Маҳорат дарси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) томонидан ташкил этилди.
— Ахборот технологиялари ҳаётимизнинг узвий қисмига айланди ва бугун меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш учун бу йўналишда билимларга эга бўлиш керак. Биз тизимимиздаги мактаб ўқувчилари учун бу каби маҳорат дарсларини ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бу орқали биз болаларга дастурлашни ўрганиш қизиқ бўлишини кўрсатмоқчимиз. Яқин вақт ичида PIIMA тизимидаги мактаблар ўқувчилари яна бошқа маҳорат дарслари ва тренингларида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар, — деди PIIMA директори ўринбосари Амирулла Абдуллаев.
Маҳорат дарсини ўтказиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг ўқитувчилари тренер сифатида жалб этилди.
Тренерлар маҳорат дарсида машҳур “Minecraft” ўйинига асосланган “Heroʻs Journey” (“Qahramon yoʻli”)ни дастурлашни ўргатишга қаратилган дарслардан фойдаланишди. Мазкур дарслар “Microsoft” корпорацияси томонидан яратилган.
“Microsoft” корпорацияси муҳандислари болажонларга информатика асосларини осон ва тушунарли тилда ўрганишлари учун мазкур дастурни тайёрлади. Ундан дарс вақтида, синф соатларида ва уй вазифаларини бажаришларида фойдаланишлари мумкин.
Муаллифлар ижодий ёндашган ҳолда Агентлар, яъни қизиқарли қаҳрамонлар ёрдамида ўқувчиларга дастурлашнинг асосий тушунчалари ва принципларини тақдим этадилар.
Менга маҳорат дарси жуда ёқди. У қизиқарли ўтди ва биз “Minecraft” ёрдамида турли ўйинлар яратдик. Мен дастурлаш бўйича бошланғич билимларга эга бўлдим. Умид қиламанки, бундай тадбирларни ташкил этиш бўйича ишлар давом этади ва биз янги билимлар ва кўникмаларга эга бўламиз, деди Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Фарангиз Абдуқаҳҳорова.









