Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 11 март 2023 2374

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талабини таъминлаш ва электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш мақсадида:

    1. Энергетика вазирлигининг Тошкент шаҳрининг қўшимча электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун:

    “ACWA Power” (Саудия Арабистони) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт);

    “China Gezhouba Group Investment Company Co. LTD” (Хитой Халқ Республикаси) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида қуввати 700 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт) жорий йил якунига қадар ишга тушириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

    2. Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бир ҳафта муддатда мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли инвесторлар билан инвестиция шартномалари ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимларнинг белгиланган тартибда имзоланишини таъминласин.

    3. Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзметкомбинат” АЖнинг таклифларига асосан қуйидагиларни назарда тутувчи 2023 йилда Тошкент шаҳри электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35–110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

    Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция ҳамда 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш;

    Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Миробод туманларидаги 4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қувватини 179 МВАга ошириш;

    жисмонан эскирган 7,5 км узунликдаги 35 кВ ва 41,7 км узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини замонавий турдаги кабель ва симларга алмаштириш.

    4. Белгилансинки:

    а) Лойиҳа доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ – буюртмачи, “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ – бош лойиҳачи, 1-иловада белгиланган масъуллар – тегишлилиги бўйича бош пудратчи вазифасини амалга оширади.

    Бунда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ масъул бўлган лойиҳаларда бош пудратчи танлов ва тендер савдоларини ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаш орқали аниқланади;

    б) Лойиҳани амалга ошириш учун жами 3,5 трлн сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади, шу жумладан 566 млрд сўм “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖнинг (кейинги ўринларда – Корхоналар) ўз маблағлари, 199 млрд сўм “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ўз маблағлари ҳамда 2,7 трлн сўм “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жалб қиладиган товар кредитлари.

    5. Лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши учун:

    шахсий жавобгарлик энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Д.Исакулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси У. Мустафоев,

    “Навоий КМК” АЖ бошқаруви раиси Қ. Санақулов, “Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси А. Хурсанов, “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Р. Пирматов ва “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Ш. Умурзаков зиммасига юклатилсин;

    Корхоналар мазкур қарорга 1-иловага мувофиқ жами 384 нафар ходимини ҳамда 102 та техникани белгиланган объектларнинг қурилиш-монтаж ишларига бириктирсин.

    6. Энергетика вазирлигининг “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга тегишли электр тармоқлари объектларини (кейинги ўринларда – объектлар) 2-иловага мувофиқ рўйхат бўйича тегишлича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга баланс (қолдиқ) қийматида бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    Бунда, объектлар барча электр қурилмалари, мол-мулклар, уларнинг техник ҳужжатлари, шунингдек, бошқа муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари билан бирга “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини ошириш (камайтириш) ҳисобига ўтказилади ҳамда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

    7. Қуйидагилар:

    2023 – 2025 йилларда Тошкент шаҳрининг паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастурининг (кейинги ўринларда – Дастур) мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

    2023 йилда Тошкент шаҳри туманларининг паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастурининг манзилли рўйхатлари 3.1 – 3.12-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

    Белгилансинки:

    Дастур доирасида жами 2 969,8 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 703 та трансформатор пункти, шу жумладан 2023 йилда 903,3 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пункти янгиланади;

    Дастурнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси У.Мустафоев ва Тошкент шаҳри ҳокими в.б. Б.Рахмонов зиммасига юклатилади.

    8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    а) Дастур доирасида:

    2023 йилда паст кучланишли трансформатор пунктлари ва кабель маҳсулотларини харид қилиш учун Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан “Ўзмиллийбанк” АЖдан 220 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари жалб қилинади ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ учун белгиланган тартибда очиладиган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади;

    Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан жалб қилинган кредит маблағлари 2024 йилдан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тегишли тармоқ жадвалига мувофиқ тўлаб берилади;

    лойиҳалаштириш, экспертиза ва қурилиш-монтаж ишлари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан хўжалик усулида амалга оширилади;

    б) Лойиҳа ва Дастур доирасида:

    лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, ускуналар ва жиҳозларни харид қилиш ва ўрнатиш ишлари “fast track” усулида амалга оширилади. Бунда, қурилиш-монтаж ишлари учун техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилмайди;

    “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” филиали, “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ ва Корхоналарга танлов ва тендер савдоларини ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаш орқали маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва ёрдамчи пудратчилар билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади. Бунда, ушбу шартномалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан ҳужжатлар тақдим этилган санадан эътиборан 10 кун муддатда экспертизадан ўтказилади;

    қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур бўладиган темир-бетон маҳсулотлари ҳамда қўшимча қурилмалар Лойиҳада белгиланган Корхоналар томонидан харид қилинади;

    в) Лойиҳа доирасида:

    Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Лойиҳа доирасида бажариладиган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2023–2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди;

    “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Лойиҳа учун сарфланадиган маблағлар “Республиканинг 0,4 – 110 кВ кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш (3-босқич)” лойиҳаси доирасида қопланади;

    Лойиҳа доирасида харид қилинадиган электр қурилмалари Давлат захираларини бошқариш қўмитаси омборларида сақланади;

    электр қурилмалари учун олинган маблағлар 2024 йилдан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан халқаро ва маҳаллий молия институтларидан жалб қилинадиган маблағлар ва дебитор қарздорликни қисқартириш ҳисобидан қопланади.

    9. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (У. Мустафоев) уч ой муддатда молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаган ҳолда республиканинг бошқа ҳудудларидаги электр тармоқларини ривожлантириш бўйича режаларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    Бунда, қуйидагилар инобатга олинсин:

    шаҳарларда ва йирик аҳоли пунктларида 35/0,4 кВ кучланишли трансформаторлардан фойдаланишни кенгайтириш;

    тармоқларни 10 кВ ва 35 кВ кучланишга ўтказиш орқали 6 кВ кучланишли электр тармоқларини босқичма-босқич эксплуатациядан чиқариш ҳамда 0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларининг узунлигини қисқартириш;

    шаҳарларда ва йирик аҳоли пунктларида 35 кВ ва 110 кВ кучланишли янгидан қуриладиган подстанцияларни ёпиқ турга ўтказиш.

    10. Лойиҳа ва Дастур ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш мақсадида 4-иловага мувофиқ Бош прокурор ўринбосари С.Самадов бошчилигида Ишчи гуруҳ тузилсин.

    Ишчи гуруҳга қуйидаги вазифалар юклатилсин:

    қурилиш-пудрат ишларининг сифатли бажарилиши ва белгиланган муддатларда якунланишини назорат қилиш;

    ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши, қўшимча иқтисод қилиш имкониятларини ишга солиш устидан тизимли назоратни амалга ошириш;

    Лойиҳа доирасида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нархларини таҳлил қилиш, уларни асоссиз равишда оширишга ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритишга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

    назорат тадбирлари доирасида аниқланадиган қонун бузилиши ҳолатларини ва уларнинг келиб чиқишига имкон берувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриш.

    Ишчи гуруҳ ҳар икки ҳафтада Лойиҳа ва Дастур ижроси доирасида амалга оширилган назорат тадбирлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

    11. Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Б.Рахмонов ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси У.Мустафоев белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш. Мирзиёев

    2023 йил 11 март

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates