонидан ҳавонинг ифлосланишига қарши ёрдам берадиган тўртта инновацион технология қаторига қўшилиб, энг истиқболли ечимлардан бири сифатида тан олинган. Ноёб бўёқ бешта халқаро патент билан ҳимояланган бўлиб, қатор сертификатларга эга.
— Ҳозирги кунда “Airlite” бўёқлари дунё бўйлаб шаҳар деворий тасвирларидан тортиб, шифохона интерьерларигача кенг қўлланилмоқда. Ҳатто “IKEA”, “Nike”, “Volkswagen” каби машҳур брендлар ўз лойиҳаларида фойдаланяпти. TBC Bank мутахассислари ушбу технология билан танишиб, унинг чиндан самарали эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, ижтимоий лойиҳани юртимизда амалга оширишга қарор қилдик, — дейди маркетинг департаменти катта мутахассиси Соҳиб Ғуломов. — Бунинг учун пойтахтнинг Сергели тумани танлангани ҳам тасодиф эмас. Айни пайтда бу ҳудуд Тошкентнинг энг жадал ривожланаётган, аҳоли зич жойлашган манзилларидан бири бўлиб, лойиҳа орқали кўплаб инсонларни қамраб олиш, одамларга эстетик завқ бериш баробарида, ҳудуд ҳавосини яхшилашга ҳисса қўшиш мақсад қилинган. Деворий тасвирда санъат ва инновацион технологиянинг уйғунлашгани замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини ифодалайди.
Ҳаво учун янгича “фильтр”
Деворий суратда шарқона қиёфадаги қизнинг чинор соясида туриб, тоза ҳаводан эркин нафас олаётгани тасвирланган. Расмдаги ҳар бир тасвир аниқ маънога эга. Умумий кўриниш софлик, мусаффо ҳаво, инсоннинг атроф-муҳит билан уйғунлигини ифодалайди. Алоҳида тасвирлар орқали эса экологик муаммолар тобора мураккаблашиб бораётган бугунги асримизда инсоният атроф-муҳитни асрашга дахлдорлиги, тоза ҳаводан нафас олиш ўз қўлимизда эканини англаш мумкин.
Ушбу ғоя ва деворий сурат маҳаллий рассом Надежда Риқсиева томонидан яратилган. Тошкентда туғилиб ўсган бу ижодкор ҳам ички деворлар интерьери, ҳам ташқи бино фасадларини бўяшда катта тажрибага эга. Проффессионал ва техник маҳорати кўплаб асарларида кўринади. Лойиҳа учун рассомни танлашда шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Қолаверса, Надежда таклиф қилган эскиз ташаббускорларга маъқул келди. Рассом ўзи тасвирлаб берган эркинлик, тоза ҳаво ва табиат уйғунлигини деворий суратда “жонлантирди”.
Шундай қилиб, жорий йилнинг март ойида пойтахтимизнинг Сергели тумани Меҳригиё маҳалласидаги кўп қаватли бино деворида ҳавони тозалайдиган илк тасвир пайдо бўлди. Умумий 250 метр квадрат қопламага эга мурал кунига 50 та автомобилдан чиқадиган зарарли моддаларни нейтраллаб, ҳудуд ҳавосини тозалайди. Мутахассисларнинг айтишича, “Airlite” бўёғининг таъсири унинг ноорганик минерал таркиби туфайли узоқ йиллар давомида сақланиб қолади. Инновацион бўёқ атмосфера таъсири ва ифлосланишига юқори даражада чидамли бўлиб, ҳаводаги зарарли моддалар миқдорини узоқ муддатга камайтиришга ёрдам беради. Суратдаги QR-код орқали эса мазкур деворий тасвир ҳамда бошқа эколойиҳалар ҳақида маълумотлар олиш мумкин.
Девордаги мурал маълум масофагача бўлган жой ҳавосини доимий тозалаб туради. Бу ана шу ҳудуд аҳолиси учун табиий фильтр дегани. Яъни, одамлар деворий суратдан эстетик завқланиш жараёнида тоза ҳаводан ҳам баҳра олади. Буни маҳалла аҳли илк кунларданоқ сеза бошлаган.
— Одамлар ҳаво тозаланаётганини дарров пайқади. Ўзим ҳам биринчи куниёқ тасвир ўрнатилган жойдан 50 метр нарида туриб ҳавонинг ўзгарганини сездим, — дейди “Меҳригиё” МФЙ раиси Дилрабо Абдуллаева. — Маҳалламизда шундай расм чизилиши ҳақида айтилганида, жуда қувониб, қўллаб-қувватлагандим. Чунки бу ерда 6 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, доимий ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари жуда кўп. Улардан ҳар куни қанчадан-қанча заҳарли газлар чиқади. Бу ўз-ўзидан ҳавонинг ёмонлашишига, одамлар тоза бўлмаган ҳаводан нафас олишига сабаб бўляпти. Тўғри, ҳозирги кунда бу кўплаб ҳудудларда мавжуд муаммо. Шу боис, замонавий чора-тадбирларни кўпайтириш, маҳалламизда ўрнатилган деворий тасвир каби инновацион ечимларни кўпроқ қўллаш айни муддао, деб биламан.
Ижтимоий лойиҳа юртимизда жорий — Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил иқтисодиёт” йили доирасида амалга оширилаётган фаол ҳаракатларнинг бир қисми. Қолаверса, ривожланишлар таъсирида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб бораётган шаҳарлар учун янгича ечимлардан бири саналади. Шу боис, лойиҳа давом этиши ва юқоридаги каби экологик деворий тасвирлар, санъат асарлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам пайдо бўлиши тарафдоримиз. Лойиҳага ёш ижодкорлар, ҳаваскор ишқибозларни жалб қилиш орқали, ижтимоий кўламини янада кенгайтириш мумкин.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 02.04.25, 67-сонида чоп этилди)








