Жорий йилнинг 20 сентябрь куни, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университетининг Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги қўшма IT факультети — АКИТА «Academy of Korea IT Alliance»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Жанубий Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси, икки давлатнинг 30 га яқин IT соҳа вакиллари ҳамда нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимини Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси конгрессмени Кwон Ёунгжин ўзининг кириш сўзи билан очиб берди. Очилиш маросимида АКИТА директорлар кенгаши раиси Чонг Ок-Раэ, Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев, IT-Парк Ўзбекистон Бош директори Фарҳод Ибрагимов, Корея миллий кенгаши депутати Квон Ёнг Жин ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори Музаффар Жалолов, Сингапур Менежментни ривожлантириш институтининг ректори Илҳом Маматқуловлар сўзга чиқдилар.
Тадбир иштирокчилари «АКИТА»нинг очилиши Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатда инновацион технологияларни ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ юқори даражадаги IT-мутахассисларини тайёрлашда муҳим қадам бўлишини таъкидладилар.